00:20 / 24.07.2022
3 359

«Зулм технологияси»: Гитлер ва Сталиннинг ўхшаш томонлари

«Зулм технологияси»: Гитлер ва Сталиннинг ўхшаш томонлари
1985 йил 8 май куни фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 40 йиллиги муносабати билан қилган маърузасида Михаил Горбачев ғалабани Сталин ва совет тузуми билан боғлади. Ҳолбуки, бу ғалаба – миллионлаб қурбонлар берган халқнинг ғалабасидир. Сталин ва совет сиёсий тузуми эса бу урушнинг сабабчиси ва ғалабанинг ҳаддан зиёд кўп қурбонлар эвазига келганининг айбдоридир.

КПССнинг Бош котиби ўша маърузасида урушнинг сабабчиси бўлган муҳим ҳужжат - 1939 йил 23 августда СССР ва Олмония ўртасида тузилган «Риббентроп-Молотов пакти» ҳақида лом-лим демади. Кейинчалик Октябр тўнтаришининг 70 йиллиги муносабати билан у Сталиннинг сохта тахминини такрорлади: гўё ғарб давлатлари СССР билан битим тузишни хоҳламаганлари, бунинг устига Олмонияни СССР билан уриштиришга уринганлари туфайли Сталин Гитлер билан битим тузган эмиш.

Мана, унинг сўзлари: «Ғарб давлатларининг мўлжали шундай: СССРни иттифоқчилик ваъдаси билан чалғитиб, ҳужум қилмаслик ҳақидаги битимнинг имзоланишига қаршилик қилиш, бизни гитлерчилар Олмониясининг муқаррар ҳужумига дуруст тайёрланиш имкониятидан маҳрум этиш эди». Урушга қай тарзда «дуруст тайёрланганмиз»ни айтмай қўя қолайлик. Фашистлар ҳужумининг кутилмаганлигидан раҳбарларимиз гангиб қолгани, урушнинг ибтидосидаёқ аскарларимизнинг 80 фоизи асир тушганини эсласак, «дуруст тайёргарлик» қандай бўлгани ойдинлашади.

Горбачев ва бу маърузанинг муаллифларидан шуни сўраш лозим: хўш, ғарб давлатларига нега Олмония ростдан ҳам СССРга ҳужум қилганда Гитлерга ёрдам бермадилар ёки бетараф бўлиб турмадилар, аксинча, Совет Иттифоқи томонда турдилар?! Гап шундаки, агар Москва демократик ғарб билан шартнома тузса, Гитлер СССРга ҳужум қилишга журъат эта олмас эди, шунинг баробарида Сталин ҳам ўз қизил империясини Болтиқбўйи мамлакатлари, Буковина, Бессарабия ҳисобига кенгайтиролмасди. Шунинг учун Сталин 1939 йилда - уруш олдидан Гитлер билан разил мақсадлар йўлида битим тузди. Кўр кўрни қоронғуда топди.

Гитлер ва Сталин. Бу икки шахснинг бир-бирига ўхшашлиги кўп. Нацизм ва коммунизм - фашизмнинг турларидир. Бири ирқий фашизм бўлса, иккинчиси синфий фашизм демакдир. Гитлер Сталинни ғойибдан ҳам устоз ҳисоблаб келарди. У коммунофашист Коба Жугашвили – Сталинни ҳурмат қиларди. Маълумотларга мурожаат қилайлик: уруш йилларида Адольф Гитлер қўмондонлигида «Волфсшантсе» («Бўри уяси») аталадиган Шарқий Прусиядаги Растенбург шаҳри яқинидаги фюрер қароргоҳида стенографистлик хизматини қилган немис Генри Пикер «Гитлернинг столусти суҳбатлари» китобида «учинчи рейх фюрерининг нутқларини келтиради.

