
Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари телефон орқали суҳбатда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Мулоқот чоғида Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин икки давлат ўртасида олий даражада эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқариш, уларни янги босқичга олиб чиқиш йўлларини муҳокама қилган.
Президентлар товар айирбошлаш ҳажмини барқарор сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг устувор соҳаларида кооперацияни чуқурлаштириш, айниқса энергетика йўналишидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ва маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам асосий йўналишлардан бири сифатида қайд этилди.
Суҳбатда Москва вилоятида 22 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилиши юқори даражада ташкил этилгани ва унинг натижалари ҳар томонлама самарали бўлгани мамнуният билан таъкидланди.
Шунингдек, 3 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон–Россия Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ҳамда унинг доирасида режалаштирилаётган қўшма бизнес форумини муваффақиятли ўтказиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Президентлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, яқин келажакдаги қўшма тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.
Мулоқот самарали ва дўстона руҳда ўтгани маълум қилинди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!