10 сентябрга ўтар кечаси Россияга тегишли 20 дан ортиқ учувчисиз қурилмалар Полша ҳудудига кириб келди. Улардан бир қисми уриб туширилди, қолганларини тутиб олиш мақсадида қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилди. Бу воқеа Украина билан чегарадош шарқий ҳудудда яшовчи аҳолини жиддий ташвишга солди, деб ёзади The Wall Street Journal.
Нашр суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири, Ала Весоловска, шу куни эрталаб нонушта тайёрлаш пайтида уйи устидан пастлаб учиб ўтган дрон товушини эшитганини айтади. «Тўғридан-тўғри бошим устидан, жуда пастда ва қаттиқ шовқин билан учди», – дейди у. Весоловсканинг уйи Украина чегарасидан бор-йўғи 30 километр узоқликда жойлашган.
38 ёшли Катажина Жвигала эса болалари билан Вихалёв қишлоғида яшайди. У шу куни фарзандларини мактабга тайёрлар экан, кучли портлашга ўхшаш товуш эшитган. Кейинроқ бу дрон эканини англаб етибди. «Ўғлим: “Она, уруш бизга ҳам келдими?” деб сўради», – дейди у. Аёл боласини тинчлантиришга ҳаракат қилган, аммо ўзи ҳам шунга ўхшаш ўйларга борганини тан олади.
WSJ таъкидлаганидек, Россия дронларининг Полшага кириб бориши мамлакатда Украинадаги урушга бўлган қарашларда янги босқични бошлади. Полша аллақачон Россиянинг қўпорувчилик ҳаракатлари нишонига айланган эди, бундай операцияларнинг мақсади эса Варшаванинг Киевни қўллаб-қувватлашини сустлаштириш ҳисобланади. Бироқ дронлар ҳужуми эҳтимоли тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув хавфини кучайтираётгани қайд этилди.
13 сентябр, шанба куни Полша қирувчи самолётлари яна ҳавога кўтарилди. Расмий маълумотларга кўра, бу ҳаракатлар профилактик хусусиятга эга бўлган. Шу куни Люблин шаҳри аэропорти вақтинча ёпилди. Кшивовежба қишлоғида яшовчи Эдита ва Томаш Вечереклар эса қаҳва ичаётган вақтда телефонларига «дрон ҳужуми хавфи» ҳақида огоҳлантириш келган. Улар журналистларга ҳукуматнинг аҳолини бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида тушунтирмаганидан норози эканини билдиришди. Эдитага кўра, давлат бу масалада аҳоли учун амалий машғулотлар ташкил қилиши зарур. Унинг қизи эса, дрон парчалари қишлоқдаги уй томига тушганидан сўнг, уйнинг иккинчи қаватида ухлашдан бош тортмоқда.
Аҳоли ҳануз расмий изоҳ кутишда. Улар: «Осмонда нима бўлди? Нима учун самолётлар кўтарилди? Бу хавфли эмасми?» деган саволларга жавоб изламоқда.
WSJ ёзишича, бу воқеа Польша жамиятини икки лагерга бўлиб юборди. Кимлардир украинларга нисбатан ҳамдардлик янада кучайганини айтса, бошқалар Киев Полшани можарога тортаётгани ҳақида фикр билдиришмоқда. Айримлар эса Россия томони тарқатаётган «дронларни украинлар махсус Полшага йўналтирган» деган иддаоларни ҳам такрорлай бошлаган.
Вирики-Воля қишлоғи раҳбари Бернард Блашчук эса, «Дезинформация ҳам ҳақиқий хавфдир. Биз Украина чегарасидан атиги 12 километрда яшаймиз. Шу сабабли НАТО қўшинларини бу ерда кўришни хоҳлардим», – деди. Унинг қишлоғида дрон парчалари уйлардан бирига зарар етказгани ҳам маълум қилинди.
Шундай қилиб, Россия дронлари билан боғлиқ инцидент Полшани янада ҳушёрликка чақирди ва мамлакат хавфсизлик сиёсати юзасидан янги саволларни кун тартибига олиб чиқди.