Индонезияда даҳшатли авария: автобус ва танкер тўқнашди

Индонезияда йирик йўл-транспорт ҳодисаси кўплаб қурбонларга сабаб бўлди. 6 май куни Суматра оролида йўловчи автобуси ва ёнилғи ташувчи танкер иштирокида фожиали тўқнашув содир бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокат Шимолий Муси Равас округида юз берган. Оқибатда 16 киши ҳаётдан кўз юмган, яна тўрт нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган. Ҳалок бўлганларнинг 14 нафари автобус йўловчилари, икки нафари эса танкерда бўлган шахслар экани айтилмоқда.
Гувоҳлар ва маҳаллий телеканаллар томонидан тарқатилган кадрларда ёнғин ичида қолган транспорт воситалари кўринган. Фавқулодда вазиятлар хизмати вакилларига кўра, жароҳатланганлардан уч нафари оғир куйиш ҳолати билан шифохонага ётқизилган.
Тахминларга кўра, ҳалокатга автобус шиналаридан бири ёрилиб кетгани сабаб бўлган. Шу орқали ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, қарши йўналишда келаётган танкер билан тўқнашган. Тўқнашувдан сўнг кучли ёнғин келиб чиққан ва у ҳар икки транспорт воситасини қамраб олган. Танкер дизель ёнилғисини ташиётгани вазиятни янада оғирлаштирган.
Маълумки, Индонезияда транспорт инфратузилмаси ва техник ҳолат билан боғлиқ муаммолар сабабли бундай авариялар тез-тез содир бўлиб туради. Сўнгги вақтларда ҳам бир қатор йирик ҳалокатлар қайд этилган.
Жумладан, апрель ойида Ғарбий Явада поезд бошқа поезд вагонига урилгани оқибатида 16 нафар аёл ҳалок бўлган ва ўнлаб одам жароҳатланган эди. Шунингдек, Марказий Явада поезд ва енгил автомобил тўқнашуви натижасида тўрт киши, жумладан, болалар ҳам вафот этган.
Бундан ташқари, Германияда ҳам фожиали ҳолат қайд этилди. Лейпциг шаҳри марказида автомобиль пиёдаларни босиб кетиши оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна бир неча нафар фуқаро оғир жароҳат олган. Ҳодиса юзасидан гумонланувчи ҳайдовчи қўлга олинган.
Мутахассислар бундай фожиаларнинг олдини олиш учун транспорт воситаларининг техник ҳолатига жиддий эътибор қаратиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлигини таъкидламоқда.