date
views 320

Хитой Марказий Осиёни “ўз қаноти остига” олмоқчими?

Хитой Марказий Осиёни “ўз қаноти остига” олмоқчими?

Аввал хабар қилинганидек, 18-19 май кунлари Хитой раҳбари Си Цзинпин Хитой шимоли-ғарбидаги Сиан шаҳрида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашди. Мазкур кутилмаган саммит нафақат мазкур давлатлар, балки жаҳоннинг турли мамлакатларидаги оммавий ахборот воситаларида ёритилди ва шарҳлаб борилди.

Бу табиий ҳол, албатта. Чунки охирги ўн йилликларда хитойликлар иқтисодий барқарорликка эришиб, жаҳонинг манаман деган давлатлари билан рақобатлашиш даражасига етди. Қолаверса, Пекиннинг фақатгина Осиё минтақасида эмас, балки жаҳоннинг бошқа ҳудудларидаги ривожланмаган ёки ривожланиш йўлидаги давлатларга катта миқдорда қарз бериш орқали таъсир кучини орттираётгани хавотир билан тилга олинади. Масалан, Африка қитъасида...

Сиан шаҳридаги саммитнинг Россия Украинага уруш олиб бораётган бир вақтда ташкил этилгани кузатувчиларда Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларига “оғалик қилиш” ниятида экани борасида таассурот уйғотмоқда.

Deutsche Welle хабарига кўра, “Х+5 гуруҳининг биринчи саммити” деб аталган учрашувда Хитой раҳбари Марказий Осиёда “тинчликни таъминлаш”га ва минтақа давлатларининг “мудофаасини кучайтиришга” тайёрлигини маълум қилган.

Си ўз нутқида минтақадаги “уч ёвузлик”: сепаратизм, терроризм ва экстремизмга қарши хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

Олтилик давлат ички ишларга хорижий аралашувга ва “рангли инқилоблар”ни юзага келтиришга уринишларга қатъий қарши туриши керак”, деди Хитой президенти.

Учрашувда, шунингдек, мамлакатлар ўртасида фуқаролик соҳаси, жумладан, савдо, инфратузилма лойиҳалари, энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Си Цзинпиннинг айтишича, Пекин Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги транспорт йўналишларини кенгайтиришни режалаштирмоқда ва уларга “молиявий кўмак” ва “бепул ёрдам” кўринишида 26 миллиард юан (3,4 миллиард евро) ажратади.

Хитой томони келтирган расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 70 миллиард АҚШ долларига (64,7 миллиард евро) етиб, 2023 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга ошган.

Financial Times таъкидлаганидек, Россия анъанавий равишда Марказий Осиёда ҳукмронлик қилганига қарамай, унинг Украинада бошлаган уруши Москва авваллари тинчликпарвар сифатида ҳаракат қилган минтақадаги вазиятни беқарорлаштирган. Унинг барқарорликни сақлаб қолиш қобилиятига ишонч, хусусан, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида ўтган йилги можародан кейин дарз кетган.

Ўз навбатида, Хитой учун Марказий Осиё “Бир камар – бир йўл” (ёки “Янги Ипак йўли”) глобал инфратузилма лойиҳасининг энг муҳим бўғини ҳисобланади. Украинада уруш бошланиши билан ушбу йўлнинг Россия орқали ўтадиган шимолий қисми “ишончсиз” деб кўрила бошлади. Бу Хитойнинг Россия Федерациясини четлаб ўтувчи муқобил транспорт йўлакларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига олиб келди, деб ёзади Financial Times.

AFB нашри билан суҳбатлашган экспертлар, шунингдек, Пекин ўзи учун стратегик аҳамиятга эга минтақада ўзини муҳим геосиёсий шерик сифатида кўрсатиш имкониятидан фойдаланмоқчи эканлигини кўрсатади.

Хитой саноат ва технологик салоҳиятини ривожлантириш учун қандай йўл тутяпти?

Куни кеча телеграм каналлардан бирида кўзим тушиб қолди: 2021 йилда жаҳонда илмий соҳалар бўйича тасдиқланган патентлар сони ҳақида маълумот берилган экан. Деярли барча соҳалар бўйича Хитой жаҳон етакчиси (38%). Ундан кейин АҚШ (18%), Япония (16%) ва Жанубий Корея (10%). Барча патентларнинг 4% Германия, 2% Франция ва 1% Буюк Британия ҳиссасига тўғри келади.

Хитой кўплаб сиёсий таҳлилчилар таъкидлагани каби фақатгина молиявий қарзлар билан эмас, балки илмий-технологик тарафлама ҳам дунёга таъсир ўтказадиган етакчи (балки илғор десак тўғри бўлар) давлатига айланиб улгурибди (шу ерга етганда Биология фанлари доктори Бахтиёр Абдуғафурнинг ижтимоий тармоқларда илмий текшириш институтларининг ғариб аҳволи ҳақидаги постларини эслаб, одамнинг йиғлагиси келади).

Илмий соҳалардан ташқари Пекин хусусий ширкатларни ҳам дунё даражасига кўтарилиши учун яхшигина дастак бермоқда. Хитойнинг технологияга киритган сармояларининг асосий ва стратегик мақсади технология тақдим этаётган имкониятлардан фойдаланиб, мамлакатни глобал кучга айлантиришдир.

Хитой Коммунистик партияси тарафидан технология ва саноатни режалаштиришга эътибор қаратадиган бу сиёсат, асосан, маҳаллий компанияларни аввал маҳаллий бозорда, кейин эса глобал майдонда рақобатлашишга ундайди. Хитой модели асосан тармоққа асосланган маҳаллийлаштириш, бозор майдонларини яратиш ва самарадорликни ошириш мақсадларини ўз ичига олади. Хусусий инвестициялар ва давлатнинг хусусий секторга қўллаб-қувватланиши туфайли Baidu, Tencent, Alibaba каби компаниялар юқори технологияли соҳаларда дунёнинг манаман деган брендлари билан рақобатлашмоқда.

Хитой давлати бу каби компанияларга 2014 йилдан бери 250,7 миллиард доллар молиявий ёрдам кўрсатди. Ушбу ҳолат компаниялар учун ўз имкониятлари ва имкониятларини ривожлантириш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, шунингдек, Хитойнинг глобал рақобатдаги мавқеига бевосита таъсир қилади.

Сакаря университети докторанти Маъсуд Ўзжаннинг Онадўлига ёзишича, 1979 йилдан бери молиявий ислоҳотларни амалга ошираётган Хитой бир томондан ички бозорни ҳимоя қилиш, танлаб хорижий сармояларни рағбатлантириш, бошқа томондан Ғарб компанияларини сотиб олиш ёки ҳамкорлик қилиш орқали ўзи яратган моделни ривожлантиришда давом этмоқда. 

Ҳам рақамли бозорда, ҳам жаҳон иқтисодиётида бозор улушини оширишни мақсад қилган Хитой 2030 йилга бориб 15 триллион доллардан ошиши кутилаётган рақамли иқтисодиёт бозорида ўз сўзига эга бўлмоқчи. Айни пайтда Tencent, Baidu, Huawei ва Xiaomi каби компаниялар бу борада Хитойга сезиларли устунликни беради. 

Хитойнинг технологик салоҳиятини ошириши дунёдаги глобал кучлар рақобатига таъсир қилади. Хитойнинг ортиб бораётган иқтисодий ва технологик салоҳияти, айниқса, сунъий интеллект, квант технологиялари, космик фаолият ва 5G каби стратегик соҳалардаги ташаббуслари Вашингтонни ҳақли равишда безовта қилмоқда. Хитойнинг юксалишини унинг глобал гегемонлигига таҳдид сифатида қабул қилган Вашингтондаги каттаконлар АҚШ-Хитой рақобатини стратегик даражада кўриб, Хитойни чеклаш уринишларига ҳаракат қилишмоқда.

Хитойнинг қадамлари сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ва технологик соҳалардаги устунлигини сақлаб қолмоқчи бўлган Вашингтон учун жиддий хавф сифатида қаралмоқда.

Марказий Осиёга бугунги “қизиқишлари”

Хитойнинг сирли табассумли раҳбари Пекин сиёсатини тамсил этиши ҳақида аввал ҳам ёзганмиз. Чинликларнинг бизнинг минтақага бўлган қизиқиши бугун пайдо бўлмагани ҳам барчага аён. Узоқ ўтмишни қўйиб турайлик, XIX асрда Худоёрхон даврида Хитойнинг шимолий қисмидаги асосан уйғур, ўзбек, қозоқ ва бошқа туркий миллатлар яшайдиган ҳудуди (ҳозирда Шинжон вилояти деб аталади) Қўқон хонлигига қарагани ҳақида мактабдаги тарих дарсликларида ёзилган деб ўйлайман.

Бундан 80 йиллар олдин буюк олим ва қўмондор бобомиз Алихон Тўра Соғуний ҳазратлари “ўрис ва чинликлар ўртасинда толош” бўлган икки Туркистонни озод қилиш учун кураш олиб борганини, ҳатто Шарқий Туркистонни хитойликлар зулмидан озод қилиб, янги мустақил давлат тузганини, кейинчалик Ғарбий Туркистонни (ҳозирги Марказий Осиё ўрнидаги давлатларни) руслар истилосидан озод қилиш хавфи туғилгани учун Сталин тарафидан ўғирлаб келиниб, бир умр Тошкентда уй қамоғида тутиб турилганини мактаб ўқувчилари билмаса ҳам, озгина китоб кўрган кишиларимиз яхши билади.

Мақола аввалида айтиб ўтилганидек, Россиянинг Украина шарқида “ботқоқ”қа ботиб қолганидан фойдаланиб, ўзининг яширин геосиёсий стратегик мақсадини очиб юборди. Бу ҳолат марказий осиёликларда ҳақли хавотирлар уйғотаётгани, бир қатор жавобсиз саволлар туғдираётгани табиий ҳол.

Kun.uz сайтига интервью берган таниқли сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимовларнинг мулозаларидан ҳам айни шундай хулоса олиш мумкин.

 “Бундай хавотирлар ҳам ўринли. Экспертлар ҳам Хитойнинг молиявий қуролига урғу беришяпти. Хитойнинг кредитлари осон қарзлар дейилади, яъни шартлар бўлмайди. Бошқа Ғарб давлатлари қанақадир демократик шартлар қўяди. Шунинг учун ҳам Хитойнинг бу иши қармоқ ташлашдек кўринади. Қирғизистон ва Тожикистон мисолида ҳам «қарз қопқони»га тушиб қолиш кўринди. Қарз эвазига ер бериш масаласи кўтарилгач, Қирғизистонда халқ бош кўтарди ҳам. Қарз осон ва арзон бўлгандан кейин боғланиб қолиш бўлади, шундан хавотирга тушишади”, дейди Ф. Толипов.

 Камолиддин Раббимовнинг фикрига кўра, “Сиан саммитини – Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги интеграцияга тайёрлов босқичи деган бўлардим. Хитой раҳбари нафақат иқтисодий, балки сиёсий даражадаги платформа яратиш кераклигини таъкидлади. Интеграция даъватига ўхшаб кўринди. «Геосиёсий нуқтаи назардан менинг жамоамда бўлсангиз, исталганча иқтисодий ёрдам бераман», дегандек бўляпти Хитой”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Хитой ҳазиллашмаяпти. Биз ҳам жиддийроқ ўйлаб қадам ташлашимиз керак. Умид қиламизки, буни Марказий Осиёнинг катталари ҳам яхши билашади...

Абдулазиз Муборак

Манба: Azon.uz 

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой Марказий Осиёни “ўз қаноти остига” олмоқчими?