Бен Барнанке / Фото: brookings.edu
Жорж Буш ва Барак Обама даврида АҚШ Федерал резерв тизимини бошқарган Бен Бернанке иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди. Унинг тадқиқотлари йирик молиявий инқирозларнинг ўта ёмон оқибатларидан қутқариб қолгани эътироф этилади. Бернанке ўз фаолияти билан бутун дунё иқтисодчиларининг молиявий инқирозлар ҳақидаги фикрларини ўзгартириб юборган.
Пандемия инқирозидан тикланиб улгурмаган дунё иқтисодиёти уруш сабабли янги инқироз ёқасида турибди. Лекин, умидбахш янгилик шуки, молиявий технократларнинг салбий воқеалар ривожига ҳозирги тайёргарлиги 2008 йилги инқироздан кўра анча яхшироқ. Бунга сабаб эса – америкалик уч иқтисодчининг тадқиқотларидир.
Айни шу глобал иқтисодий вазият сабаб бўлган шекилли, иқтисодиёт бўйича бу йилги Нобел мукофоти банклар ва молиявий инқирозлар бўйича тадқиқотлари учун Бернанке, Даймонд ва Дибвигга берилди.
Бен Бернанке АҚШ Федерал захира тизимининг (FED) собиқ раиси, Дуглас Даймонд Чикаго университети профессори, Филип Дибвиг эса Сент-Луисдаги Вашингтон университети профессоридир.
Фото: Нобел қўмитаси
Стокҳолмдаги Швеция Қироллик Фанлар академиясидаги Нобел қўмитасининг қайд этишича, бу уч иқтисодчи томонидан 1983 ва 1984 йилларда чоп этилган тадқиқотлар иқтисодиётни барқарор ушлаб туриш ёки инқирозга олиб келишда банкларнинг ролини жуда яхши тушунтириб берган.
Қўмита уларнинг ишлари молиявий инқирозларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишга катта ҳисса қўшганини эътироф этди. Олимлар ўз тадқиқотлари билан сиёсатчиларга банк тизимида жиддий хатоларга йўл қўймасликнинг муҳимлигини кўрсатишган.
Президентлар эътиборига тушган иқтисодчи Бернанке ким?
Нобел мукофоти совриндорлари номлари эълон қилингач, энг кўп муҳокамаларга сабабчи бўлган олим Бернанке бўлди. Америкалик 69 ёшли иқтисодчи – Ҳарвард университети битирувчиси. У докторлик диссертациясини Массачусет технология институтида ёқлаган.
Бен Стенфордда, кейин эса Принстон университетида иқтисоддан дарс берган, у ердаги академик фаолиятини 2002 йилгача, давлат хизматига ўтгунча давом эттирган. Бернанке илк бор 2005 йилда президент Жорж Буш томонидан FED раиси этиб тайинланган.
2009 йилда президент Барак Обама уни иккинчи муддатга раис лавозимига номзод қилиб кўрсатди. 2014 йилда унинг ўрнига Жэнет Йеллен раис этиб тайинланди.
Бернанке Федерал захира тизими раиси сифатида икки муддат хизмат қилишдан олдин 2002 йилдан 2005 йилгача Федерал резерв бошқарув кенгаши аъзоси бўлган.
Дунёнинг энг катта иқтисодиёти инқироздан қандай олиб чиқилган эди?
Бернанке АҚШда 1930-йилларда кузатилган Буюк депрессияни чуқур таҳлил қилган. Бу борадаги изланишлари натижаларини FED раҳбари сифатида 2008 йилдаги молиявий инқироздан чиқиш учун амалиётда қўллади.
Яъни у молиявий тизимга ишончни тиклаш учун агрессив ва экспериментал ёндашувни қўллади.
Барак Обама ва Бен Бернанке / Фото: Оқ уй
FED глобал инқирозни ушлаб туриш учун қўллаган кўплаб стратегиялардан бири иқтисодиётни барқарорлаштириш учун паст фоизли сиёсатни жорий қилиш эди. Бернанке раҳбарлиги остида FED фоиз ставкаларини деярли нолга туширди. Федерал маблағлар ставкасини пасайтириш орқали банклар бир-бирларига пастроқ ставкада қарз беришади ва ўз навбатида истеъмолчилар ва корхоналарга паст фоиз ставкаларини таклиф қилишлари мумкин бўлади.
Шароитлар ёмонлашгани сабабли, Бернанке миқдорий юмшатиш дастурини таклиф қилди. Миқдорий енгиллаштириш схемаси иқтисодиётдаги пул массасини ошириш учун ғазначилик қимматли қоғозлари ва ипотека билан таъминланган қимматли қоғозларни (MBC) ноанъанавий сотиб олишни ўз ичига олган эди. Ушбу қимматли қоғозларни катта миқдорда сотиб олиб, FED уларга бўлган талабни оширди, бу эса нархларнинг ошишига олиб келган.
Облигациялар нархи ва фоиз ставкалари тескари боғлиқ бўлгани сабабли, фоиз ставкалари юқори нархларга жавобан пасайган. Паст фоиз ставкалари бизнес инвестицияларини молиялаштириш харажатларини пасайтирган ва шу билан бизнеснинг молиявий ҳолати яхшиланган.
Фаолиятини мустаҳкамлаш орқали корхоналар кўпроқ иш ўринларини яратишга муваффақ бўлган, бу эса ишсизлик даражасини пасайтиришга ёрдам берган.
Бен Бернанке, шунингдек, бир қанча муаммоли йирик молия институтларини қутқариб, ёмонлашиб бораётган иқтисодий шароитлар оқибатларини юмшатишга ёрдам берди. Федерал захира тизими Lehman Brothers'нинг банкрот бўлишига йўл қўйиш қарорини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, AIG Insurance каби банкрот бўлиш хавфи юқори бўлган компанияларни қутқарди.
2008 йилги инқироз пайтида Бернанке Федерал резерв тизимини Марказий банк кучидан кенг фойдаланишга ундади, фоиз ставкаларини нолга яқин туширди ва иқтисодий фаолликни рағбатлантириш мақсадида ўша пайтдаги рекорд даражадаги 4 триллион доллар активларни йиғди.
Халқаро Валюта Жамғармасининг собиқ бош иқтисодчиси Оливер Бланчард иқтисодчи Бернанке ҳозирда ҳаёт бўлган бошқа иқтисодчиларга қараганда глобал ўсиш учун кўпроқ иш қилганини таъкидлайди.
“Молиявий инқироз вақтида унинг саъй-ҳаракатларисиз ялпи ички маҳсулот ундан ҳам кўпроқ қулаган бўларди. У нафақат молиявий, бошқа сабабларга кўра ҳам мукофотга лойиқдир”, – деб ёзди у Twitter'да.
Бен ва Анна Барнанке / Фото: FED
Нобелга лойиқ тадқиқотлар
Бернанкенинг FED раҳбари сифатидаги фаолияти эътирофга лойиқ бўлса-да, унга Нобел мукофоти берилишига асосий сабаб – илмий тадқиқотларидир.
Бернанке ўз изланишлари билан банк тизимидаги инқирозлар иқтисодий таназзулларнинг натижаси эмас, балки бу инқирозларнинг қанча чуқур ва узоқ давом этишини белгиловчи омил эканини кўрсатиб берган.
Банклар инқирозга учрашининг тадқиқ этилган яна бир салбий томони шунда эдики, банклар қулаганида қарз олувчилар ҳақидаги қимматли маълумотлар ҳам ғойиб бўлган ва бу янги институтлар учун жамғармаларни самарали инвестицияларга айлантиришни қийинлаштирган.
Нобел қўмитаси унинг тадқиқотлари COVID-19 пандемиясидан кейинги глобал молиявий инқироздан чиқишга ёрдам берганини ҳам таъкидлайди.
Марказий банк сиёсатдан холи бўлиши керак
Бернанке Федерал захира тизими ва бошқа марказий банклар ўзларининг муҳим иқтисодий қарорларини сиёсий аралашувдан холи қабул қилиш қобилиятини ҳимоя қилишлари кераклиги ҳақида фикрлари ҳам алоҳида эътиборга молик. Унинг бу фикрлари 2010 йилда, FED раиси бўлган пайтларда янграган эди.
Ҳукуматлар 2008 йилдаги каби яна бир глобал молиявий инқирознинг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттирар экан, Бернанке FED ва бошқа мамлакатлар марказий банкларининг пул-кредит сиёсати – фоиз ставкаларини белгилашда мустақиллигини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаган.
У баъзан Марказий банклар инфляцияни жиловлаш учун сиёсатчиларга ёқмайдиган қарорлар қабул қилишига тўғри келишини айтган. Иқтисодчи гарчи паст фоиз ставкалари одамларга ёқиб, сиёсатчиларга сайлов компанияларига обрў олиб келса-да, унинг оқибатлари жуда ёмон бўлишини, истиқболларни ёмонлаштирадиган инфляция босими юзага келишидан огоҳлантирган.
У, шунингдек, FED'нинг узоқ муддатли қимматли қоғозларни сотиб олиш бўйича қарорлари, фоиз ставкаларини пасайтириш ҳаракати сиёсий аралашувдан ҳимояланган бўлиши кераклигига урғу берган.
Танқидлар…
Бернанкенинг Нобелга лойиқ кўрилиши унга нисбатан танқидларни яна жонлантирди.
Ҳатто унинг тарафдорлари ҳам 2002 йилдан 2005 йилгача FED раиси сифатида Бернанке уй-жой инқирозининг огоҳлантирувчи белгиларини эътиборсиз қолдирганини тан олишади. Танқидчилар унинг 2008 йилдаги ҳаракатлари инфляциянинг ўсиши ва бугунги иқтисодий муаммоларга бевосита сабабчи бўлган деб ҳисоблашади.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар давомида Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи Ботир Қобилов Бернанкега нисбатан танқидларни шундай тушунтиради:
“Кўпчилик уни 2008-2009 йиллардаги кризис пайтида марказий банк раиси бўлгани учун танийди. Ваҳоланки, унинг академик карьераси ва тадқиқотлари ундан муҳимроқ. Бернанке каби академик карьерасидаги изланишларни давлат ишида ўзи амалда қўллайдиган иқтисодчилар жуда кам бўлса керак. Унинг фикрлари ва амалий ишлари академиядан тортиб марказий банк сиёсатигача мантиқий”.
“Нобел олишимни кутмаган эдим”
Бернанкенинг ўзи журналистларга берган интервьюсида мукофот олишини хаёлига ҳам келтирмаганини айтди.
“Биз буни мутлақо кутмаган эдик ва шу сабабли рафиқам билан кеча (ғолиблар эълон қилинишидан бир кун олдин) телефонларни ўчириб ухладик. Аммо Чикагодаги қизим қўнғироқ қилиб бу янгиликни айтди”, – дейди Бернанке журналистлар билан суҳбатда.
2022 йил августдаги маълумотларга кўра, Бен Бернанке ҳозирда Вашингтонда жойлашган нотижорат жамоат ташкилоти Брукингс институтида иқтисодчи бўлиб ишлайди; у ерда фискал ва пул-кредит сиёсати бўйича маслаҳатлар беради.
Бошқа ғолиблар
Дуглас Даймонд / Фото: Jim Vondruska / Reuters
Филип Дибвиг / Фото: Associated Press
2022 йилги иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотининг яна икки лауреати – Дуглас Даймонд ва Филип Дибвиг ҳам банклар ва инқирозлар ҳақидаги тадқиқотлари сабаб эътироф этилди.
Даймонд ва Дибвиг 1983 йилда қарз олувчилар узоқ муддатли молиялаштиришга эга бўлганида банклар қандай қилиб ликвидликни сақлаб қолишига оид назарий моделни ишлаб чиққан.
Мадина Очилова тайёрлади.
Иқтисодиёт, Нобел мукофоти, Бен Бернанке “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди