08:00 / 12.08.2022
1 621

Электрон қисмлар келиши тўхтаса, Россия қуроллари умидсиз равишда эскириб боради

Электрон қисмлар келиши тўхтаса, Россия қуроллари умидсиз равишда эскириб боради
Фото: Россия Мудофаа вазирлиги / ТАСС
Британиялик экспертлар Россия Украинада қўллаган қуролларни ўрганишди. Ундан 450 турдаги хорижий қисмлар топилди. Улардан баъзилари катта эҳтимол билан санкцияларни четлаб ўтиб, Россияга етиб борган.

Россия Украина билан урушда асосан хорижий компонентлардан иборат қуроллардан фойдаланмоқда. Чунки, уларсиз рус қуроллари бир уюм темир-терсакка айланади. Компонентларнинг бир қисми санкцияларни четлаб ўтиб, Россияга олиб кирилган бўлиши мумкин, дейилади Британиянинг Мудофаа тадқиқот институти (RUSI) ҳисоботида.

RUSI Украинада қўлланган ва Украина армияси томонидан қўлга олинган 27 турдаги замонавий рус қуролларининг намуналарини ўрганди. Улар орасида қанотли ракеталар, алоқа тизимлари ва радиоэлектроника мажмуалари бор.

Мутахассислар қуролларни бўлакларга ажратиб, барча қисмларини, жумладан микроэлектроникани ҳам рўйхатга олиб, таснифлаб чиқишди. Компонентларнинг таърифи ва серия рақамлари импорт-экспорт бўйича маълумотлар, Россия давлат харидлари, шунингдек, ҳарбий қуролларнинг дислокацияси ҳақидаги разведка маълумотлари билан таққосланди. Натижада, мутахассислар ушбу намуналарда АҚШ, Европа ва Шарқий Осиёда ишлаб чиқарилган камида 450 турдаги импорт қисмларини аниқлади.

«Россия ҳарбий ҳаракатлари кўп жиҳатдан разведка зарбасига боғлиқ: нишонни топиш, сўнгра уларни ўққа тутиш. Биз бу занжирнинг деярли ҳар бир қисми хорижий компонентларга боғлиқ эканини аниқладик», дейди RUSI катта илмий ходими ва ҳисобот муаллифларидан бири Жек Уотлинг.

Ғарбда ишлаб чиқарилган муҳим компонентлар бўлмаганида, Россия 2014 йилда ва ҳозирда Украинадаги урушни давом эттира олмасди. Оддий мисол: дастлаб, Россия ҳарбийлари «Орлан-10» дрони ёрдамида нишонни аниқлашади. Сўнгра координаталар «Акведук» радиоалоқа мажмуаси ёрдамида узатилади. Кейин «Торнадо-С» тизими орқали нишонга ракета учирилади.

Россиянинг «Орлан-10» дронлари саноқли дақиқалар ичида рақиб позицияларига артиллерия зарбалари йўналтириши мумкин. Фото: EPA
RUSI мутахассислари «Орлан-10» дронида япон двигатели, Швейцария компаниясининг микроконтроллери асосидаги бошқарув тизими ва Америка ускуналари ўрнатилган камера учун мўлжалланган қисмни топишди. «Акведук» мажмуасида 10 дан ортиқ хорижий компонентлар бор. «Торнадо-С» ракетасининг муҳим навигация элементлари Америка компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган.

Шунингдек, Россиянинг 9М727 ва Х-101 қанотли ракеталарида ҳам Американинг йирик заводларида ишлаб чиқарилган 30 дан ортиқ компонент борлиги аниқланган. Умуман олганда, Россия қуролларида топилган 450 та хорижий компонентнинг 70 фоизи АҚШ компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган.

Қайд этилишича, Россияда импорт қилинган компонентларнинг муқобили йўқ. Чунки ҳарбий техникаларда хорижий эҳтиёт қисмлардан фойдаланиш учун Россия компаниялари Мудофаа вазирлигига маҳаллий аналоглар йўқлигини исботлаши керак.

