21:55 / 08.05.2022
5 797

Разведка маълумотлари: АҚШ нега Украинага ёрдамни кучайтирди?

Разведка маълумотлари: АҚШ нега Украинага ёрдамни кучайтирди?
Украинага кўпроқ артиллерия керак, НАТО етказиб беришга тайёр / Reuters
Уруш бошида АҚШ ва иттифоқчилари Украинага давлатчилигини сақлаб қолиши учун ёрдам берган бўлса, бугун улар Украина урушда ғалаба қозонишига ишонишмоқда. Шу сабаб Украинага энди ғалаба қозониши учун ёрдам беришяпти.

Москванинг ядро қуроли борасидаги дипломатик таҳдидлари кор қилмаган кўринади, чунки аввал Украинага фақат ҳимояланишга имкон берувчи қурол етказилган бўлса, энди ҳужумкор қурол беришга ўтишди. Масалан, уруш бошида Украинага қурол беришдан тийилган Германия танклар етказиб бермоқчи.

Америкалик сиёсатчилар Украинага ҳар қанақасига ёрдам бераётгани ҳақида очиқ гапирмоқда. BBC билан суҳбатда бўлган экспертларнинг фикрича, Ғарб Россиянинг таҳдидларидан чўчимаётган бўлса-да, ҳамон НАТО ва Россия ўртасидаги тўғридан тўғри тўқнашув содир бўлишини истамайди.

«Уруш Ғарб ва Россия ўртасидаги қарама-қаршилик»
АҚШ маҳаллий телеканаллари Россиянинг «Москва» крайсери украин ҳарбийлари томонидан АҚШ разведкаси тақдим этган маълумотлар ёрдамида чўктирилгани ҳақида хабар тарқатди. Кейинроқ Украина россиялик генералларни ҳам АҚШ тақдим этаётган разведка маълумотлари ёрдамида йўқ қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

АҚШ томони Украинага разведка маълумотлари бераётганини яширгани ҳам йўқ. Володимир Зеленский ҳам мамлакат разведкаси ғарблик ҳамкасблари билан биргаликда ишлаётганини айтди. Бундай хабарлар тарқалаётган бир вақтда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда Пентагон раҳбари Ллойд Остин Киевга борди. Америкалик икки юқори лавозимли мансабдор Украина урушда ғалаба қозона олишини айтди. АҚШ қуролли кучлари бирлашган штаби раҳбари Марк Милли ҳам Украина кучли, мустақил ва ҳамма ҳудудини тўлиқ назорат қила оладиган давлат бўлишини исташини айтди.

Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс қироллик Киевга босиб олинган ерларини қайтаришда ёрдам беришини айтди.

BBC билан суҳбатда бўлган Британия қуролли кучлари бирлашган қўмондонлиги собиқ раҳбари сэр Ричард Барронснинг айтишича, НАТОга аъзо давлатларнинг ўзини тутиши чиндан ўзгарган.

«Украинани қўллаш кучайтирилди. Аммо Россия ва НАТО ўртасида уруш чиқармайдиган даражада. Уруш Украина ва Россия ўртасида кечмоқда, тўқнашув эса Ғарб ва Россия ўртасида», дейди BBC билан суҳбатда генерал Барронс.

Уруш бошланишидан аввал АҚШ ва Британия етакчилари Россияни жиддий оқибатлардан огоҳлантирган эди. Бу эса мамлакатга қарши кескин иқтисодий санкциялар ва Украинага Россия босқинини секинлаштириш имконини берадиган мудофаа қуролларини етказиб бериш дегани эди. Сэр Ричард Барронс бундай ёндашувни тўғри деб ҳисоблайди, аммо унинг фикрича, НАТО давлатлари Россия Украинага бостириб кирмаслиги учун етарлича ҳаракат қилмаган, Россия босқинни амалга оширгач эса НАТО давлатлари тўғри ҳаракатларни амалга оширган.

Американинг Javelin русумли танкка қарши ракета мажмуаси билан қуролланган украин аскари. Фото: Getty Images
«Россия армияси муваффақиятсизликка учраганини кўрдик. Бу эса каттароқ мақсадларни кўзлашга имкон беради», деб изоҳлаган генерал Ғарбнинг мудофаа қилувчи қуроллардан ҳужумкор қуроллар беришга ўтганини изоҳлар экан.

Аввалига Украинага танк ҳужуми ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя воситалари берилган бўлса, эндиликда зарбдор учувчисиз қурилмалар, оғир артиллерия, зирҳли техника ва ҳарбий авиация кўринишида ёрдам юбориляпти. Яъни ҳужум қилиш имконини берадиган қуроллар.

АҚШнинг RAND корпорацияси катта илмий ходими Майкл Мазаррнинг фикрича, Вашингтон Украина нафақат ўзини ҳимоя қила олиши, балки урушда ғалаба қозонишига ишона бошлаган. Унинг фикрича, урушнинг траекторияси ўзгарган. Россия Киев атрофидан кетиб, жанубга ва шарққа эътибор бергани пойтахт атрофида катта талафот берганидан далолат.

Аммо ғарблик экспертларнинг фикрича, қурол-яроғ беришни кўпайтиришганининг яна бир сабаби бор – Россия армиясининг ўзини тутиши. Washington Post колумнисти Дэвид Игнатиуснинг айтишича, Мариупол ва Бучада содир бўлган қирғинлар АҚШга жиддий таъсир қилган.

