
Суриянинг Ҳарим шаҳрида болалар ҳам харобаларни тозалашга жалб этилган
Туркия ва Сурияни ларзага солган зилзилалардан кейин бир ҳафта ўтди. Қутқарувчилар вайроналар остидан одамларни қидириш ишларини тўхтата бошлаган.
Душанба куни кечқурун берилган маълумотларга кўра, икки мамлакатда зилзила қурбонлари сони 37 минг кишидан ошган, аммо бу рақамлар якуний эмаслиги аниқ.
Туркия Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси маълумотларига кўра, мамлакатда 31 643 киши ўлими тасдиқланган, қўшни Суриянинг шимоли-ғарбида эса қурбонлар сони 5714 нафарга етган.
БМТ фалокат ҳудудида 800 мингдан ортиқ киши тўйиб овқатланмаётганини маълум қилди, ташкилотнинг жойларда ёрдам кўрсатиш агентлиги эса зилзила қурбонларининг якуний сони катта эҳтимол билан ҳозиргидан икки баробар кўп бўлишидан огоҳлантирмоқда.
Икки мамлакатда ҳам озиқ-овқат захиралари тугамоқда. Ҳозирги вақтда Туркия жанубидаги Адана шаҳрида бўлиб турган ҳуманитар ташкилотлар ходимларидан бирининг BBC нашрига айтишича, зарур буюмлар рўйхати улкан, ҳудудларга ички кийимлар, палаткалар ва адёллар етказиш жуда қийин бўлмоқда.
Бу ҳафта Туркия ва Сурияда ҳарорат пасайиши кутилмоқда, бу эса қутқарувчилар учун ҳам, зилзиладан кейин омон қолган бўлса-да, бошпанасини йўқотганлар учун ҳам қўшимча қийинчиликлар туғдиради.
Шанба куни, қурбонлар сони 28 минг кишига етганида, БМТ бош котибининг ҳуманитар масалалар бўйича ўринбосари ҳамда фавқулодда ёрдам бўйича координатор бўлган Мартин Гриффитс бу рақам икки ва ҳатто уч баравар кўпроққа ошиши кутилаётганини айтганди.
Суриядаги вазият
Душанба куни Сурия шимолидаги Ҳалаб шаҳрига ташрифи чоғида Гриффитс қутқарув амалиёти босқичи якунланаётгани ва ҳукумат ўз эътиборини тирик қолганларга бошпана, озиқ-овқат, мактаб таълими ва тиббий ёрдам билан таъминлашга қаратишини айтди.
«Биз гаплашган одамларнинг жароҳати кўриниб турибди ва бу бутун дунё даволаши керак бўлган жароҳатдир», деди у журналистларга Ҳалабга ташрифи вақтида.
Гриффитс хоним шунингдек БМТ тез орада ҳукумат назоратидаги ҳудудлардан мамлакат шимоли-ғарбидаги исёнчилар назоратидаги ҳудудларга ёрдам олиб киришни бошлаши ҳақида айтиб ўтди.
«Биз одамларга шу ернинг ўзида ғамхўрлик қилишимиз муҳим», деган у ва ҳозирги ҳолат кўплаб сурияликлар ўз ҳаётида бошдан кечираётган энг ёмон давр эканини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият ҳамон Сурия шимоли-ғарбидаги жабрланганларга ёрдам бера олмаяпти.
Амалда ҳеч қандай ёрдам етиб келмаган бу ҳудудларда яшовчилар эса БМТ ва бошқа агентликларни уларни тақдир измига ташлаб қўйганликда айблашади.

Сурия шимоли-ғарбидаги вайрон бўлган бино харобалари олдида ярадорлар олиб чиқилишини кутиб турган тез ёрдам машинаси
Фото: DEC
Идлиб вилоятини исёнчи кучлар назорат қилади ва БМТ ҳозирча Асад режими назорат қиладиган ҳудуддан бу ерга инсонпарварлик ёрдами етказиб беришни ташкиллаштира олмаяпти. Бир неча нафар испаниялик шифокорлардан ташқари Суриянинг бу қисмига бошқа халқаро ёрдам гуруҳи етиб келмаган.
Идлиб муқаддам «Ал-Қоида» билан алоқадор бўлган «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» гуруҳи томонидан назорат қилинади. Бу гуруҳ кейинроқ террорчи ташкилот билан алоқаларини узган, аммо жаҳондаги деярли ҳеч бир давлат ҳукумати бу гуруҳни қўлламайди.
Reuters агентлиги гуруҳ аъзолари орасидаги ўз манбасига таяниб, улар Асад фожиадан ўз обрўсини кўтариб олишда фойдаланмаслиги учун Суриянинг юк машиналарини ўтказмоқчи эмаслигини хабар қилган.
Туркия Суриянинг Асад режими назоратида бўлмаган ҳудудига ёрдам етказиш учун Килис вилоятидан яна иккита йўналиш очишга тайёрлигини хабар қилган. Айни вақтда Сурия шимолига чегарадаги Боб ал-Ҳава назорат-ўтказиш пункти орқали инсонпарварлик ёрдами етказилмоқда.
Қочқинлар
Шу билан бирга, мамлакат ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Туркия зилзиладан кейин Суриядан қочқинларнинг янги оқими кириб келишига йўл қўймаслигини айтиб ўтди.

Хорижлик аскарлар Туркиянинг Искандарун шаҳрида кўчирилган одамларни озиқ-овқат ва бошпана билан таъминлашга ёрдам бермоқда
«[Зилзиладан кейин] Суриядан Туркияга қочқинларнинг янги оқими кириб келгани ҳақидаги гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди. Биз бунга йўл қўймаймиз, бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Биз сурияликларга инсонпарварлик ёрдами етказилишини осонлаштиряпмиз, аммо суриялик қочқинларнинг янги оқимига йўл қўя олмаймиз. Булар турли масалалар», дея унинг сўзларини келтирган Reuters.
Германия ташқи ишлар вазирлиги зилзиладан жабрланганлар учун Туркия ва Суриянинг йирик диаспоралари истиқомат қилувчи Германияда бошпана тақдим этилиши мумкинлигини, аммо бунинг учун улар мавжуд виза талабларига жавоб бера олиши талаб этилишини билдирди.
«Боридан айрилганларнинг паспорти бўлиши даргумон, аммо биз Туркия ҳукуматининг паспорт суверенитетига путур етказа олмаймиз ва хорижликларга шунчаки кириш ҳужжатларини тақдим эта олмаймиз», деган ТИВ вакили.
Паспортларини харобалар остида йўқотган Туркия фуқароларига Германиядаги қариндошларининг олдига кўчиб ўтишни истаса, мамлакатнинг Анқарадаги элчихонасига мурожаат қилиш тавсия этилган.
Аммо сурияликлар иши мураккаброқ, чунки Сурия Германия билан дипломатик алоқаларга эга эмас ва улар виза масаласида қўшни мамлакатлардаги Германия ваколатхоналарига мурожаат этишига тўғри келади.
Мўъжиза туфайли омон қолганлар
Вайроналар остида омон қолиш имконияти кун сайин камайиб бораётганига қарамай қутқарувчилар дам олиш кунларида ҳам тирик қолганларни қидириш ишларини давом эттиришди.

Саодат Сендаг бир ҳафтадан ортиқ вақт давомида қулаб тушган бино вайроналари остида қолган
Фото: REUTERS
Якшанба куни Туркия жанубидаги Ҳатай вилоятидаги уй харобалари остида 139 соат қолиб кетган етти ойлик чақалоқ чиқариб олинди.
Душанба куни бир ҳафтадан ошиқ вақт давомида қулаган бино остида бўлган Саодат Сендагни чиқариб олишди.
Шу вилоятда қутқарувчилар қулаган бино остидан 13 ёшли ўсмирни қутқаришди – у ҳам вайроналар остида бир ҳафтадан ошиқ вақт ўтказган.
Сешанба куни эса Қаҳрамонмараш ва Адияман шаҳарларида зилзиладан 198 соат ўтиб омон қолганлар қутқариб олинди.
Қутқарувчилар оғир шароитларда ишлашига тўғри келмоқда. Шанба куни австриялик ҳарбийлар ва германиялик қутқарувчилар Сурия билан чегарадаги Ҳатай вилоятида қутқарув ишларини тўхтатишга мажбур бўлди, бунга маҳаллий қуролли гуруҳлар ва талончилар ўртасидаги отишмалар сабаб сифатида кўрсатилди.
Кейинги куни омон қолганларни қидириш ишлари Туркия армияси ҳимояси остида қисман тикланди.

Қатар томонидан тақдим этилган инсонпарварлик ёрдамлари олиб келаётган автоколонна Туркия билан чегарадаги Боб ал-Ҳава назорат-ўтказиш пунктидан исёнчилар назоратидаги Идлиб вилояти ҳудудига ўтмоқда
Фото: GETTY IMAGES
Пудратчиларнинг ҳибсга олиниши
Туркия ҳукумати сейсмик фаол ҳудудда қурилиш қоидалари бузилиши билан боғлиқ 130 гумонланувчи ҳақида эълон қилди, уларнинг фаолияти туфайли ер силкиниши чоғида кўп қаватли уйлар қартадан қурилган уйлар каби қулаб тушган.
Ҳукумат зилзиладан жабрланган 10 вилоятда 170 минг бинони текширгач, шундан 25 минг уй буткул вайрон бўлгани ёки жиддий шикастланганини аниқлади. Прокурорлар ҳибсга олиш учун 113 та ордер берган.
Туркия полицияси аллақачон камида 12 кишини, жумладан қурилиш пудратчиларини ҳибсга олган.
Қўлга олинганлар орасида – Ғозиантеп ва Адана шаҳарларида, шунингдек Ҳатай вилоятида қурган кўп қаватли бинолари вайрон бўлган таниқли қурувчилар ҳам бор.
Адияманда қурган бинолари қулаб тушган яна икки пудратчи якшанба куни Истанбул аэропортида қўлга олинди. Times нашри хабар беришича, улар ёнида нақд шаклдаги 17 минг доллар билан Грузияга учиб кетишга ҳаракат қилишган.
Бироқ мухолифатчилар бу ҳибсга олишларни ҳукуматнинг айбни қурувчилар ва девелоперлар зиммасига юклашга уриниши ва ғазабланган аҳоли эътиборини фожиага сабаб бўлган ва унинг оқибатларини бартараф этишга тўсқинлик қилган давлат бошқарувидаги муваффақиятсизликлардан чалғитиш деб ҳисобламоқда.
«Пудратчиларнинг қўлга олиниши – жамоатчилик ғазабига реакциядир. Ҳақиқий айбдорлар – булар тизимни шундай ҳолатда сақлаб қолган ҳозирги ва олдинги ҳукуматлар», деган Times нашрига берган интервюсида Муҳандис-қурувчилар палатасининг собиқ президенти Танер Юзгек.
Қурилиш амнистиялари
1999 йилда Измитда содир бўлган ва 17 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетган зилзиладан кейин Туркияда янги биноларнинг зилзилаларга чидамли бўлишини талаб қилувчи янги қурилиш меъёрлари жорий этилганди, аммо бу нормаларга доим ҳам риоя қилинмади.

Олдин ва кейин: Искандарунда 2019 йилда қурилган ва зилзиладан вайрон бўлган уй
2011 йилда юзлаб кишилар ҳалок бўлган навбатдаги зилзиладан кейин ўша вақтда бош вазир бўлган Ражаб Тоййиб Эрдўған кўп сонли қурбонлар учун айбни сифатсиз қурилишлар билан боғлаганди. «Муниципалитетлар, қурувчилар ва назорат органлари уларнинг эътиборсизлиги қотиллик билан баробар эканини тушунишлари керак», деганди ўшанда у.
Аммо 2018 йилда, президентлик ва парламент сайловлари арафасида ҳукумат қурилиш амнистиялари эълон қилди. Бу қурилишларни, жумладан зилзила хавфи юқори бўлган ҳудудларда ҳам рағбатлантириш мақсадида амалга оширилди, бу эса якунда Туркия хазинасига 3 млрд доллар атрофида маблағ олиб келди.
Reuters агентлиги хабар беришича, 10 миллионга яқин киши амнистия учун мурожаат қилган ва 1,8 млн ариза қабул қилинган.
Кўчмас мулк эгалари биноларни рўйхатдан ўтказиш учун пул тўлашди, бу бинолар кейинчалик турли солиқ ва йиғимларга тортилади. Шу тариқа, Туркия урбанизация вазири 2019 йил декабрда эълон қилган маълумотга кўра, амнистия давлат хазинасига кўчмас мулк учун солиқлар ва рўйхатдан ўтказиш йиғимлари кўринишида жами 16,5 млрд лира (тахминан 3,1 млрд доллар) келтиради.
Қурилиш соҳасидаги туркиялик экспертлар эса зудлик билан бинолар учун тўлов эвазига эски сана билан лицензиялаш ҳалокатли оқибатларга эга бўлишидан огоҳлантириб бонг уришади.
«Бу бизнинг шаҳарларимиз, хусусан Истанбул қабристонга, уйларимиз тобутга айланишини англатади. Мутлақо лицензияси йўқ бўлган бинолар ёки дастлабки режага зид ўлароқ кўпроқ қаватли қилиб қурилган бинолар - уларнинг барчасига амнистия берилмоқда. Бу жуда хавфли», деганди 2019 йилда Қурилиш муҳандислари миллий палатасининг ўша пайтдаги раҳбари Жемал Гўкче.
Лондон Университет коллежининг фавқулодда вазиятларни режалаштириш ва бошқариш бўйича мутахассиси, профессор Дэвид Александер BBC учун интервюсида зилзила кучли бўлса ҳам, сифатли қурилган бинолар қулаб тушмаслиги кераклигини айтганди.
«Кўп жойларда силкиниш кучи максимал даражадагидан камроқ бўлган, шунинг учун биз хулоса чиқаришимиз мумкинки, қулаган минглаб биноларнинг деярли барчаси зилзила рўй берган тақдирда дош бериш учун зарур бўлган қурилиш меъёрлари бўйича қурилмаган», дейди у.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар