Қўшма Штатлар Украинадаги можарони музлатиб қўйиш мумкин бўлган сценарийга ҳозирлик кўрмоқда, у кўп йиллар ва ҳатто ўнлаб йилларга чўзилиши мумкин ва Корея ярим оролидаги вазиятга ўхшайди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Politico ёзди. Аввалроқ Европа Иттифоқи ва Украина бундай имкониятни рад этган эди.
Нашрнинг ёзишича, бунда чегаранинг демаркация линиялари келишиб олинади, Украина ва Россия уни кесиб ўтмасликка рози бўлади. Бу чизиқлар расмий чегара бўлиши шарт эмас.
«Корея услубида урушни тўхтатиш ҳукумат ичидаги ва ташқарисидаги экспертлар ва таҳлилчилар томонидан муҳокама қилинди», деди манбалардан бири.
Корея яриморолидаги 38-параллель бўйлаб демилитаризация қилинган ҳудуд (демаркация чизиғи) ўтади, у КХДР ва Жанубий Кореяни ажратиб туради. Улар ўртасидаги давлат чегараси 1950-1953 йиллардаги урушдан кейинги сулҳ битими билан ўрнатилган. Бу икки давлат ўртасида тинчлик шартномаси ҳамон имзоланмаган.
Politico бундай сценарийни энг реал ва эҳтимолий деб атайди, чунки томонлар мағлубиятни тан олмоқчи эмас ва Оқ уйнинг фикрича, Киевнинг яқинлашиб келаётган қарши ҳужуми «Россияга ҳалокатли зарба» беролмайди.
«Биз можаро музлаб қолган ёки эриган кўринишда бўлишидан қатъи назар, узоқ муддатга режалаштирмоқдамиз», деди мунозаралардан хабардор бўлган АҚШ расмийси. Унинг сўзларига кўра, узоқ муддатли режалаштириш маъмурият учун кўпроқ устувор вазифага айланиб бормоқда. Гарчи, олдинги ойларда гап кўпроқ «шошилинч ва қисқа муддатли» режалар ҳақида эди.
Ҳарбий ҳаракатларни узоқ муддат музлатиб қўйиш АҚШ тайёрлаётган имкониятлардан бири эканини яна учта манба тасдиқлаган. Вашингтон, шунингдек, Киев билан узоқ муддатли хавфсизлик бўйича ҳамкорлик алоқаларини, жумладан, Украинанинг НАТО блоки билан муносабатларини ҳам кўриб чиқмоқда, деди улар.
Пентагондаги манбанинг таъкидлашича, Украинага сўнгги ҳарбий ёрдам пакетлари таркиби Байден маъмуриятининг узоқ муддатли стратегияга ўтишини акс эттиради. Унинг тушунтиришича, сўнгги бир неча ой ичида Киевга узатиладиган техникалар миқдори доимий равишда камайиб бормоқда, саноатдан янги қуроллар сотиб олиш учун ишлатиладиган ёрдам пакетлари эса, аксинча, кўпайган.
Россия ва Украина уруш бошланганидан кўп ўтмай музокаралар столига ўтирди. 2022 йил март ойида Истанбулда бўлиб ўтган делегациялар учрашувидан сўнг, Москвага Киевдан таклифлар келиб тушди. Бироқ, кейин музокаралар тўхтатилди. Россия ТИВ маълумотларига кўра, бу Украина ташаббуси билан содир бўлган. Россия президенти Владимир Путин Киевнинг Истанбул келишувларини амалга оширишдан узоқлашганини айтди.
Ноябрь ойида Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг «тинчлик формуласи»ни тақдим этди, бу бошқа нарсалар қатори мамлакат ҳудудий яхлитлигини тиклашни ҳам назарда тутади. Россия расмийлари бу формулани реал эмас ва ҳозирги вазиятга ноадекват деб атади. Кремлда таъкидланганидек, Киев ЛХР, ДХР, Запорожйе ва Херсон вилоятларининг Россияга қўшиб олинишини тан олмаса, ҳеч қандай келишув имзоланмайди.
Зеленский декабрь ойида Украинадаги можарони музлатиш мумкин эмаслигини айтган эди. Европа Иттифоқи ҳам бундай сценарийдан манфаатдор эмаслигини эълон қилди.
АҚШ президенти Жо Байден Украинани «қанча керак бўлса, шунча вақт» қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари, собиқ президент Дмитрий Медведев Киевнинг Донбассни йўқотганини тан олиш йўлидаги қадамини «корейсча тинчлик» деб атади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!