23:30 / 30.07.2023
393

Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар қандай жарималар тўлайди?

Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар қандай жарималар тўлайди?

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун қоидабузарликдан келиб чиқиб қўлланадиган ўнлаб жарималар белгиланган.

Автотранспортни белгиланган тартиблар ва йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан бошқариш бир қанча жарималарга сабаб бўлади.

Хусусан:

  • Белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириш БҲМнинг 1 баравари (330 000 сўм) миқдорида;
  • Белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириш БҲМнинг 5 баравари (1 650 000 сўм) миқдорида;
  • Белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириш БҲМнинг 9 баравари (2 970 000 сўм) миқдорида жарима қўлланилишига сабаб бўлади.

Энг юқори жарималардан бири автотранспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик учун БҲМнинг 25 баравари (8 250 000 сўм) миқдорида жарима белгиланган.

Автомобиль ойнасини техник регламентга мос бўлмаган тартибда, тегишли рухсатномасиз қорайтириш (тонировка)  БҲМнинг 25 баравари (8 250 000 сўм) миқдорида жарима қўлланишига сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг қирқ баравари миқдорида (13 200 000 сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек:

  • Йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш БҲМнинг 15 баравари (4 950 000 сўм) миқдорида;
  • Автотранспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши БҲМнинг 5 баравари (1 650 000 сўм) миқдорида;
  • Автотранспортни бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш БҲМнинг 3 баравари (990 000 сўм) миқдоридаги жаримага сабаб бўлади.

Кодексда яна кўплаб йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарималар белгиланган. Жумладан, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун БҲМнинг 2 баравари (660 000 сўм) миқдорида жарима ёзилади. Темирйўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузганлик учун БҲМнинг 3 баравари (990 000 сўм) миқдорида жарима қўлланилади. Бунда ҳайдовчи транспортни бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача маҳрум қилинади.

Шу билан бирга, йўлларда гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиш БҲМнинг 3 баравари (990 000 сўм) миқдорида, светофорнинг тақиқловчи сигналида тўхташ чизиғини босиб кириш БҲМнинг иккидан бир қисми (165 000 сўм) миқдорида жарима қўллашга сабаб бўлади. Агар ҳайдовчи светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўца, унга нисбатан БҲМнинг 2 баравари (660 000 сўм) миқдорида жарима ёзилади.

Кодексда яна кичикроқ миқдордаги жарималар ҳам кўплаб қоидабузарликлар учун белгилаб қўйилган. Масалан, автомобиль товуш сигналини сабабсиз чалганлик учун БҲМнинг 1 баравари (330 000 сўм) миқдорида, автотранспортни пиёдалар йўлкаларидан юргизганлик учун БҲМнинг иккидан бир қисми (165 000 сўм) миқдорида жарима бор.

Йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслик БҲМнинг иккидан бир қисми (165 000 сўм) миқдорида, автотранспортларни қувиб ўтиш БҲМнинг иккидан бир қисми (165 000 сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади.

Яна бир қоидабузарлик тури йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг автотранспортни бошқаришидир. Бунинг учун ҳайдовчига нисбатан БҲМнинг 1 баравари (330 000 сўм) миқдорида жарима ёзилади.

Шунингдек, ишончномаларни, автотранспортни бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) бошқариш БҲМнинг 1 баравари (330 000 сўм) миқдорида, автотранспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисларисиз бошқариш БҲМнинг 2 баравари (660 000 сўм) миқдорида жаримага тортилишга сабаб бўлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар қандай жарималар тўлайди?