
Ўзбекистон энергетика тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янги объектларни ишга тушириш маросимида президент Шавкат Мирзиёев соҳа олдида турган вазифалар, эришилаётган натижалар ва келгусидаги истиқболлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мамлакат энергия секторини модернизация қилиш ва муқобил манбалар улушини кўпайтириш борасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўрни жадал ошмоқда.
Президент ўз нутқида “Ангрен Энерго” ва O‘zhydropower компаниялари бугунги кунда шунчаки ишлаб чиқариш корхоналари эмас, балки келажакда халқаро стандартларга мос йирик миллий энергия концернларига айланишига ишонч билдирди. Унинг фикрича, ушбу компаниялар нафақат ички бозорни замонавий электр ускуналари билан таъминламоқда, балки бутун соҳанинг ривожига стратегик туртки бермоқда.
Бугунги кун статистикаси ҳам шундан дарак беради: мамлакат бўйлаб хусусий сектор, аҳоли уйлари ва ижтимоий объектларда қуввати 2 минг мегаваттдан ортиқ бўлган кичик қуёш панеллари ўрнатилган. Фақат шу йилнинг ўзида улар ҳисобидан қарийб 2 миллиард киловатт-соат муқобил энергия ишлаб чиқарилган. Бу эса нафақат электр таъминоти барқарорлигини оширмоқда, балки энергия импортига бўлган боғлиқликни камайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, электр инфратузилмасини тубдан янгилаш ишлари ҳам изчил давом этмоқда: мамлакат ҳудудларида 69 минг километр электр тармоқлари, 14 мингта трансформатор ва юқори кучланишли подстанциялар янгиланган. Барча бу ишлар учун катта миқдорда маҳаллий маҳсулот ва хизматлардан фойдаланилаётгани эътиборга молик. Жорий йилда маҳаллий корхоналар томонидан 700 миллион долларлик металл конструкциялар, кабеллар, электр жиҳозлари ва инжиниринг хизматлари тақдим этилган.
Ушбу ривожланишнинг ёрқин намунасидан бири сифатида Норин каскадидаги 38 мегаваттли гидроэлектр станция тўлиқ маҳаллий маҳсулотлар асосида қуриб битказилгани қайд этилди.
Президент Мирзиёев таъкидлаганидек, йилига 15 мингта трансформатор ишлаб чиқарадиган “Ангрен Энерго” ҳамда 155 та гидроагрегат тайёрлайдиган O‘zhydropower корхоналари нафақат ички эҳтиёжни қамраб олади, балки келгусида минтақавий ва халқаро лойиҳаларда ҳам ўз сўзини айтадиган йирик ўйинчига айланади. Бу эса Ўзбекистоннинг энергия хавфсизлиги ва саноатни маҳаллий маҳсулотлар асосида ривожлантириш стратегиясида муҳим босқич саналади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.