
Қозоғистон Европадаги Оддий Қуроллар бўйича Шартномадаги (ЕОҚШ) иштирокини тўхтатмоқда. Ушбу қарорни мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 17 ноябрь куни имзолади.
ЕОҚШ дастлаб 1990 йил ноябрь ойида НАТОнинг 16 давлати ва Варшава шартномаси иттифоқининг 6 давлати томонидан имзоланган эди. Ушбу келишув Атлантикадан то Уралгача бўлган ҳудудда танклар, зирҳли техникалар, 100 мм ва ундан каттароқ калибрли артиллерия қурилмалари, жанговар самолётлар ва ҳужумчи вертолётлар сонига чекловлар киритишни назарда тутган.
Умуман, бу шартномага 28 давлат қўшилган. Кейинчалик, 1999 йилда Истанбулдаги ЕХҲТ саммитида ЕОҚШнинг мослаштирилган версияси тақдим этилган.
Бироқ уни фақат тўртта давлат — Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Украина ратификация қилган. 2007 йилда эса Россия ушбу шартномадаги иштирокини тўхтатган ва 2023 йилда ундан бутунлай чиқиб кетган.
Россиянинг чиқишидан кейин НАТО давлатлари ҳам ЕОҚШдаги иштирокини номаълум муддатга тўхтатган. Беларусь, Украина ва Молдова ҳам шунга ўхшаш қарорлар қабул қилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.