
Украинлар бир неча йўналишда мудофааланмоқда. Фото: AFP
Сўнгги кунларда украиналик сиёсатчилар ва Ғарбдаги ҳарбий таҳлилчилар томонидан Россиянинг кутилаётган кенг кўламли юриши бошланиши ҳақида тобора кўпроқ баёнотлар янграмоқда. Аммо Украинада фронтнинг турли участкаларида кескинлик ортганини юриш бошланиши деб ҳисоблаш мумкин бўлса ҳам, ҳал қилувчи юриш деб баҳолаш қийин. BBC ҳозир содир бўлаётган воқеалар Россия армиясининг сўнгги ойларда Донбассда олдинга силжишга уринишларидан нимаси билан фарқланишини таҳлил қилди.
Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко ўтган ҳафтада Украина телевидениесига берган интервюсида Россиянинг юриши «маълум маънода» бошлангани ҳақида айтди.
Ўз навбатида Луҳанск ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай Луганскдаги юриш «амалда бошланиб кетгани» ҳақида айди.
Шунингдек, Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) ўз сводкасида Россия армияси ташаббусни қўлга олгани ва Луҳанск областида юриш қилаётгани ҳақида хабар берди.
Россия катта юришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида январ ойи ўрталаридан буён айтиб келинаётганди. Ўшанда кузатувчилар ва экспертлар юриш икки томондан ҳам бошланишини кутиш мумкинлигини билдиришганди. Аммо феврал ойи бошида Ғарбда ва Украинадагилар фаол ҳарбий ҳаракатлар айнан Россия томонидан бошлангани ҳақида айта бошлашди.
Сўнгги ҳафталарда – айниқса, сўнгги кунларда – фронтнинг айрим участкаларида вазият чиндан ҳам кескинлашди. Аммо ҳозирча Россия қўшинларининг ҳужумлари ва олдинга ҳаракатланишини кўпчилик «катта юриш» деб ҳисобламаяпти. Шунга қарамай, илгарилаш кузатилмоқда.
Бахмут – оператив қуршовда
Нисбатан мураккаб вазият Донецк областининг Бахмут шаҳри атрофида юзага келган, Россия армияси бу шаҳарни олиш учун август ойидан буён ҳаракат қилмоқда. Шаҳар ҳудудидаги вазият сўнгги кунларда тобора ёмонлашиб бормоқда.
Шаҳар айни вақтда Россия қўшинлари позициясидан ёриб чиққан улкан бўртиқ учига тўғри келмоқда. У шимол ва жанубдан ўраб олинган. Уни шимоли-ғарбдан, Словянск томондан келувчи таъминот йўлидан узиб қўйиш учун Россия қўшинлари ушбу йўл бўйида жойлашган Красная Гора ва Прасковийивка қишлоқларини эгаллаши талаб этилади.

Россия армияси ҳужум қилаётган бўлса-да, буни ҳал қилувчи юриш деб аташ қийин. Фото: RUSSIAN MOD/TASS
Прасковийивка орқали М-03 шоссеси ўтади, бу Бахмутга таъминот етказиб бериладиган йўллардан биридир.
13 феврал куни аввалига «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин, кейин эса РФ мудофаа вазирлиги Красноя Гора посёлкаси эгаллангани ҳақида хабар тарқатди, Прасковийивка учун жанглар давом этмоқда.
Бошқа йўл – Т-0504 трассаси – жануби-ғарбий йўналишда, Константиновка томондан Бахмутга олиб келади. Россия қўшини бу йўлга ҳам Ивановское қишлоғи атрофида яқин келишган.
Икки йўл ҳам Россия қўшинлари томонидан ўққа тутилмоқда, аммо ҳозирча бу йўллар тўсиб қўйилгани йўқ. Бахмутдаги вазият бўйича қандайдир прогнозлар қилиш қийин, чунки бу ҳудудда Россия қўшини ҳаракати ҳамон Украина қуролли кучларининг яхши ташкил этилган мудофааси туфайли жуда секин кечмоқда.
Креминна-Сватово
Креминна – Луганск области ғарбида жойлашган шаҳар бўлиб, Украина қўшини кузги қарши ҳужум вақтида ушбу шаҳарни ҳам қайтариб олиши кутилганди. Шаҳар ўша юриш вақтида Украина қуролли кучлари томонидан озод этилган сўнгги аҳоли яшаш манзили бўлиб қолган Лиман шаҳридан 30 километр шарқда жойлашган.

Сватово - Луҳанск областидаги яна бир шаҳар бўлиб, Креминнадан 35 километр шимолроқда жойлашган. Украинанинг кузги қарши ҳужумлари Креминна-Сватово линиясида тўхтаб қолган, бу шаҳарларни озод этиш имкони бўлмаганди.
Энди, ISW мутахассислари ва бошқа кузатувчилар хабар беришича, айнан шу ҳудудда Россия армияси юриши бошланмоқда.
Агар Россия қўшинлари Лиманга етиб келиб, уни қайтадан эгаллашга муваффақ бўлса, бу уларга аввалига Словянскка ва кейин Краматорскка томон йўл очади. Аммо бу мақсадлар анча амбицияли бўлиб кўринади, чунки ҳозирда Россия қўшини Лиман йўналишидаги ўрмонли ҳудудлар бўйлаб ёриб ўтиши қийин масала.
Сватоводан шимолда россияликлар Харкив областидаги Купянск шаҳрига ҳужум қилмоқда. Россия билан чегарада жойлашган бу районни эгаллаш Донбассдаги гуруҳ таъминоти учун муҳим.
Вуҳледар
Жанглар анча фаоллашган учинчи йўналиш, бу Вуҳледардир. Бу ерда Россия армияси катта юриш қилишга уринган, лекин жанговар гуруҳ мағлубиятга учраб, катта йўқотишлар бериб чекинган.
Манбалардан бирининг маълумотига кўра, яна Тинч океани флотининг 155-денгиз пиёдалари бригадаси зарбага учраган, бу бригада ноябр ойида ҳам ушбу ҳудудда йирик мағлубиятга учраганди. Бошқа бир манбага кўра, бу мотоўқчилар қисми бўлган.
8 феврал куни Украинанинг қатор каналларида дрон орқали олинган кадрлар тарқалди. Уларда Россиянинг зирҳли техникалари колоннаси Украина артиллерияси зарбаларига йўлиққани акс этган. Техникаларнинг бир қисми минага тушиб портлаб кетган.
Натижада, дрон орқали олинган кадрларга кўра, бу йўналишда россияликларнинг 30 дан ортиқ зирҳли техникалари, жумладан танклари яксон этилган.
Россия қўмондонлигининг ҳужумни режалаштиришдаги ҳаракатлари кўплаб россиялик ҳарбий мухбирлар ва экспертлар томонидан танқидга учради, улар колонна ҳаракати ҳеч бўлмаганда муҳандислик разведкаси билан таъминланмаганини қайд этишган.
«ДХР»нинг собиқ мудофаа вазири Игор Стрелков РФ қуролли кучлари Вуҳледар атрофида қақшатқич зарбага учраганини айтди – унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар 30 дан ортиқ зирҳли техникани йўқотган, «бир неча ўнлаб» танкчилар ҳалок бўлган.
Бу ҳужум бир неча кун олдин Вуҳледарга бошланган юриш натижаси бўлди. Аввалига ҳужум разведка жангидек кўринаётганди, аммо кейин, британ разведкаси баҳоларига кўра, ҳужумлар ҳақиқий юриш даражасигача ўсган. Бу натижа оралиқ бўладими ёки ҳужумлар бутунлай тўхтайдими, ҳозирда аниқ гап айтиш қийин.
BBC рус хизмати мухбири Ольга Ившина:
Декабр ойи ўрталаридаёқ биз Россиянинг кунлик йўқотишлари сони кескин ўса бошлаганини сездик. Ҳолбуки гап фақат ўлими Россиядаги манбалар (расмийлар ва/ёки қариндошлари) томонидан тан олинган ҳарбийлар ҳақида кетмоқда.
Сизга маълумки, урушнинг илк кунларидан буён BBC «Медиазона»даги ҳамкасблар ва кўнгиллилар жамоаси билан ҳамкорлик қилиб, Украинага босқин давомида ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг рўйхатини юритиб келмоқда.
2022 йил мобайнида Россиядаги манбалар ҳар ҳафта ўртача 250-300 қурбонни тасдиқлашарди. Ҳозирда биз бир ҳафтада камида 600 фамилияни тасдиқлашга эришдик, январ ойи охиридан буён – ҳар ҳафтада ўртача 700 киши ўлими тасдиқланган. Ва бу биз очиқ манбалар орқали текширишга муваффақ бўлган маълумотлар, яъни ҳақиқий қурбонлар сони анча каттароқ. Агар некрологлар ва фронтдан келаётган хабарла солиштирилса, бу ҳарбийларнинг аксари юриш ҳаракатлари давомида ҳалок бўлгани англашилади.
Ҳозирги фаоллашиш кенг кўламли юриш бошланишими?
2014 йилдан буён «ДХР» томонида туриб жанг қилиб келаётган «Восток» батальони командири Александр Ходаковскийнинг ёзишича, Россия қўшини ҳозирча Украина қисмлари қаттиқ қаршилик кўрсатаётган шаҳар шароитидаги жанглар билан банд. Аммо, келгусида ҳужум шиддати кучайиши мумкин, деб ҳисоблайди у.
«Қаердадир улуғвор режаларни саҳифалаётган бўлишса-да, ерда тўқнашувлар кетмоқда. Қайсидир участкада биз шаҳарлар деворларига қараб чопмоқдамиз, қаердадир судралиб бормоқдамиз - умуман олганда, вазият алоҳида динамика билан ажралиб турмаяпти. Кучлар концентрацияси анча салобатли, сўнгги ҳафталардаги вазият шундай – туғилиш тез орада бошланиши керак», дея ёзган у ўз телеграм-каналида.
Бошқа томондан, Вуҳледар остонасидаги мағлубият Россия қўшинларининг руҳий ҳолатига таъсир кўрсатиши аниқ, аммо бошқа томондан – Сватово ва Бахмут атрофидаги вазият Украина қуролли кучлари учун анча қийинлашган.
Агар Россия бош штаби чиндан ҳам катта юриш бошлаш ҳақида ўйлаётган бўлса, уни бирданига бир неча йўналишда олиб бориш мантиқий бўлади – бу ҳолда мудофааланаётган томон учун вазифа қийинлашади, улар бир вақтнинг ўзида бир неча инқирозни ҳал қилиши талаб этилади.
Россиянинг 2022 йил февралидаги босқини худди шу мантиқ билан бошланганди – ўшанда Украинага бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда юриш қилинганди.
Бошқа томондан, ҳужумларнинг бир қисми чалғитувчи бўлиб чиқиши, асосий зарба эса муайян йўналишдан берилиши мумкин. Ҳозирча қайси йўналиш асосий бўлишини айтиш қийин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар