Фото: Forbes
Аввалроқ UzAuto Motors Хитойнинг электромобиллар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи BYD Auto Industry компанияси билан ўзаро ҳамкорлик қилишга келишгани ҳақида хабар берилган эди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқарувчи биринчи корхона қурилиши, шунингдек, савдо тармоғи ва хизмат кўрсатиш марказлари пайдо бўлиши мумкин.
Бу ўзи қандай компания?
BYD — электротранспортлар ишлаб чиқарилиши билан шуғулланувчи дунёдаги энг йирик компаниялардан бири. Компания номи Build Your Dream («Ўз орзунгни ярат») қисқартмасидан келиб чиққан.
Компания ўз фаолиятини 1995 йилда мобил телефонлар учун аккумулятор батареяларини ишлаб чиқариш билан бошлаган.
BYD 2002 йили Tsinchuan Automobile Cо Ltd.ни сотиб олганидан сўнг автомобиллар билан шуғулланишни бошлаган. Биринчи шахсий ишланма F3 модели бўлган эди.
2008 йили компания тўлақонли F3DМ гибрид автомобилини ишлаб чиқаришни бошлади. Худди ўша даврларда дунёнинг энг муваффақиятли инвесторларидан бири бўлмиш Уоррен Баффет компанияга сармоя киритган эди.
2010 йилларда BYD электр транспортлар соҳасида дунёнинг етакчи брендига айланиш режасини эълон қилди. 2016 йили эса компания йилига 500 000 дан ортиқ автомобиль чиқара бошлади.
Фото: Quartz
Ҳозирги кунда BYD NEV автомобиллар (электр тармоғидан қувват олувчи аккумулятор батареясига эга ҳар қандай автомобиль) ишлаб чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради.
Компания заводида оддий енгил автомобиллардан тортиб то премиум даражадаги фургонлар, юк машиналари ва автобуслар каби турли электр транспортларнинг 50 дан ортиқ модели ишлаб чиқарилади.
BYD автомобиллари қанча туради ва қаерда сотилади?
BYD автомобиллари Ўзбекистонда 2020 йилдан буён сотилади. Автомобиллар бу ерга автосалонлар томонидан келтирилиб, Хитойдан етказиб бериш хизматлари воситачи ва бошқа компаниялар томонидан амалга оширилади.
Эълонлар сайтида 100 га яқин таклифлар билан танишиб чиқиш мумкин. Нархлар модель, комплектациялар ва ишлаб чиқарилган йилига қараб 20 000 дан 80 000 долларгача белгиланади.
BYD нинг асосий бозори Хитой давлати бўлиб, у ерда компания маҳаллий Nio ва SAIC, халқаро VW ва Tesla корхоналари билан рақобатлашади. Компания автомобилларини Қозоғистон, Украина, Россия мамлакатларида ҳам сотиб олиш мумкин, бироқ, улар аввал фойдаланилган машиналардир. Компания, шунингдек, Европа, АҚШ ва Жануби-Шарқий бозорларга ҳам фаол кириб бормоқда.
Яқинда BYD жаҳон бозорлари учун ишлаб чиқилган Yuan Plus моделини тақдим этди. Хитойда унинг нархи 141 800 дан – 159 800 юангача (22 400 – 25 500 доллар) бўлаётган вақтда, Ўзбекистонда уни 28 700 долларга таклиф қилишмоқда. Мазкур модель Австралияда Аttо 3 номи билан сотувга чиқарилиб, 44 381 Австралия долларига (тахминан, 31 000 АҚШ доллари) баҳоланмоқда. Яқин кунларда Сингапурда ҳам сотувга чиқариш ишлари режалаштирилган.
BYD Хитойдан бошқа мамлакатларда ҳам автомобиль ишлаб чиқарганми? Ўзбекистонда нима бўлади?
Ҳа. Географик жиҳатдан яқин мисол Россия давлати бўлиб, бу ерда F3 автомобилининг йиғуви 2010 йилда «ТагАЗ» заводида йўлга қўйилган. Нисбатан барқарор талабга қарамай, бир йил ўтиб компания бозордан чиқиб кетган.
Ўзбекистонга келсак, BYD ва UzAuto Motors ҳозирча стратегик ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми (МоU) имзоланди.
Томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича бир неча масалаларни ўрганиб чиқишга келишиб олишди. Натижалар кейинроқ маълум бўлади.
BYD билан ҳамкорлик электромобиль соҳасини ривожлантириш стратегиясига мос келади. Келажакда Ўзбекистон фақат электромобиллар ишлаб чиқаришга ўз эътиборини қаратиши мумкин бўлиб, бу экология ва иқтисодиётга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши кутилмоқда.
Бироқ бошқа фикрлар ҳам ўртага ташланмоқда. Блогер Отабек Бакиров ҳамкорликда электромобилларни ишлаб чиқариш унда кўпроқ хавотир уйғотаётганини таъкидлайди.
Унинг фикрига кўра, Daewoo ва Chevrolet билан бўлган ҳолат такрорланиши – Ўзбекистонда эскирган моделларнинг ишлаб чиқарилиши, проктесионизм орқали харидорлардан танлов эркинлигини тортиб олиш яна кузатилиши мумкин.
Ҳозирда электромобилларни олиб кириш божхона божи тўловларидан озод этилган, бироқ биринчи автомобиль чиқиши билан импорт автомобилларга жорий қилинган «аждарҳоча божлар ва чекловлар» бизни кўп куттирмайди, дейди Бакиров.
У, шунингдек, ишлаб чиқариш йўлга қўйилгандан сўнг электромобиллар баҳоси хориждагидан кўра қимматроқ бўлишини тахмин қилмоқда.
BYD компанияси вакилларининг таъкидлашича, UzAuto Motors билан ҳамкорлик NEV’ни Марказий Осиё ва ундан ташқарида ривожлантириш имконини беради. Бу эса иқлим ўзгариши муаммоларига ечим топишдаги кам углеродли иқтисодиётни тарғиб қилишга ижобий таъсир кўрсатади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хитой космик станциясида тажрибадан ўтган зайтун данаклари Ерда униб чиқди