date
views 2 004

Россия нефт нархига чекловларни енгиб ўта оладими?

Россия нефт нархига чекловларни енгиб ўта оладими?
Фото: Настоящее Время
Россия портларида нефтга тўлдирилган йигирмага яқин танкерлар Истанбул яқинида тирбандликда туриб қолди. Британиянинг Financial Times нашрига кўра, танкерлар Босфор ва Чаноққалъа бўғозлари орқали сузиб ўтиш учун Туркия ҳукумати рухсатини кутмоқда.

Босфор остонасидаги бу тиқилинч Анқара танкерлар суғуртаси учун қўшимча тасдиқ сўрай бошлагани туфайли пайдо бўлди. 5 декабрдан эътиборан кучга кирган Россия нефти учун юқори чегарадаги нарх туфайли кемалар агар нефтнинг баррели 60 доллардан юқори нархда харид қилинган бўлса, ғарб суғурталаридан фойдаланиш имкониятини йўқотишини англатади.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ Москва нефт нархи учун юқори чегарани қабул қилмаслигини билдирганди. Кремл чекловларни қўллаб-қувватловчи давлатларга нефт етказиб бермаслик билан таҳдид қилмоқда. Хусусан, Владимир Путин Россия нефти нархига юқори чегара жорий этилиши глобал энергия ресурслари бозори учун ҳалокатли оқибатлар келтириб чиқаришидан огоҳлантирган эди.

Бироқ, бозор ҳозирча ҳеч қандай оқибатларни сезгани йўқ. 5 декабр куни Brent маркали нефт нархи баррелига 88 доллардан 83 гача тушди. 7 декабрга келиб, 78 доллардан ҳам пасайди. Россиянинг Urals маркали нефти янада арзонроқ сотилмоқда.

Нефт учун юқори чегарадаги нарх қандай таъсир қилиши, Россия бу чекловларни айланиб ўта оладими-йўқми, буни «Настоящее Время» эфирида иқтисодчи Ярослав Романчук тушунтирди.

— Гарчи Путин юқори нарх чегараси жорий этиш оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида гапирган бўлса-да, нефт арзонлашмоқда. Балки, бу оқибатлар вақти ҳали етиб келмаганидандир?
— Путин аллақачон жаҳон ишлари, нефт бозорига таъсир қила оладиган инсонлар қаторидан тушиб қолган, чунки нефт бозорига бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг, дистрибьюторларнинг ҳаракатлари, шунингдек, энг аввало Россия олиб бораётган урушдан сўнг энергетика маҳсулотлари бозорини қандай қилиб қайта форматлаш ҳақида бош қотираётган инсонларнинг ҳаракатлари кўпроқ таъсир ўтказади. Чунки Россия газ бўйича ҳам, нефт бўйича ҳам ишончсиз шерик экани маълум бўлиб улгурди.

Ўз-ўзидан тушунарлики, уруш бошланганининг ўнинчи ойи кетмоқда, бутун дунё Россия жаҳон иқтисодиётига қандай масхараомуз муносабатда эканини англаб бўлди: «Сизлар бу ерда истаганларингча нималардир қилишларинг, огоҳлантиришларинг мумкин, биз эса нефтни ўзимиз истагандек сотаверамиз». Бу менга, очиғи, 2003-2004-йиллардаги «озиқ-овқат эвазига нефт» дастурини эслатиб юборяпти, ўшанда Ироқ нефти чайқовчилик ва қора бозор объектига айланганди. Бугун Путин ҳам, Россия ҳам бир пайтлар Саддам Ҳусайн тушган вазиятга тушиб қолган.

Европа Россия нефти денгиз орқали импорт қилинишини тўлиқ тақиқламоқда. Лекин эмбарго йўлида лазейкалар кўп.
Фото: Getty Images

— Агар фикрингизни тўғри англаган бўлсам, бу чекловлар ва юқори нарх чегаралари фақат уруш даври учун жорий этилмаяпти? Сизнингча бу йиллар ва ўн йиллар давом этадиган ҳодиса бўладими?
— Биз келгуси йил нима бўлишини билмаймиз, лекин аминманки, Европа Иттифоқи Россия энергия ресурсларига ишониб, стратегик хатога йўл қўйганини англаб бўлди. Шу сбабали, бугун амалга оширилаётган ҳаракатлар, ажратилаётган маблағлар, газ бўйича ҳам, углеводород хомашёсини етказиб бериш бўйича ҳам янги инвестицион лойиҳалар — Европа Иттифоқи учун Россия энергия ресурсларини кераксизга айлантиради. Бу эса гигант бозорнинг йўқотилишидир. Шунинг учун Россия бугун йўқотаётган нарсалар келажакда йўқотаётганлари олдида урвоқ.

— Россия ўрнини ҳозир ким боса олади? Нарх чеклови жорий этган давлатлар бозорларида Россия ўрнини кимлар эгалламоқда?
— Истовчилар жуда кўп. Шубҳасиз, Венесуэла, Ливияда салоҳият бор, OPEK давлатларида ҳам. Энг қизиғи, электр энергиясини қаердан оламиз деган савол пайдо бўлмоқда. Бу ерда суюлтирилган газ, шубҳасиз, жуда катта муқобил бўла олади ва биз кўряпмизки, агар, масалан, Американинг нефт қонунчилиги эркинлаштирилса, ўз вақтида Трамп бошлаган лойиҳалар қайта ишга туширилса, Америка нефт ва энергетика маҳсулотлари билан ўзини ўзи таъминлаб, энергия ресурсларнинг тоза экспортчисига айланади. Шу сабабли, бу борада хоҳловчилар жуда кўп, ҳаттоки Европа Иттифоқининг ўзида ҳам энергия сиёсатини тотал «гретатунберглаштириш» туфайли музлатиб қўйилган лойиҳалар жуда кўп.

— Агар биз Россия нефти учун юқори нарх чегараси механизмини таҳлил қилсак, бу қандай ишлашини тушунтириб бера оласизми? Бу чекловлардаги асосий нарса юқори нарх чегараси эмас, шунчаки 60 доллардан баланд нархда харид қилинган нефтни ташишни тақиқлаш, дейилса тўғри бўладими?
— Ҳа, сиз Россиядаги нефт сотувчиларни ҳам, жуда кўп сонли харидорларни ҳам назорат қила олмайсиз. Лекин сиз ташишда фойдаланиладиган кемаларни суғурта қиладиган компанияларни назорат қилоласиз. Жаҳон даражасидаги бундай суғуртачилар эса бармоқ билан санарли. Уларнинг катта қисми Буюк Британияда жойлашган. Британияда суғурталаш билан шуғулланувчи ўша компаниялар «мана шундай шартларни бузиб, кемаларни суғурталашда давом этсаларинг, сизларга миллиардлаб доллар жарима қўлланади», деган аниқ сигнал оладиган бўлишса, албатта, оддийгина ҳисоб-китоб ишга киришади. Ҳеч ким озгина пулни деб миллиардлаб доллар билан ўлчанадиган санкцияларга дучор бўлишни истамайди. Ҳа, бу айнан суғурта бизнеси орқали, бу нефтни танкерлар орқали ташиб бўлмаслиги туфайли ишлайди. Суғуртасиз Туркия уларни Босфор ва Қора денгизга киритгани қўймайди.

— Россияда бу чекловларни айланиб ўтиш учун қандайдир йўллар борми? Агар кемалар Хитой ва Ҳиндистондан келса-чи? Ёқи қувурлар орқали етказиб бериш йўлга қўйилса?
— Нефт ҳайдовчи қувурлар қолади, албатта. Лекин ҳар қандай бошқа кемаларга келсак, биз ўша Хитой ва Ҳиндистон ҳам сўнгги пайтларда Россия нефти билан истамайгина ишлаётганини кўряпмиз, шу сабабли бир-иккита ошкора жазо қўлланса бас, Россия нефти билан ишлашни истовчилар сони кескин камаяди.

