394
Эрдўған зилзила оқибатларини бартараф эта олмаган ҳукумат ўрнига келганди. Бу сафар унинг ўзи буни уддалай оладими?

Фото: Adem Altan / AFP / Scanpix / LETA
2023 йил 6 феврал куни Туркияда 1939 йилдан кейинги энг кучли зилзила содир бўлди. Мамлакат жануби-шарқида ва қўшни Сурияда рўй берган ерости силкинишлари натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 33 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, ўн минглаб одам жароҳатланган. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, табиий офат юз берган ҳудудида 23 миллионга яқин одам яшайди, шундан 1,4 миллиони болалар. Жуда катта миқёсдаги ҳуманитар фалокат Туркиянинг ижтимоий-сиёсий тузилишида ҳам ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
14 май куни Туркияда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Ушбу сайловдан натижасида йигирма йил давомида бу лавозимни эгаллаб келган Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳокимиятдан айрилиши мумкин. Қизиғи, Эрдўғаннинг ўзи ҳам 2000-йиллар бошида, халқнинг 1999 йилдаги зилзила ва 2001 йилги иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф эта олмаган ҳукуматдан норозилиги тўлқинида сайланган эди. Энди Туркия жамияти Эрдўған ва унинг партиясини ўтган йиллар давомида хатоларни тузатмаганликда ҳамда мамлакатни табиатнинг янги зарбасига тайёрламаганликда айблаши мумкин.
Ҳукумати бир неча йилдан бери халқаро изоляцияда бўлган Сурияда эса вазият янада мураккаброқ. Араб Республикасининг зилзиладан зарар кўрган асосий ҳудудлари Дамашқдаги ҳукумат назорати остида эмас. Шунга қарамай яқин-яқингача Башар Асадни қўл бериб кўришишга нолойиқ инсон деб ҳисоблаган баъзи давлат раҳбарлари ҳозир у билан учрашишга ҳаракат қилмоқда. Анадолу ярим оролидаги тектоник платоларнинг силжиши яна қандай сиёсий силжишларга сабаб бўлади?
Эрдўған Туркияни умумий қайғу атрофида бирлашишга чақирди. Аммо мухолифат аллақачон ҳокимиятнинг нотўғри ҳисоб-китоблари ҳақида саволлар беришни бошлаган. 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари натижаси хавф остида
Зилзиладан кейинги дастлабки соатлардаёқ Ражаб Тоййиб Эрдўған бошчилигидаги Туркия раҳбарияти аҳолини табиий офат мавзусини сиёсийлаштирмасликка, умумий қайғу атрофида бирлашишга чақирди.
«Умид қиламанки, биз мамлакат ва миллат сифатида ҳамжиҳатлик ва бирдамлик намоён этиб, бу даҳшатли кунларни ортда қолдирамиз. Бугун 85 миллион инсон бир юрак каби бирга бўлиши керак бўлган кун», деди Эрдўған 6 феврал куни Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармасида сўзлаган нутқида.
Эрдўғаннинг коалициядаги иттифоқчиси, Миллий ҳаракат партияси раҳбари Давлат Боғчали ҳам ҳозир «аҳамиятсиз сиёсий баҳсларда вақтни беҳуда ўтказадиган кун эмаслиги»ни таъкидлади.
Бироқ, аста-секин шокдан чиқаётган турк жамияти ва айниқса, мухолифат содир бўлган воқеа сабабларини танқидий таҳлил қилиб, саволлар бера бошлайди. Масалан, фалокатнинг бундай кўламининг олдини олиш учун ҳокимият томонидан барча чора кўрилганмиди ҳамда қутқарув хизматларининг фаолияти жабрланганларни вайроналар остидан имкон қадар тезроқ олиб чиқиш учун етарлича самаралими?
Мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси раиси, шунингдек 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида бирлашган мухолифатнинг эҳтимолий асосий номзоди Камол Қиличдарўғли 8 феврал кунги видеомурожаатида фожиа жойида кўрган нарсаларидан ҳайратда қолганини айтган.
«Мен воқеа юз берган жойда халқимизнинг аҳволини кўрдим. Мен бўлган нарсаларни сиёсатдан ташқарида кўриб чиқишни рад қиламан ва мамлакат раҳбариятига юзланаман. Мен Эрдўған, унинг саройи ва (у билан боғланган) манфаатдор тўдалар билан ҳеч қачон келишувга бормайман. Мен ўз халқим билан бирга курашаман», деган у.
Туркиядаги энг йирик оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ҳам жамоатчиликнинг алоҳида ғазабига сабаб бўлмоқда, уларнинг қарийб 95 фоизи Эрдўғанга яқин инсонларга тегишли. Масалан, Show TV телеканали мухбири зилзиладан жабр кўрган қиз билан жонли эфирдаги суҳбатни қиз қутқарув хизматларининг етарли даражада самарали иш бермаётганидан шикоят қила бошлагач дарҳол тўхтатиб қўйди.
