22:30 / 21.03.2023
297

Туркиядаги сайловлар: Эрдўған ҳокимиятни сақлаб қола оладими?

Туркиядаги сайловлар: Эрдўған ҳокимиятни сақлаб қола оладими?

Фото: BBC Russian

Туркияда сайлов кампанияси тобора қизиб бормоқда. 14 май куни мамлакатда президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. Президентлик учун 9 йилдан бери Туркияни бошқариб келаётган, ундан олдин 11 йил бош вазир лавозимида ишлаган Ражаб Тоййиб Эрдўған асосий номзод сифатида курашади. Мухолифат ҳам ягона номзодини танлади ва бу коалиция иқтисодий инқироз, «эрдономика» ва демократик институтлар йўқ қилинишидан жабр кўрган энг хилма-хил сайловчиларни бирлаштириши кутилмоқда. Туркия умуман тайёр бўлмаган даҳшатли зилзила сайловолди кампаниясига қўшимча омиллар қўшди. BBC нашри сайловолди пойгаси иштирокчилари, асосий интригалар ва истиқболлар ҳақида мақола тайёрлади.

Барча имкониятга эга бўлган номзодлар

Бутун ўтган йил давомида таҳлилчилар агар турк мухолифати келишувга эришиб, Ражаб Тоййиб Эрдўғaнга қарши ягона номзод кўрсатишга муваффақ бўлса, уларда президентлик сайловларида ғалаба қозониш имконияти пайдо бўлишини таъкидлаб келди.

Мухолифат номзодни танлашни ва уни эълон қилишни охирги дақиқаларгача чўзди. Бунга бир томондан, Эрдўғaн номзодга нисбатан маъмурий ресурсларни қўллашига йўл қўймаслик мақсади, бошқа томондан эса, ички келишмовчиликлар сабаб бўлди.

Мухолифат етакчиси ролига асосий номзодлар икки муҳим шаҳар – Истанбул ва Анқара мэрлари ҳисобланаётганди.

Уларнинг бири, Акром Имомўғли 2019 йили Истанбул мэрлигига сайловда ғалаба қозонган 54 ёшли истиқболли сиёсатчи. Шаҳар раҳбарлигига бошқа номзодни қўллаб-қувватлаган, Имомўғлининг ғалабасидан ғазабланган Эрдўған ўшанда ҳаммани сайловлар адолатсиз ўтганига ишонтиришга уринганди. Имомўғли 19 кун шаҳар ҳокими бўлиб ишлади, шундан сўнг сайлов комиссияси барибир сайлов натижаларини бекор қилди ва янги сайлов белгилади. Имомўғли яна ғалаба қозонди ва бу сафар ҳатто ҳукмрон партия вакили бўлган рақибидан устунлигини ошириб олди ҳам.

Истанбул мэри Акром Имомўғлининг рейтинги юқори, аммо унинг сайлов комиссияси билан муаммолари бор. Фото: NURPHOTO

Аммо айнан ўша сайловлар Имомўғлини президентликка номзод бўлиш имкониятидан маҳрум этди. У биринчи сайлов натижалари бекор қилинишини аҳмоқлик деб атади, натижада Имомўғли сайлов комиссияси аъзоларини ҳақорат қилишда айбланиб, қамоқ ва сиёсий фаолиятни тақиқлаш жазосига ҳукм қилинди.

Унинг апеллацияси кўриб чиқилгунга қадар Имомўғли Истанбул мэри бўлиб қолади. Аммо унга исталган сонияда ҳақиқий қамоқ жазосига қўлланиши мумкинлигини тушунган ҳолда, Имомўғли президентлик сайловларида ўз номзодини илгари сурмади.

Яна бир потенциал номзод Анқара шаҳри ҳокими Мансур Яваш эди. Унинг Туркия сиёсатидаги йўли Имомўғлиникидан унчалик фарқ қилмайди. Яваш бир неча бор Анқара мэрлиги сайловларида қатнашган ва 2019 йилда, учинчи уринишда ғалаба қозонишга эришган.

Туркия пойтахтини бошқарган йилларида Яваш деярли қаттиқ танқидга учрамади ва шаҳарда унга ҳурмат билан муносабатда бўлишди. Имомўғлидан фарқли ўлароқ, Яваш камдан кам интервью беради ва шаҳар ҳокими сифатидаги фаолияти доирасидан ташқаридаги масалаларда кам гапиради. Шу билан бирга, ижтимоий сўровномаларда у ҳатто Имомўғлидан ҳам, Эрдўғaндан ҳам юқорида бўлиб, етакчи ўринни эгаллаган.

Аммо кенг мухолифатдан президентликка номзод бўлиш учун Анқара мэрига миллатчи имижи тўсқинлик қилди, чунки унинг номзодликка танланиши сайловларда ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин бўлган сўл қанот сайловчилари ва курдларни коалициядан узоқлаштириши мумкин эди.

Охир-оқибат, олти партия тортишувлар, баҳслар ва демаршлар билан учинчи номзод бўйича келишувга эришди. Бу танлов ҳам дастлаб ҳаммага маъқул келмади, лекин у потенциал равишда энг кенг оммани, жумладан курд сайловчиларни бирлаштиришга қодир эди. Бироқ мухолифат музокараларида курдларнинг вакиллари иштирок этмади.

Олти стол

«Халқ коалицияси» номи билан танилган Туркия мухолифати олти партиядан иборат: Отатурк томонидан асос солинган «Жумҳурият халқ партияси» (Cumhuriyet Halk Partisi, CHP), «Саодат партияси» (олдинги Fazilet Partisi), ўнг қанот миллатчи «Яхши партия» (İYİ Parti), марказчи «Демократик партия» (Demokrat Parti), «Демократия ва тараққиёт партияси» (Demokrasi ve Atılım Partisi, DEVA) ҳамда ҳукмрон партиянинг собиқ раиси, собиқ бош вазир ва собиқ ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғли томонидан асос солинган «Келажак партияси» (Gelecek Partisi).

Бундай турли қарашдаги кучларнинг сиёсий курашда бирлашишга тайёрлиги уларнинг сайловчилари мамлакатдаги ўзгаришларни қанчалик кутаётганидан далолатдир.

Мухолифатни бирлаштириш учун Жумҳурият халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли масъул бўлди. Ва кўпчилик ҳамкасблари айнан уни Туркия президенти сифатида кўришга тайёр.

Мухолифат қурултойи 2 март кунига белгиланди ва улар 6 март куни ягона номзодни эълон қилишга ваъда берди. Бу тўрт кун «Халқ коалицияси» учун ҳақиқий даҳшатга айланди. «Яхши партия» раҳбари Мерал Акшенердан ташқари барча Қиличдорўғли номзодини қўллаб-қувватлади.

Акшенер Қиличдорўғли номзодини маъқулламаслигини ҳеч қачон яширмаган ва ундан эҳтимолий номзод ҳақида сўралганда, у Қиличдорўғлининг имкониятларига ишонмаслигига ишора қилиб, «биз ғалаба қозонадиган инсоннинг номзодини хоҳлаймиз» дея жавоб берган. Аммо унинг фикри жиддий тўсиқ бўлмайдигандек туюлганди.

Бу туйғу ҳақиқатдан йироқ эди. Акшенер ёки Акром Имомўғли, ёки Мансур Яваш мухолифатнинг ягона номзоди бўлиши керак деб туриб олди.

У коалицияни халқ иродасини ифода эта олмаётганликда айблаб, «олтилик столи»ни тарк этди. У, шунингдек, Истанбул ва Анқара мэрларига мурожаат қилиб, уларни «масъулиятни ўз зиммасига олиш ва халқ чақириғига жавоб бериш»га чақирди. Акшенернинг фикрича, уларнинг мамлакатдаги машҳурлиги ва юқори рейтинги Эрдўғанни мағлуб этишга ёрдам беради. Экспертлар бу демаршни сиёсий суиқасд деб атади.

Акшенер хоним мухолифат номзоди сифатида тасдиқланган Қиличдорўғлининг чиқишини тингламоқда. Фото: LIGHTROCKET

Имомўғли ва Яваш ўзаро учрашди ва шундан сўнг уларнинг иккиси ҳам Жумҳурият халқ партияси етакчисини қўллаб-қувватлаб, мухолифат етакчиси ролидан воз кечишди.

«Қиличдорўғли машҳурроқ бўлгани учун мухолифат номзоди бўлмади. Истанбул ва Анқара мэрларининг рейтинги юқорироқ эди. Лекин Қиличдорўғли — партия етакчиси. Шунинг учун Яваш ва Имомўғли Киличдорўғлининг тасдиқловисиз номзод бўла олмасди ва у ўз номзодини илгари сурди», дейди Карнеги марказининг катта илмий ходими Синан Улген.

Туркия сиёсати бўйича эксперт Фирдавс Робинсоннинг сўзларига кўра эса, Қиличдорўғли Истанбул ва Анқара устидан назорат Эрдўған партиясига ўтмаслиги учун шундай қарор қабул қилган. Сайловда қатнашиш учун мэрлар ўз лавозимларидан истеъфога чиқиши керак эди.

«Агар шундай ҳолат юз берса, шаҳарлар устидан назорат ҳукмрон партия қўлига ўтади», дейди у.

Охир-оқибат партиялар келишувга эришди ва «олтилик стол» тарқалиб кетмади. Келишувга кўра, Қиличдорўғли президент бўлса, ёшроқ ва машҳурроқ Имомўғли ёки Яваш вице-президент лавозимини эгаллайди.

Туркча «туз юришлари»

Камол Қиличдорўғли 74 ёшда. У 13 йилдан бери мамлакатдаги энг кекса Жумҳурият халқ партиясини бошқариб келади.

Қишлоқдан чиққан бўлишига қарамай, Қиличдорўғли Анқарада иқтисодиёт бўйича таълим олган, сўнгра Туркия молия вазирлигида ишлаган. Кейинчалик у мамлакатнинг ижтимоий суғурта жамғармасини бошқарган ва 1990-йилларда, асосан коррупцияга қарши кураши учун маҳаллий иқтисодий журнал томонидан «йил амалдори» эътирофига сазовор бўлган.

Қиличдорўғли ва Эрдўған ўртасидаги асосий фарқ: биринчиси давлат хизматчилари мамлакат муаммоларини ҳал қилишда асосий рол ўйнаши мумкин деб ҳисоблайди, иккинчиси эса бюрократияни тўсиқ деб билади.

Фото: Getty Images

1999 йилда Қиличдорўғли давлат хизматини тарк этади. У маълум вақт университетда дарс беради ва ҳатто турк банкларидан бирининг директорлар кенгашига қўшилади. Аммо тез орада сиёсатчи бўлишга қарор қилади ва Туркия парламенти — Буюк Миллат Мажлиси депутати этиб сайланишга муваффақ бўлади.

Қиличдорўғлининг шерикларидан бири DW нашри билан суҳбатда президентликка номзод ҳақида шундай деди: «У расмий ҳужжатлар билан тўла хонада ҳар қандай қонунбузарликларни тезда топади ва коррупцияни аниқлай олади».

2016 йилда Туркияда давлат тўнтаришига уриниш содир бўлди, ҳарбийлар Истанбулдаги Босфор бўғози кўприкларни тўсиб қўйди, қирувчи самолётлар ва вертолётлар ҳавога кўтарилди. Ҳарбийлар Эрдўған энди ҳокимият тепасида бўла олмаслигини таъкидлади. Давлат тўнтаришига уриниш ортида ким тургани ҳақидаги саволга ҳалигача аниқ жавоб йўқ. Эрдўған эса бу воқеалардан ундан норози бўлганларни жазолаш учун фойдаланди.

Камол Қиличдорўғли дастлаб давлат тўнтаришига уринишни «демократияга қилинган ҳужум» деб атади. Бир неча кундан кейин Эрдўған мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Оммавий тозалашлар бошланди: ўқитувчилар ва судьялар ишдан бўшатилди, ўн минглаб давлат хизматчилари ишсиз қолди, ёппасига жиноий ишлар қўзғатилди, кўплаб инсонлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Шундан кейин Қиличдорўғли бўлаётган воқеаларга муносабатини ўзгартирди. У давлат тўнтаришига уринишни «бошқарилган» деб атади ва конституцияга Туркия президенти ваколатларини янада кучайтирувчи ўзгартиришлар киритилишига йўл қўймаслик учун бор кучини сарфлади.

