Ҳиндистон ҳукумати автомобиль саноатида тарихий мақсадни белгилади. Мамлакат яқин беш йил ичида дунёдаги автомобил ишлаб чиқарувчи давлатлар орасида биринчи ўринга чиқишни ният қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат автомобиль транспорти ва йўллари вазири Нитин Гадкари маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу йўлда қийинчиликлар кўп бўлиши табиий, аммо мақсадга эришиш мумкин. «Биз олдимизга катта мақсад қўйдик — Ҳиндистон автомобил саноатини дунёда биринчи рақамли даражага олиб чиқиш. Бу осон эмас, лекин уддалаш мумкин», — деди вазир.
Гадкари таъкидлаганидек, мамлакатда буни амалга ошириш учун етарлича салоҳият мавжуд. Ҳиндистон арзон ва сифатли автомобиль ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ҳолат халқаро сармоядорлар учун жозибадорликни янада оширяпти.
Маълумотларга кўра, Ҳиндистон автомобил саноати ҳажми 2014 йилда 14 триллион рупийни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 22 триллион рупийга етди. Бу ривожланиш сўнгги ўн йил ичида секторнинг қандай жадал суръатларда ўсганини кўрсатади.
Шу билан бирга, мамлакат ҳар йили қазилма ёқилғи импорти учун тахминан 22 триллион рупий сарфламоқда. Бу иқтисодиётга оғирлик қилиш билан бирга атроф-муҳитнинг ифлосланишига ҳам олиб келмоқда. Шу боис, Ҳиндистон ҳукумати электрда юрувчи енгил автомобиллар, автобуслар ва юк машиналари ишлаб чиқаришга катта эътибор қарата бошлади.
Вазирнинг айтишича, литий-ион аккумуляторлари нархи тобора арзонлашмоқда. Вақти келиб, бензин, дизел ва электрда юрувчи транспорт воситалари нархида сезиларли фарқ қолмайди. Бу эса экологик тоза транспорт воситалари бозорини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!