Мана, айрим иқтибослар: «Сталинни яҳудийларни санъатга йўлатмагани учун ҳам қадрласа арзийди» (23 март, 1942 йил). «Салтанатни фақат куч билан тиклаш ва сақлаб туриш мумкин (Гитлер қанчалар сталинона фикрламоқда. – К.Б.)… Сталин ҳам ўрисларни жипслаштириш учун қатъий интизом ва кучли давлат шарт, деган хулосага келган» (11 апрел, 1942 йил). «Сталинга ҳам, шубҳасиз, етарли даражада ҳурмат билан қарамоқ жоиз. У ўзига хос даҳодир. Унинг идеали Чингизхон ва унга баробар кишилардир» (22 июл, 1942 йил). «Черчил – шоқол бўлса, Сталин – йўлбарс» (27 июл, 1942 йил). Кўриниб турибдики, Гитлер Сталиннинг ҳурматини жойига қўйиб гапиради. Айни пайтда Гитлер бу гапларни СССР ва Олмония аёвсиз урушаётган бир пайтда айтмоқда.

На Гитлер, на Сталин ижтимоий келиб чиқиши жиҳатдан ҳукмрон синфнинг вакиллари эмасди. Улар туғилган пайтда Сталиндай бир этикдўздан ёки Гитлер каби хуштордан туғилган тайинсиздан ҳукмдор чиқишига ҳеч ким ишонмаган бўларди. Уларнинг ҳокимият тепасига келиши Биринчи жаҳон урушидан сўнг, дунёдаги мавжуд тартиб ўзгарган даврда, Россия империяси қулаган, Россияда ҳам, Олмонияда ҳам марказий ҳокимият инқирозга учраган ҳолатда юз берди. Уларни ХХ-асрнинг ҳали ўшанда моҳияти англаб етилмаган, аср бошида машҳур бўлган сиёсий назариялар шакллантирди ва ҳокимиятга олиб чиқди.

Сталин марксизмни байроқ этиб, ҳокимиятга талпинган бўлса, Гитлер социал-дарвинизм ва ирқчиликни ниқоб қилиб олди. Марксизм-ленинизм ва социал-дарвинизм аср бошида кўпларга янги дунёвий тартибнинг рамзи бўлиб туюлганди, бир аср давомида улар миллионлаб халқларнинг ҳаётига зомин бўлди, бу Гитлер ва Сталин каби қонхўрларга қўл келган назарияларнинг фашистона моҳияти ХХ-асрнинг охирига келиб қонга йўғрилган тажрибаларда аён бўлди.

Адольф Гитлернинг шарқий кенгликларни забт этишга чоғланган дунёқараши моҳиятига кўра Сталин ва большавойлар сиёсатига ҳамоҳангдир. Фюрер нутқларининг стенографик ёзувларини халқимиз КПСС ҳукмронлигида бошидан кечирган фожеалар билан таққосласак, икки «даҳо» – Сталин ва Гитлернинг руҳан муштараклигини кўрамиз, улар қурган тузумлар ўхшашлигидан ҳайратланамиз.

Мана, Гитлернинг сўзлари: «Йилда бир марта қолоқ халқларнинг вакилларини империя пойтахтидан қатор қилиб ўтказамиз, токи улар шаҳарнинг ҳайбатли тош қалъаларини кўриб, қудратимизни сезиб турсинлар» (8-9.09.1941 йил). Гитлернинг бу фикри бизга ҳар йили Московнинг Қизил Майдонида ўтказилган парадларни, танклар, тўплар ва ракеталар намойишини эслатмайдими?!

Гитлер айтади: «Агар мен озод мамлакатни босиб олиб, унга эрк берсам, бундан маъни борми?! Қон тўкиб халқларни енгган кишининг улар устидан ҳокимлик қилишга ҳам ҳаққи бор» (03.03.1942 йил). Иккинчи Жаҳон уруши охирида Оврўпо давлатларини босиб олган Советлар Иттифоқи уларга озодлик бериш, халқлар танлаган тузумни тиклаш ўрнига барча босиб олган ерларида куч билан «социализм»ни ўрнатди, уларни «Иқтисодий Ҳамкорлик Кенгаши» ва «Варшава шартномаси» доирасида ушлаб турди, дунёга чиқишларига йўл бермади. Бу Гитлернинг «қон тўкканнинг ҳаққи» ҳақидаги йўриғига жуда мос келади!

