
“Манчестер Сити” раҳбарияти жамоанинг сўнгги йиллардаги асосий таянч фигураларидан бири — Фил Фоден билан янги шартнома борасида музокараларни фаоллаштирмоқда. Daily Mail маълумотига кўра, манчестерликлар яқин вақт ичида 25 ёшли ҳужумкор футболчи билан келишувни узайтиришни режалаштирмоқда. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади, Фоден эса клуб сафида қолишга мойил экани қайд этилмоқда.
Фоден “Сити” академиясида тарбияланган ва кейинги йилларда жамоанинг энг барқарор ва ёрқин ўйинчиларидан бирига айланган. Жорий мавсумда у барча мусобақаларда 14 та учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол муаллифи бўлди ва 3 та аниқ узатма билан жамоасига ҳисса қўшди. Унинг Transfermarkt порталидaги нархи 80 миллион евро этиб белгилангани ҳам футболчининг қадри қай даражада эканини кўрсатиб турибди.
“Сити” раҳбарияти Фоденни клубнинг келажак режаларида муҳим ўринда кўради. Жамоа унга атрофида янги авлодни шакллантира оладиган марказий ўйинчи сифатида қарайди. Маҳаллий мухлислар ҳам уни клуб рамзларидан бири сифатида қабул қилади — чунки Фоден нафақат юқори маҳоратга, балки клубга бўлган садоқатга ҳам эга.
Шартномани узайтириш клуб учун ҳам, ўйинчи учун ҳам фойда келтириши мумкин. Чунки Фоден ҳозирги кунда жамоанинг бир қатор тактик схемаларида ҳал қилувчи ўринни эгаллаб турибди. Унга ишонч билдирилиши, айтилишича, жамоа ичида барқарорлик ва узлуксиз ривожланишга хизмат қилади.
Фоденнинг келажаги борасида ҳали расмий қарор чиқмаган бўлса-да, манбаларнинг таъкидлашича, тарафлар ўртасидаги музокаралар ижобий руҳда кечмоқда. Мухлислар эса ўз тарбияланувчисининг яна узоқ йиллар давомида “Этиҳад”да ҳаракат қилишини катта кутиш билан кузатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.