Туркия расмийлари ўз манзилларига ёғдирилаётган танқидларни эътиборсиз қолдирмаяпти. 7 феврал куниёқ Истанбул Бош прокуратураси ҳукуматнинг ҳаракатларини танқид қилган журналистлар Мердан Янардағ ва Энвер Айсеверга қарши тергов бошлади. Уларга «аҳолини нафрат ва адоватга даъват қилиш» айби қўйилди. 8 феврал куни эса Туркияда Twitter, Tik-Tok ва Instagram’га кириш чекланди.
Турк жамиятида Эрдўған томонидан зилзиладан жабр кўрган 10 вилоятда жорий этилган уч ойлик фавқулодда ҳолат режими ҳам кўплаб саволлар туғдирмоқда. 2016-2018 йилларда ҳам республикада фавқулодда ҳолат режими жорий қилинган эди. Ушбу фавқулодда ҳолат расмий равишда, 2016 йил июл ойидаги давлат тўнтаришига уриниш оқибатларини бартараф этиш учун эълон қилинган (ва бир неча бор узайтирилган). Амалда, бу икки йил ичида Эрдўған бир неча таниқли мухолифатчи сиёсатчиларни ва танқидий руҳдаги журналистларни қамоққа жўнатган.
Туркия раҳбари бу сафар ҳалокатли инфляция ва турк лирасининг долларга нисбатан қулаши фонида ўзи ва партиясининг позицияси қалтислигини англаб, фавқулодда ҳолат режимини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириши ва ҳаттоки сайловларни 14 майдан кейинги санага қолдиришга ҳаракат қилиши мумкин.
Аммо, кенг тарқалган версиялардан бирига кўра, Эрдўған сайлов санасини 18 июндан майга кўчиришига аслида иқтисодий вазият кескин ёмонлашаётгани сабаб бўлганди. Ҳатто бир ой ҳам Туркияда кўп нарса ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин эди.
Ҳуқуқий нуқтайи назардан, мамлакат конституциясига кўра, сайловларни бир йилгача кечиктиришнинг ягона сабаби фақатгина уруш бўлиши мумкин, шу сабаб Эрдўған бу сафар сайлов санасини ўзгартиришни асослаши анча қийин бўлади. Бироқ, президентга Конституциявий суд аъзоларининг кўпчилигини тайинлаш ваколатини берган 2017 йилги конституциявий ислоҳотдан сўнг бу амалга ошириб бўлмайдиган вазифа эмас.
Шу билан бирга, Туркия раҳбари содир бўлган зилзиладан бошқа нарсалар қатори сиёсий балл тўплаш, «умумий қайғу атрофида бирлашиш» зарурлиги ғоясини ёйиш ва ўзини миллат қутқарувчиси сифатида кўрсатиш учун фойдаланиши мумкин.
Бошқа томондан, мухолифат Эрдўғанга 2002 йилда у ва янги ташкил этилган Адолат ва калкинма (ривожланиш) партияси (АКП) 1999 йилда Истанбул яқинида жойлашган Измит шаҳрида содир бўлган даҳшатли зилзиладан (ўшанда 20 мингга яқин одам ҳалок бўлган) уч йил ўтиб ҳокимият тепасига келганини тобора кўпроқ эслатиб туради.
Айнан АКП бошқаруви даврида Туркияда аксарияти сифатсиз бўлган кўп қаватли уйларнинг кенг кўламда қурилиши бошлангани рамзий маънога эга. Мисол учун, 2018 йилда Эрдўған ҳукумати сайловчиларни ўзига жалб қилиш мақсадида рўйхатдан ўтмаган қурилиш ишлари учун амнистия эълон қилади. Бу қарордан сўнг Қурилиш муҳандислари миллий палатасининг ўша пайтдаги раҳбари Жемал Гўкче деярли келажакни кўргандек, «бу қарор натижасида Туркия шаҳарлари қабристонга айланиши»ни башорат қилганди.
«Эрдўған 1999 йилдаги зилзила вайроналари ортидан ҳокимиятга келди. Афтидан у (ҳокимиятдан) 2023 йилги зилзила вайроналари сабаб кетади. Минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган бу зилзила уни ҳам (ўз) сиёсати вайроналари остига кўмиб ташлайди», дейди бир неча йил олдин Германияга кўчиб ўтишга мажбур бўлган энг машҳур турк журналистларидан бири Жан Дундер.
Шундай қилиб тажрибали Эрдўған 2023 йил октябр ойида Туркия Республикасининг 100 йиллигини мамлакат раҳбари сифатида нишонлаш учун қўлидан келадиган барча ишни қилиши аниқ.
Ташқи сиёсатда Эрдўған яқин вақтгача Ғарбга мухолиф сиёсат юритаётганди. Эндиликда халқаро ҳамжамиятнинг Туркияга берган ёрдами туфайли бу риторикани юмшатиш керак бўлади
Сайлов яқинлашар экан, Эрдўған ва унинг атрофидагиларнинг Ғарб давлатларига нисбатан муносабатлари сўнгги ҳафталарда тобора кескин ва муросасиз бўлиб борди.
Масалан, 2 феврал куни Ғарбнинг тўққиз давлати элчилари Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва бу биринчи бундай воқеа эмасди. Ушбу ҳодисадан сўнг ушбу давлатларнинг Истанбулдаги бош консуллик идоралари фаолиятини тўхтатди. Дипломатларнинг хавотири даниялик ўта ўнг кайфиятдаги фаол Расмус Палуданнинг Қуръонни ёқиш ҳаракатларидан сўнг берилган Эрдўған ва бошқа турк сиёсатчиларининг жиддий баёнотлари билан боғлиқ эди. 3 феврал куни Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу АҚШ элчисига юзланиб, уни «ифлос қўлларини Туркиядан тортиб олиш»га чақирди.
Ўзаро муносабатлар кескинлашганига қарамай, даҳшатли зилзилани бошидан ўтказган Туркияга биринчилардан бўлиб Ғарб давлатлари ёрдам берди. Хусусан, АҚШ ҳукумати фалокат оқибатларини бартараф этиш учун Туркияга 150 нафар қутқарувчи юборди. АҚШ президенти Жо Байденнинг сўзларига кўра, Вашингтон Анқарага «зарур бўлган ҳар қандай ёрдам»ни кўрсатишга тайёр.
Сўнгги ойларда Эрдўғаннинг доимий ўзгариб турувчи позицияси ҳамда янги талаблар туфайли НАТОга кириши тўхтаб қолган Швеция ва Финландия алоҳида эътиборга лойиқ.
Шимолий Атлантика альянсига қўшилишга ҳаракат қилаётган икки давлат ҳам Туркия ва Сурияга ўз қутқарувчиларини юборди ҳамда зилзила оқибатларини бартараф этиш учун маблағ ажратди.
Ҳаммаси бўлиб, Швеция Қизил Ярим ой ва Халқаро Қизил Хоч жамиятлари федерациясига 2,82 миллион доллар, Финландия эса бир миллион доллар ажратди.
Ғарбнинг қийин пайтда Туркияга ёрдам беришга сўзсиз тайёрлиги Анқаранинг позициясини ўзгартирмай қўймайди. Сайловолди дастурини Ғарбга қарши ғоя асосида қурган Эрдўған, ҳеч бўлмаганда оммавий чиқишлар доирасида НАТО ҳамкорларига нисбатан оҳанги ва муносабатини ўзгартиришга мажбур бўлиши аниқ.
Бундан ташқари, Швеция ва Финландиянинг НАТOга кириш учун аризасини тасдиқлаш жараёни тезлашиши мумкинлигини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, шимолий мамлакатлар билан консенсусга эришиш Туркия раҳбарияти томонидан дипломатик ғалаба сифатида кўрсатилиши мумкин.
Туркиядаги сайловлар 14 май куни бўлиб ўтиши ҳисобга олинса, республика парламенти Стокҳолм ва Ҳелсинки номзодини тасдиқлаш учун овоз бериш жараёнини сайловдан олдинги таътилгача, яъни тахминан апрел ойи ўрталарига қадар ўтказиши керак.
Шу билан бирга, Анқара зилзила оқибатлари билан курашиб, Украинадаги урушдан бироз узоқлашади. Шунингдек, Ғарб давлатлари томонидан Киевга янги қуроллар берилиши ва урушнинг кутилаётган кучайиши фонида воситачилик ташаббуслари билан чиқиш эҳтимоли камаяди.
Аввалроқ музокараларда воситачи сифатида қатнашган Туркия раҳбари эндиликда эҳтимол Владимир Путин ва Володимир Зеленский билан телефон суҳбатлари ўтказиб, уларни можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақириш билангина чекланиши мумкин.
Ғарб Сурияга Туркияга қараганда анча камроқ ёрдам бермоқда. Аммо Асад режими араб давлатлари билан муносабатларни йўлга қўйиш орқали барибир сиёсий фойда кўриши мумкин
Агар Туркия аллақачон камида 95 мамлакатдан қутқарувчиларни қабул қилаётган бўлса, Сурия билан бу борада вазият анча мураккаброқ. Президент Башар Асад режими узоқ йиллардан бери халқаро изоляция ва санкциялар остида.
«Европа давлатлари ва АҚШ вакилларининг ҳеч бири зилзиладан жабр кўрган, очликдан азоб чекаётган Сурия халқига ҳатто палатка, бир қоп гуруч ёки кўрпа-тўшак ҳам жўнатишга журъат эта олмади», дейди Сурия ҳукуматига яқин «Ал-Ватан» газетаси шарҳловчиси Мунзир Ҳайит.
Дамашққа ёрдам беришга тайёрлигини биринчи бўлиб, Араб Республикасида ҳарбий иштирокини сақлаб турган Беларус ва Россия очиқ эълон қилди. Арманистон, Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари томонидан ҳам ҳуманитар ёрдам юкланган самолётлар юборилди. Қолаверса, Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисийнинг суриялик ҳамкасбига қўллаб-қувватлаш таклифи билан қўнғироқ қилгани (иккала етакчи илгари бир-бирларига ҳеч қачон қўнғироқ қилмаган) ҳам кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди.
Бошқа араб давлатларидан Жазоир, Иордания ва Саудия Арабистони Туркия билан бир қаторда Сурияга ҳам ёрдам беришга тайёр эканини эълон қилди. Бу давлатлар охирги вақтларда Асад режими билан алоқаларини эҳтиёткорлик билан тиклай бошлаганди. Бу қўллаб-қувватлаш Сурия раҳбариятига янада қонунийлик беради ва мамлакатнинг 2011 йил ноябрида Сурия можароси бошланганидан кейин аъзолиги тўхтатилган Араб Лигасига қайтиш имкониятларини оширади.
Исроил ҳукумати ҳам мисли кўрилмаган қадам ташлади, яҳудий давлати Туркиядан ташқари, 1948 йилдан бери уруш ҳолатида бўлган Сурияга ҳам ёрдам беришга қарор қилди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг аниқлик киритишича, Дамашққа ёрдам бериш сўрови халқаро манбадан келган. Исроилнинг Haaretz газетаси маълумотларига кўра, Исроилдан Сурияни қўллаб-қувватлашни Россия сўраган.
Ғарбнинг қатор давлатлари вакиллари агар Дамашққа ёрдам берилса ҳам бу тўғридан тўғри амалга оширилмаслигига аниқ тушунча берди. Хусусан, Германия Асад режими билан бевосита алоқа ўрнатмаслик учун «Malta International» нодавлат ташкилоти орқали сурияликларга бир миллион евро ажратилишини эълон қилди.
Яна бир жиддий муаммо шуки, зилзиладан жабр кўрган ҳудудларнинг аксар қисми Дамашқ назорати остида эмас. Туркия томонидан қўллаб-қувватланувчи исёнчи гуруҳлар назоратида бўлган шимоли-ғарбий Идлиб вилоятидаги тўрт миллионга яқин аҳоли табиий офатдан олдин ҳам халқаро ёрдамга таяниб яшаган.
Ушбу минтақага ҳуманитар ёрдам етказилиши БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2014 йилда биринчи марта қабул қилинган резолюциясига мувофиқ амалга оширилади. 2020 йилда резолюцияга киритилган ўзгартиришга кўра, Сурияга ҳуманитар юк етказиш фақатгина битта ўтиш пунктидан амалга оширилади. Ва бу пункт — «Боб-ал-Ҳава» ҳозирда зилзила сабаб жиддий зарар кўрган. Зилзиладан икки кун ўтиб, ушбу чегара пости сайтида унинг ходимлари «халқаро ёрдамни қабул қилишга тайёр, аммо ёрдам келмаяпти» деган хабар пайдо бўлди.
Илгари бу ҳудудларни назорат қилган Анқара ҳозир Сурия ерларига эмас, балки Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этишга эътибор қаратгани аниқ.
Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Дамашқ назорати остидаги ҳудудларда ҳам (айниқса, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Ҳалабда) вазият яхши эмас. Кўп йиллардан буён ёнилғи ва электр энергияси тақчиллиги, миллий валюта қадрсизланиши билан курашаётган Араб Республикаси раҳбарияти бундай кенг кўламли фалокат оқибатлари билан мустақил равишда кураша олмайди.
Умумий фалокат 10 йилдан кўпроқ давом этган совуқ муносабатлардан сўнг яқинда фаол равишда алоқа ўрнатишга тайёрлигини намойиш қилган Анқара ва Дамашқ позицияларини яқинлаштиришини инкор этиб бўлмайди. Икки давлат мудофаа вазирларининг 2022 йил декабр ойида Москвада бўлиб ўтган учрашувидан сўнг, Эрдўған ва Асад ўртасидаги яккама-якка музокараларга тайёргарлик кўриш мақсадида январ ойида Туркия ва Сурия ташқи ишлар вазирлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилиши кутилган эди. Эндиликда умумий қайғу билан бирлашган етакчилар, эҳтимол Кремль воситачилигисиз ҳам тезроқ умумий тил топишишлари мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар