Реал Мадрид Ювентус юлдузини нишонга олди

Италиянинг нуфузли Газзетта делло Спорт нашри хабарига кўра, Реал Мадрид президенти Флорентино Перез Ювентус ярим ҳимоячиси Кенан Йилдизни ўз жамоасида кўрмоқчи. Мадридликлар жорий мавсумни совринсиз якунлаш арафасида турибди ва ёзги трансфер ойнасида таркибни тубдан янгилашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Кенан Йилдиз Бавария ёшлар академиясида тарбияланган бўлса-да, 17 ёшида Ювентус сафига ўтган эди. Ҳозирда 75 миллион еврога баҳоланаётган туркиялик футболчи Турин клубида ўз ўрнини топди ва жамоанинг муҳим ўйинчисига айланди.
Ювентус айни дамда А Серияда Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашмоқда. Агар клуб мавсум якунида кучли тўртликдан жой ололмаса, Йилдизнинг Мадридга ўтиш эҳтимоли янада ортиши мумкин. Интер муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштирган бўлса, Рома ва Комо жамоалари Турин клубини яқиндан таъқиб қилмоқда.
Реал Мадрид раҳбарияти нафақат таркибни, балки мураббийлар штабини ҳам ўзгартиришни кўзламоқда. Перез ёш ва иқтидорли футболчиларни жалб қилиш орқали жамоани келаси мавсумда яна Европа футболи чўққисига қайтармоқчи.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!