
Одатда йирик ҳарбий можаро ва халқаро санкцияларга дуч келган давлат миллий валютаси кескин равишда қадрсизланиб кетиши керак. Аммо тўлиқ изоляция қилинган рубл нафақат ўз қадрини сақлаб қолди, балки уруш бошланишидан олдинги давр билан таққослаганда, АҚШ долларига нисбатан 27,5 фоизга, еврога нисбатан қарийб 32 фоизга мустаҳкамланди. Бунга сабаб нимада?
Россия-Украина уруши бошланганидан кейинги даврдаги ўта ноаниқ вазият сабаб рубл курси март ойи бошларига келиб кескин даражада қадрсизланиб кетди. Бунга хорижий инвесторларнинг Россиядаги активларини сотиши ва тушган маблағларни долларга алмаштиришга уриниши, маҳаллий аҳоли томонидан инфляциядан ҳимояланиш мақсадида чет эл валютасини харид қилишга бўлган талабнинг ортиши, санкциялар ва захираларнинг салмоқли қисми музлатилгани туфайли Россия Марказий банкининг хорижий валюта таклифини ошириб, курсни барқарорлаштира олмагани каби бир қатор омиллар таъсир ўтказди.
Аммо маълум муддат ўтганидан кейин Россия миллий валютаси мустаҳкамлана бошлади. 10 июн ҳолатига кўра, 1 доллар – 58,3 рублни, 1 евро эса 62 рублни ташкил этмоқда. Таққослаш учун, ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдинги кун, 23 февралда 1 доллар – 80,4 рубл, 1 евро – 90 рубл бўлган. Бугунги кунда рубл курси Россия иқтисодиётининг ҳолатини ўлчашда фойдаланиладиган энг асосий инструментлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, Ғарбнинг даҳшатли санкциялари ўз самарасини бермадими?

23.02. 2022 - 10.06. 2022 давр оралиғида рубл курсининг АҚШ долларига нисбатан ўзгариш динамикаси
Рубл нега мустаҳкамланди?
Биринчидан, уруш бошланганидан бир неча кун ўтиб, Россия Марказий банки фавқулодда равишда асосий фоиз ставкасини 9,5 фоиздан 20 фоизга (ҳозирда Россия МБ асосий ставкаси 9,5 фоизни ташкил қилади) оширди. Бу эса россияликларга ўз пулларини банкларда сақлашга рағбат яратди ва рублдаги депозитларни жозибали қилди. Экспортёрлар учун валюта тушумларининг 80 фоизини мамлакат резидентларига мажбурий сотиш тартиби белгиланди. Хориждаги банклар ва молия ташкилотларида очилган ҳисобрақам ва омонатларга чет эл валютасини ўтказиш тақиқланди. Кредит шартномаси бўйича норезидентларга хориж валютасини ўтказиш ҳам бекор қилинди.
Бундан ташқари, Россия банклари мижозларига ҳисобрақамлардан нақд валюта беришни чеклаб қўйди. Нақд пул ечиб олишда 10 минг долларлик чегара белгиланди.
Умуман олганда, ҳукумат амалда капиталнинг турли банк воситалари орқали хорижга олиб чиқиб кетилиши устидан назорат ўрнатди ва «касалланган» валютанинг қайта тикланиши учун мавжуд бўлган барча ишни амалга оширди.
Кўплаб таҳлилчилар фикрига кўра, Россиянинг ўз валютасини ҳимоя қилиш ҳаракатлари ва капитал назорати рублни «бошқариладиган» валютага айлантириб қўйди.
Иккинчидан, жаҳон бозорида энергия ресурслари нархлари рекорд даражада қимматлашди. Россия умумий экспортининг 63 фоизини эса айнан ёнилғи-энергетика маҳсулотлари ташкил қилади.
Эмбарголар ва санкциялар туфайли экспортнинг умумий ҳажми пасайган бўлса-да, товарлар нархи қимматлашиши бу пасайишнинг ўрнини қоплабгина қолмай, яхшигина даромад ҳам келтирди. Ўз навбатида, Ғарб компанияларининг мамлакатни тарк этиши импорт ҳажми сезиларли даражада камайишига олиб келди. Биргина апрел ойида экспорт ва импорт ўртасидаги профицит рекорд миқдор – 37 млрд долларни ташкил қилган. Қисқача айтганда, экспортдан келадиган даромадлар ошди ва импортнинг хорижий валютага бўлган талаби максимал даражада пасайиб кетди.
Учинчидан, халқаро бозорда рублга нисбатан сунъий талаб юзага келди. Хусусан, Россия газининг «нодўст давлатлар»га экспорти учун тўлов рублда амалга оширилиши маълум қилинди. Бу 50 дан ортиқ мамлакатни Россия ички бозоридан рубл сотиб олишга мажбурлаш эди. Ушбу талабни бажармаган Болгария ва Польшага газ етказиб бериш тўхтатилди.
Дастлаб, Ғарб давлатлари томонидан «газ учун рубл» схемаси тўлиқ рад этилган бўлса-да, кейинчалик рус газининг асосий харидорлари ҳисобланган Италия ва Германиянинг йирик компаниялари тўловларни рублда амалга ошириш учун «Газпромбанк»да ҳисобрақам очгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Тўртинчидан, илгари савдо профицити натижасида юзага келган маблағ халқаро резервларга йўналтирилган бўлса, ҳозирда бу захиралар Ғарб мамлакатлари томонидан музлатиб қўйилган. Шу сабабдан ҳам ички бозорда етарли даражада хорижий валюта таклифи юзага келди.
Бешинчидан, Россия Марказий банки жорий йилнинг 28 мартидан 30 июнига қадар кредит ташкилотларидан сотиб олинадиган 1 грамм олтин учун 5000 рубл миқдорида ўзгармас нарх жорий қилди.
Syz банкнинг инвестиция масалалари бўйича директори Чарлз-Генри Моншаунинг таъкидлашича, олтин савдоси долларда амалга оширилиши сабабли ушбу амалиёт Россия Марказий банкига ўз валютасини олтинга боғлаш ва рублнинг доллар ҳисобидаги минимал нархини белгилаш имконини беради.
«Шу жиҳатдан, рублнинг кейинги кўтарилиши олтин нархини ошириши мумкин. Россия 2014 йил, Қримни аннексия қилганидан кейинги даврда қимматбаҳо металлни жадаллик билан жамғариб келмоқда ва ҳозирда дунёдаги бешинчи энг йирик захирага эга давлат ҳисобланади», дейди мутахассис.
Рублнинг «истиқболи» қандай бўлади?
Уруш билан боғлиқ мисли кўрилмаган ноаниқлик шароитида валюта курси қандай бўлишини прогноз қилиш қийин. Мутахассислар фикрича, кучли рубл Россия билан савдо қилишда давом этаётган мамлакатлардан импорт қилишни арзонлаштиради ва қисман санкциялар таъсирини юмшатади. Шунингдек, барқарор валюта курси инфляцияни назорат қилиш ва инфляцион кутилмалар ўсишини чеклаш имконини беради.
Ғарб давлатлари жорий йил охиригача Россиядан газ импортини учдан икки қисмга қисқартиришни режалаштирмоқда. Урушгача бўлган даврда Россия экспорт қилаётган газнинг 70 фоизи Европа мамлакатлари ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, ЕИ Россия нефтига нисбатан қисман эмбарго жорий қилди ва 2022 йил охиригача Россиядан нефт олишни 90 фоизгача камайтирмоқчи. Россия бюджетининг ярми айнан нефт ва газ савдосидан тўлдирилишини инобатга оладиган бўлсак, энергия ресурслари учун бошқа потенциал харидорларни топиш қийин бўлиши мумкин. Европага газ Ғарбий Сибирдан экспорт қилинади ва ушбу конлар ва Осиё мамлакатлари ўртасида газ ўтказгичлар уланмаган. Экспорт қисқариши эса вақт ўтиши билан Россия бозорига кириб келаётган валюта оқимини сезиларли даражада камайтиради.
Шунингдек, Европа мамлакатларининг Россияга нисбатан қарамлиги қанчалик камайса, уларнинг босими ҳам ортиб бораверади. Агар Россия компанияларининг хориждаги ҳисоблари музлатиб қўйиладиган бўлса, бу ички бозордаги чет эл валютаси таклифи сезиларли даражада қисқаришига ва рубл курси пасайишига олиб келади. Улар давлат ёрдамисиз хорижий валютадаги депозитлар бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмайди.
Баъзи мутахассислар томонидан айтилаётганидек, рубл курси сунъий равишда ушлаб турилган бўлса, бу мамлакатдаги экспортчилар учун ҳам зарарли ҳисобланади. Ушбу омил уларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлигига таъсир ўтказади ва Россиядан маҳсулот импорт қилиш қимматлашишига олиб келади.
Бундан ташқари, санкцияларнинг бир қисмини бекор қилиш бўйича музокаралар ижобий кўриниш олса ҳам, истиқболда Россия бозорига импортнинг ортиши нуқтайи назаридан рубл курси қадрсизлана бошлаши мумкин.
Россия Марказий банки билан суҳбатлашган экспертлар 2022 йилдан 2024 йилгача долларнинг ўртача курси ҳар йили 5 рублга ўсиши, жорий йил якуни бўйича эса 1 доллар ўртача 75 рублни ташкил этишини прогноз қилишган.
Маълумот учун, жорий йил бошидан бери ўзбек сўмига нисбатан ҳам Россия рубли қарийб 25 фоизга мустаҳкамланди. 2022 йилнинг 5 январ ҳолати кўра, 1 рубл 144,6 сўмни ташкил этган бўлса, 10 июн ҳолатига кўра, 1 рубл 190,3 сўмгача мустаҳкамланган. 24 феврал куни 1 рубл 136,4 сўмни ташкил қилганди.
Достон Аҳроров тайёрлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар