11:20 / 15.04.2018
5 886

Юлдуз Усмонова: “Самимият ва ростгўйлик доимий ҳамроҳим”

Юлдуз Усмонова: “Самимият ва ростгўйлик доимий ҳамроҳим”
Яхши қўшиқ инсон кўнглига ўзгача ҳаловат бағишлайди. Айниқса, настарин гуллари бўйи ҳавони ва кўнгилларни муаттар айлаган шу кунларда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз УСМОНОВАнинг қўшиқларини тинглашнинг олам-жаҳон завқи бор. Ариқ бўйида хаёл сурган 17 ёшли қизлару, бўтана сувга боқиб ҳаёт ҳақиқатини англаётган ҳикматсевар кўнгиллар, “хаста бўлма” дея ёзғираётган аёл ноласи, ҳар не мушкулотда Яратганнинг синовларига шукур қилаётган мардона юраклар…

“ZO‘R TV” телеканали ва FM 102.7 радиотўлқинлари ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда халқимизнинг севимли хонандаси мухлисларни қизиқтирган кўп саволларга жавоб берди.

“Саҳнага ҳаммага бирдек ёқиш учун чиқмайман!”

“Учрашувларда ва концертларингизда ҳаётимиздаги ва жамиятимиздаги камчиликларни рўйи-рост айтиб, юртдошларимизни зийракликка ва ҳушёрликка чорлайсиз. Ўзингиз кимнинг танқидини тўғри қабул қиласиз?”

Учрашув ташкилотчиси, “Водий садоси” радиоси бошловчиси Феруза Бонунинг ушбу саволига хонанда шундай жавоб берди: “Биласизми, мен ҳар қандай вазиятда ҳақиқатни одамларнинг юзига айтишга одатланганман. Ва бу одатим ҳаммага ҳам ёқавермайди. Саҳнага эса мен ҳаммага бирдек ёқиш учун чиқмайман. Кўп ҳолатларда қўшиқларимдан ўзини топиб олган одамлар менга ғашлари келиб, хафа бўлиб юришади. Инсон асосли танқидни эшитганида ўзидан бир қадам ошиб, ўз камчиликларига халқ назари билан боқиши керак. Ўзимга келадиган бўлсак, мен дастлаб оловланиб кетганим билан, танқид асосли эканлигини англасам, бир оз вақт ўтгач, “Раҳмат, тўғри айтган экансиз!” дея тан оладиган одатим бор. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишни истардим, биз нафақат овқатдан, балки одамлардан ҳам парҳез қила билишимиз керак. Шу боис, ҳамиша самимий ва ростгўй инсонлар суҳбатига интиламан!”

“Ҳаётимнинг ҳар бир онида хизматингда бўлай, халқим!”

“Адойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”, “Дадажон”, “Онам” каби қўшиқларингизни йиғламасдан тинглай олмаймиз. Мана шундай дилбар ва юракка яқин қўшиқлар учун сизга раҳмат. Ойлаб сафарларда юрасиз, тунни кунга улаб қўшиқлар яратасиз, съёмкаларда, тўйларда элимиз кўнглини оласиз, бир неча кунлаб дам олмасдан концертлар берасиз… Шунча куч-қувватни, ғайратни, она юртга, халқимизга бўлган юксак муҳаббатни қаердан оласиз?”

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова тошкентлик мухлиси Маъмура Қаюмованинг ушбу саволига жавоб берар экан, ўз қалбидаги кечинмаларини, ижод жараёни блан боғлиқ мулоҳазаларини шундай баён қилди: “Аввало, менга Аллоҳ ато этган истеъдод ва илҳом онлари учун минг бора шукур қиламан. Қолаверса, мен ҳам сизлар каби оддий инсонман. Менга берилган ғанимат умрни самарали ўтказишга интиламан. Ёш ўтгани сайин ҳамманинг ҳам бели, оёғи оғрийди. Биз тенги баъзи аёллар келин қўлидан чой ичиб, телевизор кўриб ўтишни маъқул кўради. Мен эса ҳамиша ҳаракатда бўлишни истайман. Уйдан ҳадеб кўчага чиқавермаганим билан ҳовлида гул экаман, ер чопаман, қушларимга қарайман. Спорт билан шуғулланаман. Энг асосийси, ўтаётган кунларимга шукур қиламан. Тўғри, ҳаётда мен учун ижод йўли машаққатларга ва синовларга тўла бўлди, бироқ мен ана шу синовларда халқимнинг меҳру муҳаббатига сазовор бўлдим. Йўл қўйган кичиқ бир хатоим учун ҳам катта тўлов тўладим. Ва менга яна қайта ҳаёт берилса, яна шу тақдирни қабул қилган бўлардим. Ҳақиқат рўёбга чиққанида барча қийинчиликлар бир зумда унутилади. Шу боис, ҳар қандай вазиятда ҳам инсон ўзлигини унутмаслиги керак. Аллоҳдан ҳар куни мазмунли умр сўрайман, ҳаётимнинг ҳар бир онида халқимга хизмат қилиш бахтига мушарраф этгин, керакли инсон бўлай, дейман”.

“Набираларим даврасида жуда бахтлиман!”