Рус қуролларидаги баъзи хорижий қисмлар 1980-йилларда ишлаб чиқарилган бўлса, баъзилари нисбатан яқинда заводдан чиққан. Масалан, «Калибр» ракеталари қисмлари 2018-2019-йилларда, яъни, Ғарб давлатлари Россияга санкциялар киритганидан кейинги 4 йил ичида ишлаб чиқарилган.

Россия қуролларида топилган баъзи компонентлар қатъий экспорт назоратидан ўтиши лозим эди. Демак, RUSI экспертлари фикрига кўра, улар Россияга санкцияларни четлаб ўтган ҳолда етиб борган ёки учинчи мамлакатлар ёрдамида, воситачи «жиноий гуруҳлар» орқали олинган. Қайд этиш жоизки, аниқланган компонентларнинг баъзилари тинч мақсадларда ҳам ишлатилади. Шу сабабли, уларга нисбатан экспорт чекловлари қўлланмайди.

RUSI мутахассислари ойлар давомида Украина шаҳарларида қолган Россия қуролларини ўрганиб келишади. Фото: Reuters
Россия Украинага бостириб киргач, Ғарб давлатлари Россияга юқори технологиялар экспортини тақиқлади, технология компаниялари эса қисмлар етказиб берилиши тўхтатилганини эълон қилди. Аммо шунга қарамай, уруш бошидан май ойи охирига қадар Россияга Ғарб электрон компонентларининг 15 мингдан ортиғи етказилган, дейилади RUSI ва Reuters агентлигининг қўшма хулосасида.

Ишлаб чиқарувчилар буни Украинага босқин бошланган пайтда баъзи товарлар аллақачон йўлда бўлгани ёки Intel компанияси (Россиядаги фаолиятини фақат апрел ойида тўхтатган) томонидан тўғридан тўғри етказиб берилгани билан изоҳлашмоқда. Шундай бўлса-да, суриштирувда тилга олинган баъзи компаниялар аллақачон ички аудит ўтказилишини эълон қилган.

RUSI тадқиқотлари шуни кўрсатадики, Россия Ғарбдан керакли компонентларни сотиб олиш учун аллақачон учинчи давлатлар, сохта компаниялар ва ўз махсус хизматларининг махфий каналларидан фойдаланмоқда. Бу янгилик эмас, бундай схемани советлар иттифоқи ҳам қўллаган.

Албатта янги санкциялар бу жараёнларни мураккаблаштирди, лекин Россия ҳали ҳам уларни айланиб ўтиш йўлларини топмоқда. Ҳозирги вақтда Кремль бозордаги микроэлектрониканинг улгуржи партияларини ёппасига сотиб олишга ҳаракат қиляпти. Чунки ўзида бундай технологиялар йўқ ва яқин йилларда пайдо бўлмайди.

Техасда 1988 йилда ишлаб чиқарилган чип «Искандер» мажмуаси орқали отиладиган 9М727 ракетаси ичидан топилган. Фото: Reuters
Текширув муаллифлари нимани таклиф қилишади?
RUSI ҳисоботи «Кремний қутқарув ҳалқаси: Ғарб электроникаси Россия ҳарбий машинасининг юрагида» деб номланади. Муаллифлар Россияни ушбу ҳалқадан маҳрум қилиш учун қуйидаги чораларни кўришни таклиф қилишяпти:
  • Ўз мамлакатлари ва юрисдикцияларида экспорт назоратини кучайтириш;
  • Россиянинг махфий харид тармоқларини аниқлаш ва тўхтатиш учун халқаро миқёсда ҳамкорлик қилиш;
  • Россияни қўллаб-қувватловчи давлатларда муҳим микроэлектроника компонентлари ишлаб чиқарилишининг олдини олиш;
  • Учинчи мамлакатлар ва юрисдикциялар томонидан реэкспортни ёки санкция остига тушган товарларни Россияга етказиб беришларини рағбатлантирмаслик.

Агар ушбу бўшлиқлар ёпилса, Россия қуроллари умидсиз равишда эскириб боради.

«Агар Россия бу компонентлардан айрилса, ҳарбий саноати Украинада йўқотилган арсенални тўлдира олмайди», дейди Жек Уотлинг. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Электрон қисмлар келиши тўхтаса, Россия қуроллари умидсиз равишда эскириб боради