15:50 / 21.05.2022
2 278

Ўз-ўзига тиғ урган врач

Ўз-ўзига тиғ урган врач
Жери Нильсеннинг операцияси қўрқинчлироқ эди
1961 йили Антарктидага қилинган 6-экспедиция таркибидаги ёш шифокор ўзини-ўзи операция қилган. Сабаби аён: бу қандайдир тажриба эмас, балки чорасиз вазиятда амалга оширилган амалиёт эди...

Ўша куни ўзида ваҳимали аломатлар пайдо бўлганида (ҳарорати кўтарилиб, кўнгли беҳузур бўлган, ўнг биқинида оғриқ турган) Леонид қандай ҳиссиётларни бошдан кечирганини тасаввур қилинг. У ўзига ўткир кўричак касаллиги ташхисини қўйди. Мазкур ҳолатларда вазиятга мутаассибларча ёндашиб бўлмайди, ҳар бир лаҳза беморнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Экспедицияда тиббий ходимлардан фақат Леонид Рогозовнинг ўзи бор эди. Яқин орадаги бирорта станцияда самолёт йўқ, бўлганида ҳам бундай нохуш ҳавода парвозни амалга оширмаслиги турган гап эди. Мавжуд вазиятдаги яккаю ягона чора ўз-ўзини операция қилиш эди...

Операция 1961 йилнинг 30 апрель кечаси амалга оширилди. Ёш жарроҳга тиббий ускуналарни узатиб турган станция метеорология хизматчилари ва беморнинг қорнига унча катта бўлмаган ойна тутиб, чироқ лампаси ёғдусини йўналтирган муҳандис-механик ёрдам беришди. Станция бошлиғи эса тиббиётга алоқаси бўлмаган ёрдамчилардан бирортасининг мазаси қочса, кўмакка шай бериш учун навбатчи бўлиб турди.

Леонид Рогозов ўзига-ўзи ташхис қўйиб, кейин жарроҳлик амалиётига киришди
Леонид ётган ҳолида аввал новокаин эритмаси билан оғриқни сезмайдиган тарзда этни ўлдирди, сўнг жарроҳ тиғи ёрдамида қовурға билан қорин орасини 12 сантиметр кесди.

Бу ҳақда Рогозов кейинчалик шундай деб ёзган эди:

«Мен ўзимни шу ишдан бошқа ҳеч нимани ўйламасликка мажбур қилдим... Агар ҳушимдан кетиб қолсам, Саша Артемьев менга укол қилиши керак эди – унга шприц бериб, қандай амалга оширишни кўрсатгандим... Бечора ёрдамчилар! Охирги дақиқаларда мен уларга тикилиб қарадим: тиббиётдан узоқ бу кишилар оқ халатда бўлиб, ранглари янада оппоқ эди. Мен ўзим ҳам қўрққан эдим. Шунга қарамай, новокаинли игна билан тери остимга биринчи дори юбордим. Қандайдир ҳолат юз бериб, мен операция жараёнига киришдим ва шу лаҳзадан эътиборан ҳеч нимани сезмадим.

Аммо, ҳатто ойна ёрдамида ҳам кўричакка қадар бориш осон эмас эди. Бу ишни пайпаслаш орқали амалга оширишга тўғри келди. Туйқус хаёлимни нохуш фикр тилиб ўтди: «Мен ўзимга катта жароҳат етказяпман ва буни ҳис этолмаяпман...» Ана шунда мадорсизланиб, юрагим дош беролмай қолди. Ҳар тўрт-беш дақиқада операцияни тўхтатиб, 20-25 сония дам ола бошладим. Ниҳоят, мана у – ярамас кўричакнинг чувалчангсимон ўсиги!..

Кўричакни олиб ташлашдаги энг оғир босқичда мен тушкунликка тушдим, натижада юрагим музлаб, унинг уриши яққол сустлашди, қўлларим эса резинага ўхшаб қолди. Энди нима бўлади, – деб ўйладим, – ахир, бунинг оқибати ёмон тугаши мумкин. Ваҳоланки, мен ўзимнинг кўричагимни олиб ташлашим керак эди, вассалом! Ва, ниҳоят, мен ўзимни халос этганимни ҳис қилдим!
»

1 соату 45 дақиқа давом этган операция ярим тунда тугади. Орадан беш кун ўтиб, ҳарорат меъёрига тушди, яна икки кундан сўнг чоклар олиб ташланди. Операциядан кейин асоратлар сезилмади: ёш шифокор соғайиб кетди.

1962 йилнинг октябрида Антарктида экспедициясидан қайтган Рогозов бир йилдан сўнг клиник ординатурадаги жарроҳлик бўйича ўқишини тугатди. Кейин бутун умри давомида Санкт-Петербургдаги нуфузли шифохонада бўлим бошлиғи бўлиб фаолият кўрсатди.
* * *
Доктор Жерри Нильсен ҳам 1999 йилнинг март ойида худди Рогозов каби қутб станциясида бўлганида ўнг кўкрак безини ўзи олиб ташлаган. Ҳамкасблари интернет орқали видеоалоқада бўлиб, уни қўллаб-қувватлаб туришди.

Замонавий ёндашув доктор Нильсенга кимётерапия курсидан ўтиб, саратонни енгишига ҳам сабаб бўлди.

Ўрта асрларда хатарли жарроҳлик амалиётини қўллаб, ўз ҳаётини қутқарган шифокорлар ҳақида ҳам битиклар бор. Бироқ, уларнинг «ўз тиғи остида» ётишига чорасизлик эмас, балки анатомик қизиқиш сабаб бўлган. Ахир, ўша пайтларда ҳеч бир бемор ўзини операция қилишларига кўнмас эди-да!

Акбар Фатхуллаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўз-ўзига тиғ урган врач