13:37 / 15.10.2022
1 722

Икки бор ядро портлашидан омон қолган одам

Икки бор ядро портлашидан омон қолган одам
Сутому Ямагути уйига деразаларининг ойнаси йўқ поездда қайтаётган эди. У поезд бўйлаб эсаётган шамол вагонларда куйган ва қўланса ҳидни сезгачгина сергак тортди. Ямагути бир неча кун ичида бу ҳидларга кўникиб қолди. Бутун Хиросима шу ҳид ичида эди.

Ямагутининг ёнида ўтирган аёл эски кўрпачага ўралган чақалоғи билан банд эди. У нимадир деди. Эркак буни эшитмади. Портлашдан кейин мияси чайқалиб кар ва кўр бўлиб қолди. Ямагути энди атрофини умуман фарқлай олмасди. Аёл тутган қопга қараб, катта кўмир бўлагидек қора нарсага кўзи тушди. Шу кунларда ҳамма жой шундай қора доғ бўлиб кўринарди.

Аёл тинмай гапира бошлади ва Ямагути ўзининг қўлларига қаради. Улар муҳандиснинг қўллари эмас, балки қизил гўштдан ясалган шаклсиз бир нима эди. У ўз фикрларини тўплай олмади. У қандайдир узоқ ва даҳшатли тушдан уйғонишни истарди.

Аслида у Мицубиси компаниясининг йигирма тўққиз ёшли ходими эди. Хиросимада уч ойдан бери янги нефть танкери лойиҳаси устида ишларди. Тайёр чизмалар эртаси куни кейинги гуруҳга топширилиши керак эди.

1945 йил 6 август куни эрталаб Ямагути заводга кўтаринки кайфиятда келди. Бугун хизмат сафаридаги сўнгги куни. У онаси, хотини ва ўғлига олиб келаётган совғалар ҳақида ўйлаб мамнун эди. Фикрларини самолётнинг даҳшатли овози тўзитиб юборди.

Эрталаб соат 8:15 да Ямагути бинодан чиқиб осмонга қаради. Американинг Б-29 бомбардимончи самолёти! У фақат битта самолёт борлигига ҳайрон бўлди. Эҳтимол бу разведка самолётидир. Чунки бомбардимон пайтида америкаликлар ҳар доим бир нечта жанговар машиналардан фойдаланган.

Самолёт шаҳар маркази устидан учиб ўтаётганда ундан катта нарса ажралиб, пастга қулади. Ямагутига бомбардимончи самолётдан баҳайбат бир одам тушиб кетгандек туюлди. Ерга етиб бормасдан, объект мингларча қуёш нуридек ёрқин бўлиб портлади. Ямагути кўзларини юмди ва ўзини ариққа ташлади. Зарба тўлқини кўз очиб юмгунча заводни ер билан яксон қилди. Сутому Ямагути уйғонганида атроф зулмат билан қопланган эди. Қоронғулик марказида улкан оловли қўзиқорин турарди.

Ямагути ўрнидан туриб, завод вайроналари томон йўл олди, у ерда уни тирик қолган икки ҳамкасби кутиб олди. Улар нима бўлганини тушунишга ҳаракат қилиб, тунни бомбадан сақланадиган ертўлада ўтказдилар. У ерда ярадорлар кўп, ўликлар ундан ҳам кўп. Ҳамма бошпанага олиб кетилди. Баъзи жасадлар қорайиб кетган. Кўпига ёрдам беришнинг иложи йўқ эди.

Эрталаб Ямагути шаҳар харобалари орқали вокзалга етиб келди, Нагасаки поездига ўтирди ва уйига жўнаб кетди. У ҳайратда қолган ва бутунлай чалғиган ҳолда, қандай дўзах қурилмаси бундай улкан зарар келтириши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилди. Япония шаҳарлари аввал ҳам бомбардимон қилинган, лекин ҳеч қачон бунақаси бўлмаганди.

Машинада кимдир йўқолганларнинг исмларини айтиб бақирар, бошқалар йиғларди. Ямагути, кўпчилик йўловчилар сингари, деразадан ташқарига бефарқ тикилиб кетар, ўйлашга ҳам мажоли йўқ эди.

Ўшанда – 1945 йилнинг 6 августида Хиросимада бир вақтнинг ўзида саксон минг киши нобуд бўлганини ҳали ҳеч ким билмас эди.

Поезд терминалга етиб келди, Ямагути платформага чиқди ва шундан кейингина унинг барча юклари Хиросимада қолганини англади. У ўз-ўзидан уйдагиларга совға олмаганман, деб ўйлади. Кўз ёшлари юзларида доғ қолдириб думалади.

Кутиб олувчилар куйган ва ярадор оломонини кўриб ҳайратда қолди. Сутому Ямагути секин бошидан ўйлай бошлади. Хаёллари аста жонланди. Одамлар нима бўлганлиги ҳақида саволлар билан кўмиб ташлади. У битта бомба деярли бутун Хиросимани вайрон қилди, деб жавоб берди. Оломон унга ишонмади.

Ямагутини синфдоши шифокор бўлиб ишлайдиган касалхонага олиб боришди. Унинг аҳволи шунчалик ёмон эдики, дўсти дастлаб уни танимади. Ямагутининг ўзи шу қадар даҳшатда эдики, у жароҳатларининг оғирлигига эътибор бермасди. Шифокор касалхонада қолиши кераклигини айтди. Ямагути эса имкон қадар тезроқ оиласини кўришни хоҳларди.

Бошдан-оёқ ўралган ҳолда уйига кириб борди. Уни кўрган хотини ҳушидан кетишга оз қолди. Онаси уни арвоҳ, деб ўйлади.9 август куни тўшакдан зўрға туришга муваффақ бўлган Ямагути нефть танкеридаги иш натижалари ҳақида ҳисобот бериш учун Мицубиси офисига боришга қарор қилди. Расмийлар муҳандиснинг Хиросимани вайрон қилган супер қурол ҳақидаги сўзларига шубҳа билан қарашди. Кимдир. "Бизнинг Нагасаки каби катта бир шаҳарни бир лаҳзада ер юзидан йўқ қилишига ишонмайман", деди.

Сутому Ямагути ўз тажрибаси ҳақида гапираётганда, офис ойнасидан Хиросимадагидан ҳам ёрқинроқ чақнаш кўринди. Ямагути зарба тўлқини баробар полга йиқилди. Тепалик ландшафти туфайли йигирма бир килотонна эквивалентои атом бомбасининг портлаши натижасида бу ҳудудга унчалик катта зарар етмади. Аммо Нагасакининг қолган қисми анча вайрон бўлганди.

Портлашдан кейин Ямагути бор кучи билан уйга югурди. Яхшиямки, унинг қариндошлари жабрланмаган, аммо уйи бутунлай ёниб кетганди.

Кейинги бир неча йил давомида Сутому Ямагути бир вақтнинг ўзида иккита ядровий портлаш таъсиридан даволанди. У куйиш ва нурланишдан азоб чекди. Сочи ва тишларининг бир қисми тўкилиб кетди. Бир мунча вақт ўтгач, Ямагути тузалиб кетди.

У яна икки қиз фарзандли бўлди. Мицубиси компаниясида муҳандис бўлиб ишлади ва узоқ умр кўрди.

***
2006 йилда у Нью-Йоркда БМТ делегацияси олдида ядровий қуролсизланиш зарурлиги ҳақида доклад қилди.

"Мен икки марта атом бомбасидан омон қолдим. Менинг вазифам бу ҳақда айтиб беришдир", деб бошлади у ўз нутқини.

Ямагути бир умр ядровий қуролсизланиш тарафдори бўлиб яшади. Аллоҳ умрга барокат берса, инсон атом портлашидан ҳам омон қолиши мумкин экан. Япон муҳандиснинг ҳаёти бунга ёрқин мисол.

Мана, бугун дунё катта бир мамлакатнинг ядро қуролидан фойдаланиш режасини қоралаб турибди. Бугунги атом уруши Хиросима ёки Нагасаки фожеасини такрорламайди. Бутун инсоният, ҳатто ядро урушини очган мамлакат ҳам бундан жабрланиши очиқ ҳақиқат. Аллоҳ шу офатдан асрасин.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Икки бор ядро портлашидан омон қолган одам