«Демократлар ҳам, республикачилар ҳам Россия босқинидан ғазабга тушган ва бу Байден администрацияси 33 миллиард доллардан иборат ёрдам пакетини сўраши учун қулай фурсат эди», дейди одатда разведка маълумотларидан фойдаланадиган ва яқинда Россия санкциясига учраган журналист Игнатиус.

Агар ушбу ёрдам пакети тасдиқланса, Украина уруш бошлангандан буён АҚШдан олган ёрдами миқдори 46 миллиард долларга етади. Бу Россия 2021 йилдаги ҳарбий бюджетининг учдан икки қисмидан ҳам кўпроқ дегани. Бу пакет тасдиқланиши эҳтимоли юқори. Ҳар икки партия вакиллари ҳам уни қўллашлари ҳақида гапирган, 73 фоиз америкаликлар эса АҚШ Украинага қурол етказиб беришини оқлашини айтган.

Генерал Барронснинг фикрича, оғир қуроллар етказиб берилишининг яна бир сабаби уруш йўналишининг ўзгарганидир. Яъни Донбасс учун урушда кўпроқ оғир қуроллар ва артиллерия керак бўлади.

Ядро таҳдиди
Россия АҚШга Украинага қурол етказиб бераётганидан норози бўлиб, икки марта норозилик нотаси юборди. Уруш бошлангандан буён Путин икки марта ядро қуролини ишлатиши мумкинлигига ишора қилди. Сергей Шойгу эса НАТОнинг Украина ҳудудидаги қурол ташиётган транспортлари йўқ қилинишини айтган. Аммо АҚШ ва иттифоқчилари бу таҳдидларга қарамай, қурол етказиб беришда давом этмоқда.

Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс «Россияни провокация қилмаслик» важи билан қурол етказиб беришдан бош тортаётганларнинг ҳаракатларини қоралади. «Ҳаракатсизликнинг ўзи энг катта провокациядир, бу эҳтиёткорлик эмас», деди Трасс.

Истеъфодаги генерал Барронснинг фикрича, Ғарб Россия армияси кутилганидек жанговар эмаслигини кўргач, ундан қўрқмай қўйди. Унинг фикрича, Россия жуда кўп кучларини Украинада ишлатиб бўлди, шу сабаб рус армияси кучсизланган ва НАТОга ҳужум қиладиган аҳволда эмас.

Ҳозирда украин артиллериячилари Америка гаубицаларидан фойдаланишни ўргатиш учун ўқитилмоқда. Фото: Reuters
Washington Post колумнисти Игнатиуснинг фикрича, Вашингтондаги экспертлар Россиянинг таҳдидларига унчалик жиддий қарамаслик керак деган хулосага келган. Чунки амалда бу таҳдидларда иддао қилинган ҳаракатлар амалга оширилмаган. «Россия ресурсларининг охири кўриниб қолган, можаро кучайса, рус ҳарбийлари чинакам хавф остида қолади», дейди таҳлилчи. Унинг фикрича, Украинани қўллаб-қувватлаш учун АҚШ ва Европанинг ўзида куч етарли.

Апрел ойи ўрталарида АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс Россия Украинага қарши тактик ядро қуроли қўллаши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Бу ҳақда Рамзон Қодиров ҳам гапирган эди. Тактик ядро қуроли жанг майдонида қўлланадиган кичикроқ ҳажмдаги қурол ҳисобланади. Аммо МРБ Россия армиясида ядро қуролини ишлатишга ишора қиладиган ҳаракатлар кузатилмаганини маълум қилганди.

«Ҳа, Россиянинг икки мингта тактик ядро каллаги бор, АҚШникидан ўн баравар кўпроқ. Лекин уларнинг Украинадан ташқарида ишлатилиш эҳтимоли паст. Чунки бу очиқчасига Россиянинг фойдасига ишлайдиган ҳаракат эмас», дейди генерал Барронс.

Унинг фикрича, бундай қуролдан фойдаланиш можаро йўналишини ўзгартирмаслиги мумкин, лекин Иккинчи жаҳон урушидан буён илк марта ядро қуроли ишлатилиши бутун дунёга қўрқинч уйғотади: «Тактик ядро қуроли ишлатилиши Россия учун шунчалик қимматга тушадики, мамлакатдаги бутун бир авлод қоронғиликда ва изоляцияда қолиб кетади», дейди генерал. Унинг айтишича, бундай қуролдан фойдаланиш НАТОнинг бирдамлигига олиб келади.

«Искандер» ракета комплекслари ядро қуролини олиб юриши мумкин. Фото: Getty Images
Осмон ёпилмади
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг кўп марта сўровига қарамай, Байден Украина осмонини ёпиш илтимосига жавоб бермади. Кўплаб мутахассисларнинг фикрича, бу тўғридан тўғри Россия ҳамда НАТО ўртасидаги тўқнашувга олиб келган бўларди. АҚШ эса Россия билан бундай тўқнашувни истамаслиги, Украинага ўз ҳарбийларини юбормаслигини бир неча марта маълум қилди.

RAND корпорацияси катта илмий ходими Майкл Мазарр Вьетнам уруши вақтида СССР Шимолий Вьетнамга тўғридан тўғри АҚШ армиясига қарши ишлатиш учун қурол етказиб берганини эслатган. Ўз навбатида, Россия томони АҚШ Афғонистонга СССР армиясига қарши ишлатиш учун қурол етказиб берган деб ҳисоблайди. Шу сабаб Майкл Мазарр АҚШнинг Украинага катта миқдорда қурол етказиб бераётганини ноодатий ҳолат деб ҳисобламаслик керак деган фикрда. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Разведка маълумотлари: АҚШ нега Украинага ёрдамни кучайтирди?