Савол-жавоблар чоғида севимли хонандамиз ижтимоий тармоқлар орқали мухлислари билдирган фикр-мулоҳазаларга алоҳида вақт ажратишини, мухлислар эътирофи санъаткор учун ҳамиша қадрли эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, қизи Нилуфар Усмонова билан боғлиқ саволларга ҳам тўхталиб, айни кунларда янги набира кутаётгани, қизи Нилуфарни бағрикенг она ва меҳрибон фарзанд сифатида жуда ардоқлашини ҳам айтиб ўтди. Айниқса, Нилуфар кейинги пайтларда Марғилондан бувисини ўз уйига олиб келиб, алоҳида меҳр кўрсатаётганини юксак баҳолади. “Мен ана шундай оқибатли фарзандим борлигидан фахрланаман, набираларим даврасида жуда бахтлиман”, — деди санъаткор ҳаяжон билан.

“Санъаткор фақат шоу қилмасдан, қалб билан ишлаши керак!”

“Биз Самарқанддан уч опа-сингил келганмиз, — деди яна бир мухлис аёл. — Қўшиқларингизда ҳар битта аёлнинг қувончи ва ғамини юракларга етиб борадиган қилиб куйлайсиз. Аёллар қалбини сиз каби тушунадиган шогирдларингиз борми?”

“Саволингиз менга ёқди. Ашула айтадиган эмас, инсон қалбини тушунадиган шогирдларингиз борми, деяпсиз. Баъзи қўшиқчилар кимларгадир ўчакишиб ашула айтади, кимнидир боплаб қўйиш учун куйлайди, лекин асл қўшиқда дард бўлиши керак. Бунинг учун эса санъаткор аввало ўзлигидан, ўз ўтмиши ва камчиликларидан уялмаслиги, мард бўлиши лозим. Шогирдлар ҳақида гап кетганида, аввало, ўз устозларимни айтиб ўтай. Мен ажойиб устозлар дастаси билан ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Муштдайлигимдан қўшиқ айта бошлаганимда марғилондаги устозларим — Зайнобиддин қизиқ, Иброҳим Исҳоқов ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Фахриддин Умаровларнинг дуоларини олганман. Мен саккизта фарзанди бор кўп болали оиланинг фарзанди эдим. Ўз меҳнатим, изланишларим билан йўлимни топишга ҳаракат қилганман. “Биринчи бўламан”, “Ҳаммадан зўр бўламан” деган фикр йўқ эди, лекин мақсадим аниқ, интилишларим қаттиқ эди. Ҳозирги ёшларнинг аксарияти эса тезроқ телевизорга чиқиш ва танилишни истайди. Билим олиш ва ижод завқи деган тушунчалар уларда йўқлигини кўриб, ташвишга тушаман”.

“Шеър танлаш бобида қаттиққўлман!”

“Кўп қўшиқларингиз матнини ўзингиз ёзасиз. Шунинг билан биргаликда шеър танлашдаги қаттиққўллигингиз туфайли шоирлар сиз билан ишлашга ҳайиқиб туришар экан…”

Мухлисларнинг бу эътирофини севимли хонандамиз табассум билан қарши олди ва: “Мана, даврада таниқли қўшиқчи шоирларимиздан бири ўтирибди. Бу саволга жавобни Бобур Бобомуроддан сўраб кўринглар”, — деди.

“Жуда тўғри, Юлдуз Усмонова шеър танлаш бобида жуда талабчан ижодкор. У билан бирга ишлаш машаққатли, бироқ жуда завқли. Мендан кўп мухлислар Юлдуз опа куйлаган қўшиқлардаги аёл дардини қандай ёза олгансиз, деб кўп сўрашади. Бу борада менга ҳамиша санъаткорнинг ўзи ғоя берганини таъкидлаб ўтганман”.

Бобур Бобомуроднинг бу сўзларидан сўнг Юлдуз Усмонова қўшиқчи шоирлар борасидаги ўз мулоҳазаларини ҳам куюнчаклик билан гапириб ўтди: “Мен Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф билан жуда мазза қилиб ишлаганман. Масалан, “Адойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” қўшиғини ёзганимизда, аввало, биргаликда калит сўзларни топганмиз, кейинги мисраларни ҳам ўзаро мулоқот ва фикрлаш орқали давом эттирганмиз. Ўтган йили Бобур Бобомурод ва Лола Собировалар билан ишлаган бўлсам, бу йилги концертда Абдулла Орипов ҳамда Усмон Азим шеърларига мурожаат қилдим. Биласизми, ҳозирги ёш ижодкорлар ёзган шеърларда устозлар шеъриятидаги сирли парда йўқ. Ёшлар яланғоч мисраларга ўралашиб қолишган. Шу боис, устоз шоирларга мурожаат қилишни яхши кўраман”.

“Хаста бўлма, азизим, юрт ишқида бедор бўл!”

Мулоқотлар чоғида санъаткор томонидан ижро этилган қўшиқларни учрашувга келган меҳмонлар биргаликда куйладилар. Севимли қўшиқчиси билан юзма-юз суҳбатлашиш ва унинг жонли ижросидан баҳраманд бўлиш уларнинг қалбларига бир олам завқ ва ҳаяжон бахш этди. Меҳру муҳаббатга тўла юксак қалби ва ижоди билан бугун ўзбек қўшиқчилигида ўз мактабини яратган устоз санъаткорнинг самимий ва ростгўй муносабати, мухлисларига бўлган эҳтироми чиндан ҳам эътирофга лойиқ. Зеро, бу оташин қалб соҳибаси қалбидан яралиб, миллионлаб юракларга кўчиб ўтган қўшиқлар қанотида Она юртимизга бўлган муҳаббатимиз, садоқатимиз, жасоратимиз, орзу ва армонларимиз оҳанглари шу кўҳна олам узра кезиб юрибди!
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА ёзиб олди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Юлдуз Усмонова: “Самимият ва ростгўйлик доимий ҳамроҳим”