date
views 200

Ўғаннинг Эрдўғанни қўллаши иккинчи турга қандай таъсир кўрсатади?

Ўғаннинг Эрдўғанни қўллаши иккинчи турга қандай таъсир кўрсатади?

Туркиядаги президентлик сайловларининг биринчи турида учинчи ўринни эгаллаган Синан Ўған ҳафта аввалида ўз тарафдорларини иккинчи турда Ражаб Тоййиб Эрдўғанга овоз беришга чақирди. ATA Alliance («ОТА иттифоқи») партиялар блокидан номзод сифатида кўрсатилган Ўған биринчи турда 5 фоиздан кўпроқ овоз тўплади. Амалдаги президент бу овозларга эга чиқа оладими? Иккинчи тур арафасида кучлар нисбатида қандай ўзгариш юзага келган? «Вот Так» нашри шарқшунослар Руслан Сулейманов ва Юрий Мавашев, шунингдек, сиёсий фанлар номзоди Александр Тэвдой-Бурмули билан шу ҳақда гаплашди.

Руслан Сулейманов, шарқшунос, SULEYMANOV телеграм-канали муаллифи

— Синан Ўған — ёш ва етарлича истиқболли сиёсатчи. Этник озарбойжон, у МГИМО (Москва давлат халқаро муносабатлар институти)да ўқиган, рус тилида ёмон гапирмайди. Аввал мамлакатдаги энг йирик миллатчилар партияси (ҳозирда бу партия Эрдўған билан коалиция тузган) сафида бўлган.

Бу йил унинг номзоди ўнг ва ултраўнгларнинг мутлақо янги коалицияси, «ОТА иттифоқи»дан илгари сурилди. Аввалига у Эрдўғаннинг одами ва бўлажак спойлер (сайловда овозларнинг бир қисмини ўзиники қилиб, қайсидир томонга зарар келтирадиган номзод) экани тахмин қилинаётганди. Аммо биринчи тур давомида у бу сайловлар кашфиётига айланди.

Социологик компаниялар Ўғанга 2 фоиздан кўп [биринчи турда] овоз бермаганди, аммо у якунда беш фоиздан кўпроқ олди — шунинг учун уни «кингмейкер» (асосий номзодлардан бирини танлаб, иккинчи тур ғолиби ким бўлишига кўрсатувчи шахс) деб атай бошлашди.

Ўғаннинг муаммоси — унинг барқарор бўлмаган, норози кишилардан иборат электоратидир. Булар Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партиясининг кўп йиллик бошқарувидан чарчаган ва кўп йиллардан буён ғалабага эриша олмай келаётган Камол Қиличдорўғлининг Жумҳурият халқ партиясидан ҳафсаласи пир бўлган кишилардир. Бу умуман Туркиядаги узоқ йиллардан буён ўзгаришсиз қолаётган сиёсий тизимдан ва мухолифатнинг на парламент ва на президентлик сайловларида ғалаба қозона олмаслигидан чарчашдир.

Биринчи турда Ўғанга 3 миллиондан ортиқ киши овоз берди.

Ўйлайманки, унга овоз берганларнинг фақат 50 фоизи унга қулоқ солади ва 28 май куни Эрдўғанга овоз беради — мен хулоса қилишга шошилмаган бўлардим. Бу электоратга ёш етакчи керак. [Ўғаннинг электоратини] сафарбар қилиш мумкинлигига шубҳа қиламан.

Барчаси Эрдўған ва Қиличдорўғли Ўғаннинг тарафдорларини ўзига оғдириш учун қанчалик ҳаракат қилганига боғлиқ. Булар асосан миллатчилардир ва биз кўрдикки, Қиличдорўғли уларга ёқиш учун ноз-карашмалар қилди, риторикасини ўзгартирди ва Туркиядаги мигрантлар ҳақида кўп гапирди. У 10 миллион суриялик ва афғонистонлик қочқинларни дарҳол мамлакатдан чиқариб юборишини ваъда қилган. Агар у бу одамларни ўз томонига оғдира олса, биринчи турда Ўғанга овоз берганларнинг катта қисми иккинчи турда сайлов участкаларига Қиличдорўғлини сайлаш учун келади.

Аммо такрорлайман, бу электоратни сафарбар қилиш жуда қийин. Шу ўринда, сайлов арафасида номзодини қайтариб олган Муҳаррам Инженинг тарафдорлари Қиличдорўғлига овоз бериши кутилганини эслаш мумкин, аммо бу рўй бермади: уларнинг бир қисми Ўғанга овоз берди, бошқалари — шунчаки сайловларга келишмади.

Ўйлайманки, [Ўғаннинг баёноти] ҳал қилувчи бурилиш нуқтаси эмас, балки Эрдўған ва унинг тарафдорлари учун қўшимча руҳий устунлик беради: бу Туркия сиёсатини ағдар-тўнтар қилиб юбормайди.

Туркия сиёсатининг бир ўзига хослиги бор — барчаси 24 соат ичида ўзгариб кетиши мумкин.

  • Сўнгги сўровлар турлича якунларни кўрсатган. Özdemir компанияси томонидан 25-26 май кунлари ўтказилган жамоатчилик сўровида Эрдўған (53,94 фоиз) Қиличдорўғли (46,06 фоиз)ни анча ортда қолдирган. Аммо Area, ORC ва ALF компаниялари сўровларида Қиличдорўғли устунлик қилган.
  • Сайловларнинг биринчи турида Ўған номзодини кўрсатган «ОТА иттифоқи» блокидаги асосий куч саналган Zafer partisi («Ғалаба» партияси) Ўғанга қўшилмади ва Қиличдорўғлини қўллади. Бу партия парламент сайловларида 2 фоиздан ортиқ (бир миллион икки юз минг киши) овоз олди.

Александр Тэвдой-Бурмули, МГИМО интеграця жараёнлари кафедраси доценти, сиёсий фанлар номзоди

— [Ўғаннинг Эрдўғанни қўллаши ҳақидаги баёноти] — бу оддий тактик ва вазиятга боғлиқ масала. [Иккинчи турга ўта олмаган номзодлар] ҳеч нарсага мажбур эмас, аммо бирданига муҳим ўйинчига айланганидан келиб чиқиб, улар бундан фойда чиқариб олиши керак. Учинчи ўринни шунчаки ташлаб юбориш ақлли қарор бўлмайди. Шунинг учун уни қимматроққа сотиш, масалан, 1996 йилда Россиядаги президентлик сайловларининг иккинчи тури арафасида Александр Лебед қилганидек кимнингдир жамоасига кириш (у Борис Ельцин жамосига қўшилганди) мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунчаки ўз овозларингни беришинг мумкин — бу ҳеч нарсани кафолатламайди, аммо агар одам ниманидир сотар экан, бу шуни англатадики, эвазига нимадир олади.

Бундай вазиятда сайловчилар ўз номзодига қулоқ солишадими? Маълум даражада ҳа. Бу номзоднинг қанчалик харизматик эканига боғлиқ. У иккинчи турда қўллаётган номзоднинг дастури унинг сайловчилари овоз берган ўз дастури билан қай даражада мос келишига. Бу борада Ўғанда муаммо чиқиши мумкин: у мигрантларга қарши позицияни ифодаларди ва бу билан Қиличдорўғлига яқинроқ эди.

Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг президентлик сайловлари иккинчи тури арафасидаги сайловолди кампанияси машинаси. Истанбул, Туркия. 2023 йил 22 май. Фото: UMIT BEKTAS / Reuters / Forum

Эрдўған эса, аксинча, мигрантларни чиқариб юбормаслигини айтган. Ўғаннинг электорати унга мигрантларни ҳайдаб чиқариш ваъдалари учун эргашган. Бу ҳолатда улар Эрдўғанга овоз беришидан маъно йўқ. Яхшиси, Қиличдорўғлини қўллаб-қувватлай қолишади.

Қиличдорўғли нега сўнгги ҳафталарда ўнг қанот риторикасини кучайтирди? У иккиланаётган аудитория учун курашиши керак эди. Бу ўз зарарига ҳам ишлаши мумкин бўлган стратегиядир, чунки сен ўз электоратингдан ўнгроққа ўтар экансан — уни йўқотишинг ҳам мумкин.

Ўғаннинг электорати — икки номзод ўртасидаги масофадир. Агар у Эрдўған фойдасига танлов қилмаганида, унинг электорати инерция билан 70 фоизга Қиличдорўғли томонига ўтган бўларди — у мафкуравий жиҳатдан Ўғанга яқинроқ. Аммо ҳозирги вазиятда нисбатлар ўзгарган бўлиши мумкн. Эрдўғанда шусиз ҳам устунлик бўлгани ҳисобга олинса, у шунчаки буни амалга оширади.

Юрий Мавашев, шарқшунос, maVASHev ютуб-канали муаллифи

— Синан Ўған — экспертлар муҳитидан чиққан, яхши таълим кўрган, яхши нотиқ бўлган шахс. У Россия масалаларини яхши тушунади ва Россия ҳамда Хитой билан алоқаларни ривожлантириш тарафдори.

Катта савол: Ўғаннинг сайловчилари унинг чақириғига қулоқ тутишадими. Менимча, интрига сақланиб қолмоқда. Ўғаннинг электоратини Эрдўған мамлакатни қочқинлар учун бошпанага айлантириб қўйгани факти умуман қониқтирмайди.

Сурияликларнинг ўзи миллионлаб чиқади — улар иш ўринларини тортиб олишган, жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни ёмонлаштирмоқда, маошлар тушишига сабабчи бўлишмоқда. Бу биринчи турда Ўғанга овоз берганларнинг позициясидир. Шуни тушуниш керакки, расмийлар бу линияни [миграция масаласида] ўзгартиришга ҳеч қандай кафолат бермаган. Шунинг учун, Ўғаннинг тарафдорлари Эрдўғанга овоз беришига ишонч йўқ.

Қиличдорўғлининг позициялари радикаллашуви тушунарли: Туркияда катта иқтисодий муаммолар мавжуд, шу фонда — россияликлар, украинлар, сурияликлар, Шарқдан — Покистон ва Афғонистондан келганлар муҳожирларнинг муаммоси ҳамон ўткирлигича қолмоқда.

Ўйлайманки, Ўғаннинг баёноти сайловолди пойгасига таъсир кўрсатган, аммо унга ортиқча баҳо бермаслик керак. Менимча, интрига 50/50 фоизлигича қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўғаннинг Эрдўғанни қўллаши иккинчи турга қандай таъсир кўрсатади?