— Энди ўша юқори нарх чегараси ҳақида гаплашсак. Bloomberg агентлиги 28 ноябр куни Россиянинг Urals маркали нефти баррели нархи 52 доллардан пастга тушганини ёзди. Бозордаги нархи 52 доллар бўлган нефтга 60 доллар нарх белгилагандан маъно нима?
— Бу ерда демократия амал қилмоқда. Турли иқтисодий ва тижорий манфаатларга эга бўлган инсонлар йиғилганда биз танкерларга эга Грецияни ҳам, 30 доллар нарх ҳақида гапирган Полшани ҳам , 65-70 доллар ҳақида сўзлаган эҳтиёткор Германия ва Италияни ҳам кўришимиз мумкин. 60 доллар — бу ягона тўхтамни билдиради ва аслида бу вазият Европа Иттифоқининг сиёсати нақадар узоқни кўра олмайдиган, калтабин сиёсат эканини кўрсатади. Табиийки, нефт учун барча максимал зарбаларни тўплаб, юқори нархни 30 доллар қилиб белгилаш керак эди.

Бироқ ҳозир яна: «Келинглар, 60 қилайлик, балким улар пул ишлай олмас, ҳали яна чегирма беришга мажбур бўлишади, шу боис реалликда улар 45-48 дан сотишади», деган қараш вужудга келди. Бундай фикрлаш, таассуфки, Европа Иттифоқининг аксарият давлатлари барчасини бирлаштириб турган ва йўқ қилиниши лозим бўлган таҳдид — Россия агрессиясидан ўзларининг кичик ва тор корпоратив манфаатларини юқори қўйишларидан гувоҳлик беради.

— Сиз аввал бошда 30-40 долларлик юқори чегара ўрнатишни талаб қилган давлатлар, жумладан, Полша ҳақида гапиряпсиз. Суҳбатимизнинг биринчи қисмида бу самарали восита дедингиз. Лекин Urals маркали нефт баррели 50 доллардан сотиладиган бўлса, бу ишламайди-ку?
— Йўқ, у ишлайди, лекин унинг самараси кутилганидек бўлмайди. Тасаввур қилинг, шундай санкция март ойида жорий қилинганида нима бўларди? Россияга бу юз миллиардлаб долларга тушарди. Табиийки, ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш, Украинага қарши энергетик геноцид уюштиришга имкон камроқ бўларди. Лекин Путин ва унинг режими жазога тортилмаслиги кундек равшан бўлиб турган экан, барчани музокара столига ўтқазишга мажбур қиладиган ҳаракатларни кузатишда давом этамиз — сиёсий партиялар, халқаро ташкилотлар ушбу можарога қарши ягона тўғри иш регламентини ишлаб чиқиши керак эди. Лекин ҳануз биз буни кўрмадик ва бу жуда эътирозли масала.

— Сиз юқори нарх чегараси яна пасайтирилиши мумкин деб ўйлайсизми?
— Мен қандайдир самарага эришиш учун у пасайтирилиши шарт деб ўйлайман. Лекин қайд этиш керакки, бу чоранинг таъсири қандай бўлишидан қатъи назар, суғурта компаниялари билан ҳам кимдир келишиши мумкин, Эрдўғаннинг ҳар бир масалага ўз нуқтайи назари бор, у ҳам нефтнинг бир қисмини эгаллаши мумкин. Сиз ҳақсиз, турли имкониятлар, бир пайтлар Саддам Ҳуссайннинг ўзи ҳам фойдаланиб кўрган туйнуклар бор, Россия нефт баронлари ҳам албатта бундан фойдаланишади. Шунинг учун бугунги куннинг асосий масаласи нефтда ҳам, унинг 60 долларлик нархида ҳам эмас. Украинага урушда тезроқ ғалаба қозониш учун кўпроқ қурол-яроғ бериш керак. Қолган ҳамма нарса иккиламчи.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия нефт нархига чекловларни енгиб ўта оладими?