Гитлер айтади: «Салтанатнинг шарқдаги мустамлака халқларини бошқариш манфаатларига кўра бизнинг асосий йўлимиз улардаги шахсий қолоқликни, тарқоқликни қўллаб-қувватлаш, давлат бўлиб уюшишларига йўл қўймаслик, натижада бу миллатлар аҳолисини маданий қолоқ ҳолатда сақламоқдир» (11.04.1942 йил). Халқимизнинг тарихий ёдгорликлари советлар даврида вайрон этилиши, буюк аждодларимизнинг меросларидан маҳрум қилинганимиз, имон-эътиқодимизнинг қувғин қилинишини ёдимизга келтирсак, фьюрернинг «мустмлака халқлар аҳолисини… маданий қолоқ ҳолатда сақлаш» сиёсати советлар миллий сиёсатининг асосида ётганига ишончимиз комил бўлади.

Улар бир ғоянинг икки қули: Гитлер – «назариётчиси», Сталин – «амалиётчиси» эдилар. Мана, Гитлернинг йўриғи: «Ҳар қандай ҳолатда қанчадир каттароқ ҳудудлар учун ягона черкову масжидлар қуришни ман қилиш керак… Бу маконларни майда бирликларга бўлиб юборувчи сабабларни қўллаб-қувватламоқ керак» (11.04.1942 йил).

Буюк Туркистоннинг икки аср мобайнида аввал хонликларга, кейин Ўзбекистон, Қозоғистон Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон (СССР), Шарқий Туркистон (Хитой), Жанубий Туркистон (Афғонистон) этиб бўлиб юборилганлиги, масжидлари вайрон қилинганини эслайлик ва бу ҳаракатларни фашистлар фьюрерининг юқоридаги йўриғи билан солиштирайлик – советлар ҳамиша фашистларча сиёсат юргизганларига шубҳа қолмайди.

Гитлер совет салтанати каби босиб олинган ҳудудлардаги халқларнинг саводли бўлишидан қўрқар эди: «Зеро бундай савод уларнинг қобилиятлироқларига тарих соҳасида муайян билимларни олиш ва, натижада, сиёсий хусусиятга эга бўлган хулосаларга келиш имконини беради, бу хулосаларнинг тиғи муқаррар бизга қарши йўналтирилади… Фақат мусиқа ва яна мусиқа эшиттириш керак. Камроқ ўйласинлар. Кўпроқ рақсга тушсинлар» (11.04.1942 йил). Умуман, халқни томошалар билан, енгил-елпи намойишкорлик билан овутиш авторитар тузумларнинг севимли усулидир.

Гитлер айтади: «Немис бўлмаган аҳолининг юксак маърифатга эришувига ҳеч қачон йўл қўймаслик керак» (22.07.1942 йил). Совет давлати бизнинг имломизни бир неча марта ўзгартирди, энди саводимиз чиқай деганда яна янги алифбо киритиларди. Тарихимиз бузиб талқин этилди, совет тузуми ўз фойдасига ҳал килиб ишлатишга етарли даражадагина илм берди, мактабларда бўйнимизга қизил бўйинбоғ тақтириб, қотиб қолган догмаларни ўргатди.

Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистон каби барча миллий жумҳуриятлардаги маҳаллий халқлар вакилларидан ҳарбий мутахассислар деярли тайёрланмади. Зеро, Адольф Гитлер шундай эътироф қилади: «Тарих шуни ўргатадики, барча ҳукмрон халқлар босиб олинган халқларга қурол-яроққа етишиш имконини берганлари учун ҳалокатга учраганлар» (11.04.1942 йил). Ёки яқин-яқингача «оилани режалаштириш» ниқоби остида Ўзбекистонда аёлларни пуштсиз қилиш, бола туғмайдиган этишдан иборат фашистона сиёсатини эслайлик.

СССРнинг сўнгги кунларида ҳам Совет Иттифоқи Соғлиқни сақлаш министри туғишни олдини оладиган препаратларни бепул тарқатиш ҳақидаги буйруғини Ўзбекистонга жўнатганди. Бизнинг вазирлигимиз эса бу буйруқ асосида кенгайтирилган дастур ишлаб чиққанди. Ўрис олими А.Бестужев-Лада «Неделя» газетасида советлар мамлакатида юзага келган икки хил демографик вазиятдан ташвишланиб, СССРнинг аҳоли тез кўпайиб бораётган «Осиё» қисмида – туғишнинг «зарари»ни, туғиш камайган «Оврўпо» қисмида кўпроқ туғишни тарғиб қилишни таклиф қилган эди.

«Икки хил демографик вазият икки хил сиёсат юргизишни талаб қилади», - деб ёзган эди у. Худди шундай «икки хил», яъни иккиюзламачи сиёсат юргизилди. Хўш, коммунистлар эътироф этгандай, «СССРда ҳамма тенг ҳуқуқли» бўлса, «миллатидан, ирқидан, динидан қатъи назар» Совет Иттифоқи «барчанинг Ватани» бўлса, нега бир миллатнинг кўпайишидан ташвишга тушиш керак?! Бу ниқобланган фашизм демакдир. Ниқоб шуки, аёллар заиф экан, камқон, хаста экан, шунинг учун кам туғиши керак эмиш…

Во дариғ, туғишни эмас, касалликни камайтириш керак! Экологик вазиятни соғломлаштириш лозим, далаларда деҳқонлар устидан заҳарли кимёвий дориларни сепмаслик шарт, тиббиётнинг аҳволини, табибларнинг малакасини кўтариш керак, халқнинг турмуш даражасини ошириш даркор. Касалликни камайтиришнинг йўли одамларнинг ўзини камайтириб қўя қолиш экан-да?!

Бу ҳаракатларнинг замирида фашистона ғоялар ётади. Мана, Гитлернинг сўзлари: «Демак, булар… бунчалар тез кўпаймасалар эди, бундай ҳолат бизга фойдали бўларди… Шунинг учун туғишга қарши воситаларни сотишни кенг йўлга қўйиш лозим, чунки немислардан бошқа халқнинг кўпайишидан биз манфаатдор эмасмиз» (22.07.1942 йил).

Гитлер империячи, яъни рейхсфюрер сифатида Сталинни эътироф этиши табиий. Зеро, айнан Сталин ададсиз куч ва зулм билан Лениннинг 1917 йилги Октябр тўнтариши оқибатида парчаланиб кетган империяни қон тўкиб қайта тиклаган кимсадир.

«Инқилоб» деб аталган тўнтариш амалга ошганидан сўнг, Ленин «халқлар маҳбусхонаси» деб атаган Россиядан бирин-кетин «маҳбуслар» – мустамлака халқлар қоча бошладилар: поляклар, финлар, болтиқликлар, кафказликлар, туркистонликлар, татарлар большавойлардан мустақиллик талаб қилдилар. Қолаверса, бу халқларнинг аксарияти чоризмни енгиб, унинг зулмидан халос бўлмоқ умиди билан инқилобда қатнашган эдилар.

Оқибатда эса, чоризмни ағдариб ташлаган эллар большевизм зулми остида қолдилар. Сталинни бежиз «халқлар отаси» деб аташмаган: у эрк истаган «фарзанд»ларини Қизил Армиянинг милтиқ ва пичоқлари ёрдамида «ота» империяси остига қайтарди, кейинчалик шарқий Оврўпо халқларини, шу жумладан, парчаланган Австрия-Венгрия империясининг халқларини ҳам милтиқ ўқталиб «социалистик хонадони»га ҳайдаб киргизди.

Бу халқлар озодлик истакларидан бир лаҳза ҳам кечмадилар. «Қайта қуриш» кетидан келган озодликни барча «социалистик» мустамлакалар қувонч билан қарши олдилар. Большавойларнинг қулдорлик тузумидан манфаат кўрган айрим собиқ амалдорлар, баъзи соддадил фахрийлар ҳали-ҳануз «халқлар отаси»нинг қамчисини қўмсаб, суратини асраб юрадилар. Аммо ақлини таниган халқлар бугун большевизм, нацизм, социализм, фундаментализм, тоталитаризм каби номи бошқа-бошқа, маъноси эса битта, яъни фашистона зўравонлик бўлган тузумларнинг моҳиятини англаб етмоқдалар.

(давоми бор)
Карим Баҳриев

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Зулм технологияси»: Гитлер ва Сталиннинг ўхшаш томонлари