
Сиёсатчилар, иқтисодчилар ва юристлар бугун уруш вазиятига ўз қарашларини билдирмоқда. Бироқ, бу муносабатлар тор доирада эканлиги, фақатгина ижтимоий тармоқларда берилаётгани бор гап. Шу сабаб ҳам Россия-Украина урушида холис, аниқ муносабатлар кам. Бироқ, бунга эҳтиёж бор. Сабаби, урушнинг бизга, айниқса кўпсонли фуқароларимиз Россияда бўлган бир шароитда муҳим. Шу сабаб AzonTV онлайн телеканалининг “Фикрат” таҳлилий кўрсатувида “Россия-Украина: ким кимга “совға” тайёрлаяпти?” мавзуида мутахассислар билан суҳбат ташкил этилди.
Ғайратхўжа Сайдалиев, журналист:
– Ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар халқаро ташкилотларга аъзо бўлишади. Шу жараёнда бир масала бор: кимнинг иқтисоди катта бўлсагина ана шундай халқаро ташкилотлардан кўпроқ фойда оладими?
Абдулла Абдуллаев, иқтисодчи:
– Қандай иттифоқ бўлишидан қатъи назар, унда кимнинг иқтисодиёти, ҳарбий кучи каттароқ бўлса, ўшанинг ўйин қоидаларига ҳамма риоя қилишга мажбур. Бўлмаса бу иттифоқ бўлмайди. Масалан, МДҲ ҳақида сўз юритилганда “Россияга МДҲ керак бўлса мавжуд бўлади, бўлмаса йўқ” деган муносабатлар ҳам бор.
Ғайратхўжа Сайдалиев, журналист:
– Жаҳон савдо ташкилоти ёки ЕИҲТ ва бошқа шу каби кўплаб давлатлар аъзо ташкилотлар борида МДҲ ўзининг долзарблигини йўқотиб қўймаяптими?
Абдулла Абдуллаев, иқтисодчи:
– МДҲ уставида ҳеч қайси мамлакатнинг суверенитети чекланмаган ва улар орасида улардан устун турадиган бирор институт тузиш кўзда тутилмаган. Унинг асосида ўзимизга керак бўлган ҳар қандай шартномаларга киришишимиз мумкин. Жаҳон савдо ташкилоти ёки ўша ЕИҲТга аъзо бўлишимиз бугун керакми? Буни ҳар томонлама ўйлаб кўришимиз жоиз. Сабаби, агар керак бўлганда эди шу вақтга қадар кирган бўлардик.
Ҳамид Содиқ, сиёсатшунос:
– Ташкилотнинг яна бир муҳим жиҳати – у сиёсий бирлашиш бўйича адаптацияни берадиган ташкилот. Масалан, Украина Россия ва Белоруссия булар бир бирига яқин славян давлатлари. Украинанинг чиқиб кетиши уларнинг бирлашувига путур етказди. Лекин, туркий бирлашув масаласида МДҲнинг сиёсий тажрибаси қўл келади. Ташкилотдан устун турувчи сиёсий институтлар мавжуд эмас. МДҲ давлатларининг тили, сиёсий- иқтисодий манфаатлари муштарак. Булар Европа иттифоқи каби бирлашиши мумкин бўлган давлатлардир. Тарихан ҳам битта Туркистон бўлган. Менинг фикримча, бу объектив зарурат эди. Чунки жаҳон ҳамжамияти мусулмон давлатлари ўзини қандай тутади? Демократия қоидаларига риоя қиладими? Қайси йўлдан кетади? Биз улар билан қандай муносабатда бўлишимиз керак?, деган масалаларда МДҲ катта аҳамиятга эга бўлади.
Ғайратхўжа Сайдалиев, журналист:
– Россиянинг мақсади Украинани қуролсизлантириш эди, лекин бу акс таъсир қилмадими? Элликдан ортиқ давлатлар қурол билан таъминлаяпти.
Абдулла Абдуллаев, иқтисодчи:
– Нима учун Россия Украинани шунчалик ўзини душмани деб қараши борасида Қора денгизда ҳукмронлик масаласи ва Қрим масаласи деб ҳисоблайман. Менинг назаримда асосий фактор – дунёқарашлар тўқнашуви. Сабаби, Украина Европага ўзининг ориентациясини ҳеч қачон яширмаган ва ўзини Европа иттифоқига киришини айтиб борган. Бу ерда кимдир келажакка интилса, Россия ўзининг ўтмишдаги куч-қудратини сақлаб қолмоқчи. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунда Украина ўзининг ерини ҳимоя қиляпти.
Ғайратхўжа Сайдалиев, журналист:
– Полшалик юрист, ёзувчи “Украинани қуроллантириш, Украина иқтисодиётини батамом тамом қилади” дейди. У буни Украина дунёдан олган қарзларини тўлай олмайди, деб изоҳлади. Бу фикр қай даражада тўғри?
Абдулла Абдуллаев, иқтисодчи:
– Бу фикрга қўшилолмайман! Бу дунёқарашлар кураши. Янги дунёқарашда, келажакка интилган дунёқарашда фақат қурол билан иш тутилмайди. Тўғри бундай хавфлар бор. Лекин Украинани қуроллантириб, нима деса айтганини қиламан, деган ҳолатга ҳам олиб келинмайди. Украинадаги миллатчилик эртага урушда ғолиб чиқса, кўкрагига уриб бутун инсониятни сақлаб қолдим, деб ўзининг идеалогиясини бошқаларга сингдириш хавфи жуда ҳам катта.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар