Фото: Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Киевда россиялик сержант, 21 ёшли Вадим Шишимарин устидан суд жараёни давом этди. Уни Суми областида 62 ёшли тинч аҳоли вакилини ўлдиришда айблашмоқда ва «Уруш қонунлари ва одатларини бузиш» моддаси бўйича суд қилишмоқда. У Украинага босқиндан кейин ҳарбий жиноятлар содир этишда айбланиб, судга тортилган илк россиялик ҳарбийдир.
19 май куни судда Александр Шелиповнинг беваси Катерина, Шишимариннинг ўзи ва айбловнинг икки гувоҳи сўроқ қилинди, гувоҳлар - Шелиповларнинг Чупаховка посёлкасидаги қўшниси ҳамда яна бир россиялик ҳарбий асир Иван Мальтисов. У қотиллик чоғида Шишимариннинг ёнида бўлган.
Шелипов қишлоқда тракторчи бўлиб ишлаган. «Мен унинг ортида ўзимни худди тош девор ортида тургандек ҳис қилардим», дейди судда унинг беваси. Катерина Шелипованинг сўзларига кўра, 28 февралга ўтар кечаси посёлкадан танклар ўтган. У ва эри бу вақтда ертўлада ўтиришган, 28 феврал тонгида эса Александр Шелипов портлашлардан ҳосил бўлган воронкаларни кўриш учун велосипедида айланишга чиқиб кетган. Кўп ўтмай у ўқ овозларини эшитган. Аёл ўз уйи кўча эшигини очган ва енгил автомобилни кўрган, унинг орқа салонида автомат кўтарган Шишимаринни кўрган.
Шелипова эшикни ёпган, яширинган ва автомобил кетишини кутган. Кейин яна кўчага чиққан ва у ерда ётган эрини кўрган, бу вақтда у жон бериб бўлганди. «Мен бақира бошладим. Қаттиқ бақирдим», дея эслайди катта ёшли аёл.
Бева россиялик ҳарбий умрбод қамалишини исташини айтади. Шу билан бирга уни «Азовстал»да асир тушган украин ҳарбийларига алмаштиришга қарши эмаслигини билдирган.
Суми областида ҳарбий ҳаракатлар чоғида ҳалок бўлган Александр Шелиповнинг беваси Катерина Шелипова.
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
«Нега келдинг, кимдан ҳимоя қилиш учун? Мени ўлдирилган эримдан ҳимоя қилмоқчимидинг?» - дея россиялик ҳарбийга юзланади Шелипова.
«Мени кечира олмаслигингизни тан оламан, аммо барибир узр сўрайман», деди судланувчи.
Вадим Шишимарин биринчи суд мажлисидаёқ айбига тўлиқ иқрор бўлганди. Иккинчи суд мажлисида у тинч аҳоли вакилини отишни унга прапоршчик ва машинада бўлган яна бир киши (уни Шишимарин ҳам, иккинчи гувоҳ Мальтисов ҳам «номаълум киши» деб атаган) буюрган.
Шишимарин ва Мальтисовнинг ҳикоя қилишича, улар уч нафар ҳарбий хизматчилар - прапоршчик, катта лейтенант ва «номаълум киши» билан бирга маҳаллий аҳоли вакилидан тортиб олинган автомобилда Россия кучлари позициясигача етиб олишга ҳаракат қилишган. Аввалига йўл бўйида кетаётган Шелиповни прапоршчик ва «номаълум киши» пайқаган. Прапоршчик Шелипов телефон орқали гаплашаётганини кўрган ва Шишимаринга ўт очишни буюрган. Шишимарин сусткашлик қилган ва ўқ узмаган, шундан кейин «номаълум киши» Шишимаринга ўгирилган ва агар отмаса, улар хавф остида қолишини айтиб, бақира бошлаган.
«Мен уни ўлдиришни истамагандим. Мен улар мени тинч қўйишлари учун отдим», деган судда Шишимарин.
Унинг сўзларига кўра, у қисқа ўт очган, Шелиповнинг танасини кўрмаган. Шундан сўнг, гувоҳнинг айтишича, «номаълум киши» Шишимаринни овунтира бошлаган ва биринчи навбатда ўз ҳаётини сақлаш кераклигини айтган.
Суддаги сўроқ чоғида айбловчи томон ҳам, адвокат ҳам Шишимарин ва Мальтисовдан нима учун Шишимарин ўзини буйруқни бажаришга мажбур деб ҳисоблагани ҳақида батафсил сўрашган. Формал жиҳатдан прапоршчик ва номаълум йўловчи сержантнинг бевосита командири бўлмаган. Аммо Мальтисовнинг изоҳлашича, прапоршчик мақоми бўйича каттароқ бўлган, «номаълум киши» эса елкасида ҳеч қандай нишон белгилари бўлмаганига қарамай, «буйруқ оҳангида бақирган».
Уларнинг бешлигидаги энг катта унвон эгаси - катта лейтенант бўлган - у бу вақтда автомобил юкхонасида бўлгани туфайли вазиятга таъсир кўрсатмаган.
«Прапоршчик отиш бўйича буйруқни катта лейтенант билан келишганми?» - дея сўради прокурор.
«Йўқ, у юкхонада эди», - дея жавоб қайтарган Мальтисов.
Суд жараёнидаги гувоҳ, Россия армияси оддий аскари Иван Мальтисов, у украин ҳарбийларига асир тушган
Лариса Калик / Ґрати
Қотилликдан кейиноқ бу ҳарбийлар кетаётган автомобил ўққа тутилган. «Номаълум киши» яраланган (судда эслатиб ўтилишича, у кўп ўтмай ҳалок бўлган), кейинги куни Шишимарин, Мальтисов ва унвони бўйича катта бўлган икки ҳарбий асир тушишга қарор қилишган. Судда кейинги икки ҳарбийни сўроқ қилишнинг имкони йўқ эди - прокуратура хабар қилишича, прапоршчик ва катта лейтенант 13 апрел куни украин ҳарбийларига алмаштирилган.
Суддаги сўроқ чоғида Мальтисовдан ҳарбийлар тинч аҳоли вакили Украина қуролли кучларига хабар етказаётганидан гумон қиладиган вазиятда қандай йўл тутиши кераклиги борасида сўралган. «Отгандан кўра телефонини олиб қўйган яхшироқ», дея жавоб қайтарган асирликдаги россиялик ҳарбий.
Прокуратура Шишимарин пушаймонлиги ва жиноятни очишда ҳамкорлик қилганига қарамай, беванинг фикрига таяниб, у учун умрбод қамоқ жазоси сўраган.
Кейинги суд мажлиси 20 майга белгиланган. Унда ҳимоячи томон чиқиш қилиши кутилмоқда.
Вадим Шишимарин Иркутск областидаги Усть-Илимск шаҳрида туғилган ва Москва областидаги 4-танк Кантемировская дивизиясида отряд командири бўлиб хизмат қилган. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади