
Бугун, 3 ноябр куни Қатарнинг пойтахти Доҳа шаҳрида 2025 йилги U-17 жаҳон чемпионатига старт берилади. Ёшлар мундиали деб аталадиган бу мусобақа футболнинг келажак юлдузлари учун катта синов ва имконият саҳнаси ҳисобланади. Ўзбекистон терма жамоаси бу йил ҳам мусобақада иштирок этиб, Осиё чемпиони сифатида жаҳон саҳнасига чиқмоқда, деб хабар берди ЎФА матбуот хизмати.
Бу мусобақа юртимиз учун ҳам тарихий аҳамиятга эга — чунки Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида тўртинчи бор қатнашмоқда. Илгари жамоа 2011 йилда Мексикада ва 2023 йилда Индонезияда ўтган мундиалларда чорак финалгача етиб борган. 2013 йилдаги БААдаги мусобақада эса 1/8 финалда тўхтаганди.
Исломбек Исмоилов бошчилигидаги жамоамиз бу сафар “J” гуруҳига тушди. Бизга рақиб сифатида Парагвай, Ирландия ва Панама ўсмирлар терма жамоалари тушган. Ҳар бир рақибнинг ўз услуби, тажрибаси ва хавфли ўйинчилари бор.
ПАРАГВАЙ — Жанубий Американинг тайёр жангчиларидан бири
Парагвай U-17 жамоаси мусобақага Жанубий Америка чемпионатида 5-ўринни эгаллаб йўлланма олди. Улар бугунгача жаҳон чемпионатида беш марта қатнашган ва икки марта — 1999 ҳамда 2019 йилларда чорак финалгача етган. Жамоани тажрибали мураббий Мариано Углессич бошқармоқда.
Эътибор марказидаги ўйинчи — жамоа сардори Алан Ледесма. У майдон марказидаги ўйинни назорат қилиш, пас тақсимлаш ва курашчанлиги билан ажралиб туради. Жанубий Америка чемпионатида Парагвай иккита пенальти сериясида ғалаба қозонган бўлиб, ҳар икки ҳолатда ҳам Ледесма аниқ зарбаси билан ҳал қилувчи роль ўйнаган.
ПАНАМА — тезкор ва кучли қанот ҳужумчилари билан танилган жамоа
Панама ўсмирлар терма жамоаси мусобақага КОНКАКАФ U-17 саралаш босқичида гуруҳ ғолиби сифатида йўл олди. Бу уларнинг жаҳон чемпионатидаги учинчи иштироки бўлади. Энг яхши натижаси — 2011 йилдаги 1/8 финал босқичигача етиш.
Жамоани аргентиналик мураббий Леонардо Пипинио бошқармоқда. Унинг тизимидаги асосий фигура — чап қанот ҳужумчиси Эстевис Лопес. Ёш ва иқтидорли футболчи саралаш босқичида жамоанинг учта голига бевосита ҳисса қўшган. У тезкорлиги, кучли зарбалари ва ижодкор ўйини билан рақиб ҳимоячиларини қийновчи ўйинчи сифатида танилган. Ҳозирда у Панаманинг “Коста дел Эсте” клубидан Аргентинанинг “Ривер Плейт” ёшлар жамоасига ижара асосида ўтган.
ИРЛАНДИЯ — дебютант, лекин хавфли таркибга эга
Ирландия ўсмирлар терма жамоаси илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Улар УЕФА U-17 Европа чемпионатидаги иштирок орқали мундиалга йўл олди. Таркибда асосан Европанинг етакчи клубларида тажриба орттираётган футболчилар жамланган.
Жамоани Колин О’Брайн бошқармоқда. Унинг энг ёрқин шогирди — ҳужумчи Жейден Умеҳ. У Португалиянинг “Бенфика” клуби академиясида тўп тепаётган ва мураббийлар томонидан “футболнинг янги умиди” сифатида баҳоланмоқда. Тезлиги, ҳаракатчанлиги ва гол уриш қобилияти билан у гуруҳдаги ҳар қандай рақиб учун жиддий хавф туғдиради.
Ўзбекистон — Осиё чемпиони сифатида янги тарих ёзмоқчи
Ўзбекистон терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтаётган мундиалга Осиё чемпиони сифатида келди. Исломбек Исмоилов қўл остидаги ёшлар нафақат тактик жиҳатдан, балки психологик жиҳатдан ҳам юқори тайёргарликда эканини кўрсатмоқда.
Ёш “оқ бўрилар”нинг биринчи баҳси 5 ноябр куни Парагвайга қарши бўлиб ўтади. Бу ўйин гуруҳ тақдирини белгилаб бериши мумкин. Кейинги турларда эса жамоамиз Ирландия ва Панамага қарши майдонга тушади.
Қатардаги мусобақа 3–27 ноябрь кунлари “Эспайр” академияси майдонларида бўлиб ўтади. Турнир футболнинг келажак юлдузлари учун катта имконият яратади — ва Ўзбекистон ёшлари улар орасида ўз номини ёзиб қолдиришни ният қилган.
Мухлислар эса Исмоилов шогирдларидан нафақат муносиб иштирок, балки янги тарихий натижа кутишмоқда. Бу сафар Ўзбекистоннинг U-17 жамоаси нафақат Осиёнинг, балки бутун жаҳоннинг диққат марказида бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!