Бироқ уринишлар муваффақиятсиз тугади, 2017 йилда конституциявий референдум ўтказилди, конституцияга ўзгартиришлар киритилди.

2017 йилнинг 12 июн куни Анқарада минглаб одамлар кўчага чиқди. Уларнинг раҳбари Қиличдорўғли намойишчилар билан биргаликда пойтахтдан Истанбулгача 450 километр йўл босиб ўтишни мақсад қилди. Бу Туркия халқининг ноқонуний ҳибсга олиш ва тозалашларга жавоби — «Адолат марши» эди.

30 мингга яқин одам Туркия ёзи жазирамасида пиёда юриб, кунига тахминан 20 километр йўл босди. Уларнинг плакатлари ва футболкаларига «adalet» (адолат) сўзи битилган эди.

Колонна 9 июл куни Истанбулга етиб келди. Марш юз минглаб одамлар иштирок этган митинг билан якунланди ва Қиличдорўғли минбардан туриб ҳукуматдаги тозалашлар мамлакат суд тизимини қандай ўзгартириши ҳақида нутқ сўзлади.

Маршда қатнашаётган Қиличдорўғли. Фото: AFP

Ўша йилги «Адолат марши» кўпинча Маҳатма Гандининг «Туз марши» билан таққосланади. Шу сабабли, шунингдек, баъзи ташқи ўхшашликлар ва Қиличдорўғлининг жамоат олдида ўзини тутиши сабаб сиёсатчи «турк Гандиси» деб аталди.

Парламентар республикага қайтиш

Туркия сиёсати бўйича эксперт Фирдaвс Робинсон Қиличдорўғлини тажрибали сиёсатчи деб атаган. «У ҳалол, юмшоқ, аммо интизомли ва қатъиятлилиги билан обрўга эга», дейди эксперт.

Қиличдорўғли бу сайловда кўп ваъдалар билан қатнашмоқда. Январ ойи охирида «олтилик стол» мамлакатдаги вазиятни ўзгартириш бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган 250 саҳифалик ҳужжатни эълон қилди.

Агар бу ҳужжатдаги асосий тезислар умумлаштирилса, мухолифат унда ҳуқуқ ва эркинликлар учун курашиш, коррупция ва қариндош-уруғчиликдан халос бўлиш, НАТО иттифоқчилари билан мавжуд келишмовчиликларни бартараф этиш учун ташқи сиёсатни Ғарбга йўналтириш, Эрдўғаннинг мамлакатни инқирозга олиб келган ноодатий иқтисодий ва молиявий сиёсатидан воз кечиш ва сўз эркинлигини таъминлашга ваъда берган.

Аммо асосий мақсад Туркияни парламент тизимига қайтариш ва Эрдўғанга максимал ваколатлар берган 2017 йилги тузатишларни йўқ қилиш учун конституцияга яна ўзгартириш киритишдир.

«Атрофини салоҳияти учун эмас, балки садоқати учун танлаган одамлар билан ўраб олган авторитар Эрдўғандан фарқли ўлароқ, Қиличдорўғли меритократияни (яъни энг қобилиятли кишилар раҳбарлик лавозимларини эгаллаш тамойилини) тиклашга ваъда бермоқда», дейди Фирдавс Робинсон.

NURPHOTO

Бу ваъдалар кўпчилик ташқи кузатувчилар учун жозибали кўринади. Лекин турк жамияти анча мураккаб.

Ҳукмрон «Адолат ва тараққиёт партияси» ўзининг йигирма йиллик бошқаруви даврида диний мансублик орқали турли ижтимоий гуруҳлар билан босқичма-босқич мулоқот ўрнатди. «Турк мусулмони» қиёфаси мана шу йўл билан шакллантирилган бўлиб, у кўплаб турклар учун ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда бирлаштирувчи бўғин бўлди.

Эрдўғaн мунтазам равишда ушбу картадан фойдаланади: мамлакатдаги муаммоларда «ташқи душманлар»ни айблайди ва айбдор сифатида «мусулмон бўлмаган Ғарб»ни кўрсатади. Туркия президенти Туркия иқтисодиётига «ҳужум» (гарчи асосан Эрдўғаннинг ўзи олиб бораётган самарасиз сиёсат оқибати бўлса ҳам) ва миллатни бирлаштирувчи эътиқодга «ҳужум» ўртасида фарқ йўқлигини бир неча бор таъкидлаган.

Бўлажак сайловлар олдидан Эрдўған яна одатий риторикасига қайтди: Ғарб матбуоти Туркия сайловларининг жаҳон сиёсати учун аҳамияти ҳақида гапира бошлаганида, президент буни «Ғарб сайловларга таъсир ўтказмоқчи» деган версияга айлантирди.

Шу билан бирга, мустақил журналистлар ҳар гал ҳукмрон партияни исломий деб атаганида, унинг раҳбарияти дарҳол бунга рад қилишга уринган ва «йўқ, биз шунчаки консерватив демократлармиз» дея жавоб қайтарган.

Туркиядаги диндор аёллар кўп вақт давомида ҳижоб ўраш ҳуқуқи учун курашиб келган. Бу талабни қўллаб-қувватлаш ўз вақтида Эрдўған партиясига ҳокимиятга келишда ёрдам берган. Фото: Getty Images

Бундай ғоялар (Ғарбни ёмонлаш усули) кўпинча ўз миллати буюклиги, ташқи душманга қарши турадиган маданий ва диний қадриятлар ғояси осонгина қабул қилинадиган жамиятларда машҳур бўлади.

Ва ҳатто Эрдўған сиёсатидаги муаммоларни яққол кўрган диний жамоат вакиллари ҳам дунёвийлик тамойилини, яъни дин ва давлатни аниқ ажратишни тарғиб қилган мухолифатдаги Жумҳурият халқ партиясини қўллаб-қувватлашга тайёр эмас.

Бу амалда, масалан, ҳозирги мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси ҳокимият тепасида турганда, таълим ва давлат муассасаларида аёлларнинг рўмол ва ҳижоб ўрашини тақиқлашни қўллаб-қувватлаганида ифодаланган эди. Йиллар давомида ёш қизлар мактабларда, давлат хизматчилари эса иш жойларида ҳижоб кийиш ҳуқуқи учун курашди. Эрдўған ва унинг партияси бу вазиятдан муваффақиятли фойдаланиб, тақиқни бекор қилишга чақирди. Ўшандан бери у ўз партиясининг саъй-ҳаракатлари туфайли турк аёллари ҳижоб кийиш ҳуқуқига эга бўлганини доимо таъкидлаб келади. Мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси эса ҳижобни турк демократиясига таҳдид (ёки ҳеч бўлмаганда бундай таҳдиднинг рамзига айланган) деб ҳисоблашда давом этмоқда.

Аммо 2022 йил кузида Камол Қиличдорўғли ва унинг партияси жамиятнинг диний қисми қўллаб-қувватловидан маҳрум бўлаётганини ниҳоят англаб етди. Қиличдорўғли партия томонидан йўл қўйилган хатолар учун узр сўради ва аёлларнинг ҳижоб ўраши ҳуқуқи сақланиб қолишига ваъда берди.

Эрдўғаннинг муаммолари

Эрдўған учун вазият ҳозирча яхши кетаётгани йўқ. Унинг рейтинги ҳамон юқори: сўровномаларга кўра, 44 фоиз респондентлар амалдаги президентга овоз беришга тайёр, аммо Қиличдорўғли 55 фоиз овоз билан рақибидан олдинда.

2011 йилда Туркия дунёнинг 17-йирик иқтисодиёти бўлди ва иқтисодий ўсиш бўйича G20’нинг барча давлатларидан ўзиб кетди. Эрдўған ўшанда Туркия 2023 йилга бориб дунёнинг энг кучли иқтисодиёти ўнталигига киришига ваъда берди.

2023 йил ҳам келди, лекин Туркия ўз мақсадидан фақат узоқлашди. Мамлакатда иқтисодий инқироз давом этмоқда. Одамлар энг асосий нарсалар — озиқ-овқат ва транспорт нархлари қанчалик ошиб бораётганини сезмоқда. Бу инқирознинг сабаби айнан Эрдўған мамлакатда қурган тизимда.

Марказий банк аслида мухториятга эга эмас ва фақат президент ундан кутган қарорларни қабул қилади. Президентнинг эса пул-кредит сиёсати бўйича ўзига хос қарашлари бор.

Нархлар ўсиши Туркия аҳолиси учун асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Фото: SOPA IMAGES/LIGHTROCKET

Бутун дунёда марказий банклар инфляция тезлашишига асосий ставка – Марказий банкнинг тижорат банкларига кредит бериш фоизини ошириш орқали реакцияга бермоқда. Аммо Туркияда Марказий банк асосий ставкани пасайтирди, бу эса инқирозни янада кучайтирди.

Ишсизлик даражаси юқорилиги ижтимоий кескинлик ва муҳожирлар оқими туфайли юзага келган салбий кайфиятни кучайтиряпти.

«Туркия аҳолиси жуда кўп бўлган давлат. Мамлакатдаги биргина сурияликларнинг ўзи 4 миллионга яқин. Бу муаммони ким ҳал қилади? Бу жуда жиддий масала, чунки бу одамлар ҳам иш олмоқда. Бу Эрдўғаннинг «Ахиллес товони» ва мухолифат айнан шунга катта босим бермоқда», дейди Россиянинг Янги Туркияни ўрганиш маркази директори Юрий Мавашев.

Мавашевнинг фикрича, Эрдўған ўзининг «ислом бирдамлиги» ҳақидаги гаплари билан ўзини бурчакка қисиб қўйди. Агар у барча баёнотларидан кейин муҳожирлар билан боғлиқ муаммони радикал ҳал қила бошласа, ҳатто сайловчилар ҳам уни иккиюзламачиликда айблайди.

Амалдаги президентнинг асосан йирик шаҳарларга кўчиб келган собиқ қишлоқ аҳолисидан иборат электорати шундоқ ҳам норози кайфиятда. Истанбул ва Анқарадаги ҳаётлари давомида улар турмушлари қанчалик яхшиланганини ҳис қилишга муваффақ бўлди, лекин сўнгги йилларда ва айниқса, инқироз бошланиши билан улар ҳам юқори нархлар ва ишсизлик муаммосига дуч келди.

Зилзила

Эрдўған режими асосан иқтисодиётни барқарорлаштириш бўйича ваъдаларга таянгани ҳисобга олинса, ҳозирги инқироз амалдаги президент учун жиддий муаммо.

Катта маъмурий ресурсларга эга бўлган тажрибали сиёсатчи Эрдўған олдин ҳеч қачон популистик қарорлар қабул қилишдан, ҳатто улар миллий иқтисодиётга аниқ зарар етказиши мумкин бўлса ҳам қочмаган. У рейтингга таъсир кўрсатадиган ҳозирги иқтисодий муаммоларни сиёсий воситалар билан иккинчи планга тушириши мумкин эди. Аммо у сайлов санасини белгилаганидан кейин Туркияда зилзила содир бўлди. Зилзила оқибатида ўн минглаб одамлар ҳалок бўлди. Бир миллиондан ортиқ одам бошпанасиз қолди.

Эрдўғаннинг партияси вайронагарчиликлар учун айбни сифатсиз материаллардан фойдаланган ишлаб чиқувчиларга юклашга ҳаракат қилди. Бу режа фақат қисман ишлади. Сўровномалар натижаларига кўра, Туркия аҳолисининг 34 фоизи содир бўлган воқеада ҳукуматни, 26,9 фоизи ишлаб чиқувчиларни айблайди. Эрдўғаннинг узоқ йиллик тарафдорлари орасида эса вазият тескари, уларнинг 46,2 фоизи қурилиш компаниялари масъулиятига ишонади.

Мухолифат етакчиси Қиличдорўғли, айб ҳукуматда экани, у коррупция ва паст қурилиш стандартларига йўл қўйганини айтди.

БМТ маълумотларига кўра, зилзила туфайли Туркия кўрган иқтисодий зарар миқдори 100 миллиард доллардан ошади. БМТ матбуот котиби Луиза Уинтон вазиятни қуйидагича изоҳлади: «Мамлакатнинг эҳтиёжлари жуда катта, аммо ресурслар кам».

Президентлик пойгасида ким ғалаба қозониши ва парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритишидан қатъи назар, Туркияни қийин кунлар кутмоқда. Фирдавс Робинсоннинг айтишича, мамлакат иқтисодиётда, армияда, давлат секторида ва таълим тизимида туб ислоҳотларга муҳтож.

Зилзиладан энг кўп зарар кўрган ҳудудларда тўққиз миллионга яқин сайловчи бор, улар мамлакатдаги 600 нафар қонун чиқарувчидан 96 нафарини ўз овозлари билан сайлаши мумкин. Шунинг учун ҳам бу овозлар учун доимий кураш олиб борилмоқда.

Расмийлар қўллаб-қувватловни сақлаб қолишга умид қилиб, одамларга товон пули тўлаш ва уйларни тезда тиклашга ваъда берди ҳамда вайроналарни тозалаш дастурларини тезлаштирди. Мухолифат ҳам одамларни ўз томонига тортишга ҳаракат қилмоқда. Истанбул, Анқара ва Измир маъмуриятлари мухолиф мэрлари билан жабрланган ҳудудларга қутқарув гуруҳлари ва инсонпарварлик ёрдамларини жўнатди.

Аммо ушбу сайлов натижаларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган яна бир сайловчилар гуруҳи бор.

SOPA IMAGES/LIGHTROCKET

Курдлар ҳал қилади

«Халқларнинг демократик партияси» (ХДП) Туркия парламентида йириклиги бўйича учинчи ўринда туради. Бу мамлакатдаги этник озчиликлар, хусусан курдлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи сўл сиёсий куч.

Курдлар — миллий давлати бўлмаган энг катта халқдир. Биринчи жаҳон урушидан кейин миллионлаб курдлар истиқомат қилган ҳудудлар Туркия, Ироқ, Сурия ва Эрон ўртасида тақсимланади. Бироқ курдлар деярли ҳеч қаерда ассимиляцияга учрамади. Бу мамлакатларнинг аксариятида улар таъқибга учраган, ҳуқуқлари эътибордан четда қолган.

Туркияда камида 15 миллион курд яшайди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар аҳолининг 15-23 фоизини ташкил қилади. Айнан улар «Халқларнинг демократик партияси»ни доимий равишда қўллаб-қувватлайди.

Бу партиянинг бир қанча депутатлари терроризмда айбланиб, қамоққа олинган. Партиянинг собиқ етакчиси Салоҳаттин Демиртош 2016 йилда ҳибсга олинган. У 1970-йиллар охирида тузилган, қурол ёрдамида мустақилликка эришмоқчи бўлган Курдистон ишчилар партияси билан алоқада бўлганликда айбланган.

Демиртош ва унинг бошқа тарафдорлари, унинг жиноий ишидан кўплаб қонунбузарликлар топган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди сиёсатчини зудлик билан озод қилишни талаб қилганига қарамай, қамоқда қолмоқда.

Партиянинг ўзи тугатилиш арафасида. Бош прокуратура партияни «айирмачилик фаолияти» ва Курдистон ишчилар партияси билан алоқадорликда айблаган. 12 май куни Конституциявий судда партияни тарқатиб юбориш ёки тарқатмаслик масаласини ҳал қиладиган йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган.

Курдларнинг миллий байрамлари доимо юқори даражадаги хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда ўтказилади. Фото: AFP

«Халқларнинг демократик партияси» мухолифат коалициясига таклиф этилмаган, партия етакчиларининг ўзлари ҳам бундай таклифни кутмаслиги ҳақида аниқ тушунча берган. Лекин айнан мана шу партия сайлов натижаларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Эрдўған ёки Қиличдорўғли ХДП қўллаб-қувватловига эришмай туриб, биринчи турда 50 фоизлик тўсиқдан ишончли тарзда ўта олиши даргумон. «Агар ХДП номзодни қўллаб-қувватласа, мухолифат биринчи турдаёқ ғалаба қозониши мумкин», дейди Синан Улген.

«ХДП бир нарсани — унга қонуний сиёсий партия сифатида қаралишини хоҳлайди. Қиличдорўғли сайловолди кампанияси пайтида партия раҳбарияти билан учрашишни ваъда қилди ва бу музокаралар муваффақиятли якунланса, ХДП унинг партиясини қўллаб-қувватлаши ва ўзидан кимнидир номзод сифатида кўрсатмаслиги мутлақо мумкин ҳодиса. Агар бу юз берса, Қиличдорўғлининг биринчи турда ғалаба қозониш имконияти сезиларли даражада ошади», дея қўшимча қилади Фирдавс Робинсон.

Туркиянинг инглиз тилидаги «Today’s Zaman» газетасининг собиқ муҳаррири, ўзининг мухолиф қарашларини ҳеч қачон яширмаган ва президентни тез-тез танқид қилиб келган Булент Кенеш Эрдўған сайлов натижаларига қарши курашиш ҳеч қандай воситага эга бўлмаслиги учун мухолифат 15 фоиз устунлик билан ғалаба қозониши кераклигини таъкидлаган.

«Фарқ шунчалик катта бўлиши керакки, Эрдўғанда манипуляция қилиш имконияти қолмаслиги керак. У мухолифатга муаммо яратишда моҳир. Курдлар ҳам бу сайловда муҳим рол ўйнаши мумкин. Менда Камол Қиличдорўғли қайсидир маънода курдларга маъқул келадиган ва уларга нисбатан адолатли сиёсат юрита оладиган идеал номзод деган тушунча бор», — дейди Кенеш.

Сайлов

Эрдўған режимининг қаттиққўллигига қарамай, Туркияда сайловлар муҳим рол ўйнайди. Сўнгги ўн йилликларда инсонлар сиёсатга таъсир ўтказиш имкониятига эга эканига ўрганиб қолган ва ҳеч ким бу имкониятдан айрилишга тайёр эмас.

«Пропаганда нима билан шуғулланишидан қатъи назар, Туркияда Россиядаги каби усуллар билан ҳаракат қилиб бўлмайди. Бу мутлақо бошқа халқ, бошқа сиёсий маданият. Агар кимдир рус намунасидаги бирор усулни қўллашга журъат қилса, бу жиддий оқибатларга олиб келади: юз минглаб, балки миллионлаб одамлар кўчага чиқади. Уларга ким қаршилик кўрсата олади? Ҳатто хавфсизлик кучлари орасида ҳам Отатурк партияси тарафдорлари кўп. Хавфсизлик кучлари Эрдўған учун халққа қарата ўқ отмаслиги аниқ. Эрдўған буни тушунмаслиги мумкин эмас, шунинг учун у вазиятни кескинлаштирмайди», дейди Мавашев.

Истанбулда мухолифат етакчиси Қиличдорўғлини қаршилаётган аёл. 2015 йилда олинган сурат. Фото: AFP

Мухолифат номзоди Акром Имомўғли икки марта ғалаба қозонган Истанбул мэрлигига сайловлар кўпчиликка намуна бўлди: ҳатто ҳукумат натижаларни бекор қилса ҳам сайловчилар Имомўғлини қўллаб-қувватлаши тобора ортиб борди ва сайловчилар ўз хоҳиш-иродасига ҳеч қандай аралашувга йўл қўймасликларини очиқ кўрсатди.

«Ҳа, сайловлар 100 фоиз адолатли ўтиши даргумон. Лекин шунга қарамай, бу халқ овози бўлади. Ҳукумат ҳам, бутун сиёсий тузум ҳам бу сайлов натижаларини қабул қилиши керак. Ва менга кўринаётган энг аниқ сценарийда Туркия бу сайловлар натижасида демократияга ўтади», дейди Синан Улген.

Мамлакатни тарк этган журналист Булент Кенеш эса ўз прогнозларида анча эҳтиёткор. У Қиличдорўғлининг ғалаба қозониш имконияти борлигига ишончи комил, бироқ ўшанда ҳам Туркияга қайтишга тайёр эмас.

«Туркия муаммоси фақатгина унинг раҳбари кимлигида эмас. Аксинча, лидер жамиятда мавжуд бўлган ижтимоий ва ҳатто ахлоқий муаммоларнинг натижасидир ва мен у ер менга қулай бўлишига ишончим комил эмас. 2013 йилда Эрдўған катта коррупция можароси марказига тушди. Ва нима бўлди? Одамлар барибир унга овоз берди. Шунинг учун мен янги раҳбар Туркияни цивилизациялашган дунёнинг бир қисмига, ишончли ҳамкорга айлантира олишига умид қиламан. Ва ўшанда, эҳтимол, мен ҳам ўз фикримни ўзгартираман» деган журналист.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг