
Европа трансфер бозори яна қизий бошлади. Бу сафар мадридликлар диққат марказида Англия Премьер-лигасидаги ёш истеъдод — Адам Уортон турибди. “El Nacional”нинг ёзишича, “Реал” Мадрид бош мураббийи Хаби Алонсо 21 ёшли ярим ҳимоячини жамоага келаси мавсумда қўшиб олиш ниятида.
Алонсо Уортонда жамоанинг келажакдаги таянч устунини кўрмоқда. Унинг фикрича, англиялик футболчи услуби ва интеллектуал ўйин услуби жиҳатидан Тони Кроосга жуда ўхшайди. Шу сабабли, испаниялик мутахассис унинг трансфери бўйича клуб раҳбариятига аниқ тавсия берган.
Маълумотларга кўра, “Реал” “Кристал Пэлас”га 60 миллион евро атрофида таклиф тақдим этишга тайёр. Мадрид клуби учун бу ёш ва истиқболли футболчига нисбатан оддий нарх ҳисобланади. Испаниядаги мухлислар ҳам Алонсо танловини ижобий қабул қилмоқда, чунки у трансферда деярли хатоликка йўл қўймайдиган мураббий сифатида танилган.
Адам Уортон жорий мавсумда Премьер-лигада жамоаси учун муҳим ўрин тутаяпти. У 13 та учрашувда майдонга тушди ва битта самарали узатма амалга оширди. Аммо унинг асосий кучли томони рақиб босимидаги осойишта ҳаракатлари ва узоқ пасларнинг аниқлиги бўлиб, айнан шу жиҳатлар уни “Реал” тизимига мослаштиришни осонлаштиради.
“Кристал Пэлас” клуби ҳозирча расмий изоҳ бермади, бироқ улар Уортонни сотиш учун жуда юқори нарх талаб қилиши мумкин. Футболчининг шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади, бу эса “Реал”ни мураккаб музокараларга тайёр бўлишга мажбур этади.
“Transfermarkt” маълумотларига кўра, Уортоннинг бозор қиймати айнан 60 миллион еврога тенг, яъни “Реал” уни тўлиқ баҳолаган ҳолда олишга тайёр. Агар бу келишув амалга ошса, мадридликлар кейинги ўн йиллик учун янги ярим ҳимоя устунини топган бўлади.
Алонсо шогирдларига хос бўлган сабр, техник тафаккур ва аниқ паслар мадрид жамоасининг келгуси услубига тўлиқ мос келади. Шундай экан, агар Уортон “Бернабеу”га йўл олса, у фақат Крооснинг вориси эмас, балки янги бир мадрид афсонасининг бошланишига айланиши ҳам мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!