13:27 / 07.06.2023
267

Каховка ГЭС вайрон қилиниши Украина армиясининг қарши ҳужумига тўсқинлик қиладими?

Каховка ГЭС вайрон қилиниши Украина армиясининг қарши ҳужумига тўсқинлик қиладими?

Украинанинг Каховка гидроэлектр станцияси (ГЭС) бутунлай сув остида қолди. Киев баёнотига кўра, 6 июнга ўтар кечаси россиялик ҳарбийлар тўғонни портлатиб юборган. «Жануб» мудофаа кучлари расмий вакили Наталя Гуменюкнинг сўзларига кўра, портлаш Украина қуролли кучларининг қарши ҳужумини тўхтатиш умидида қилинган. «Улар сув сатҳи майдонини оширишга ва Украина мудофаа кучларига дарёни кечиб ўтишга имкон қолдирмасликка уринмоқда», деди у. Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам шундай фикрда.

2022 йил 20 октябрида Украина президенти Володимир Зеленский Европа кенгашида нутқ сўзлаб, россияликлар ГЭС тўғони ва агрегатларни миналаштираётгани, теракт учун «ҳамма нарсани тайёрлаб қўйгани»ни айтган эди. Шу билан бирга, у агар рус қўшинлари ГЭС тўғонини портлатса, «бутун дунёга уруш эълон қилиши» сифатида баҳоланишини маълум қилганди.

«Бу ҳарбий устунлик бериши даргумон»

Фото: Telegram / ROMAN_MROCHKO

Украиналик ҳарбий эксперт Олексий Хетман Каховка ГЭС тўғонини портлатишда ҳарбий маъно борми ва бу Украина армиясининг ҳужум қилиш қобилиятига таъсир қиладими, шулар ҳақида тушунтирди.

— «Укргидроэнерго» компанияси хабарига кўра, Каховка ГЭС бутунлай вайрон бўлган ва уни қайта тиклаш мумкин эмас. Уни вайрон қилишда ҳарбий маъно борми?

— Ҳаммаси аниқ. Улар қирғоқларни, шу жумладан, чап қирғоқни сувга бостирмоқчи. Улар Херсон ҳудудидан ҳужум бўлишини кутмоқда. Улар асосий зарба шу жойда бўлиши, биз Днипро дарёсини кечиб ўтишимиз ҳақида ўйлашган. Ва гидроэлектр станциянинг портлаши, ўнг қирғоқ сув остида қолиши, руслар нуқтайи назаридан, улар кутганидек, Херсон яқинида ҳужумни қандайдир тарзда тўхтатиб қўйиши ёки ҳатто имконсиз қилиши мумкин.

Биз қаерга ҳужум қиламиз – буни фақат ҳарбий-сиёсий раҳбариятимиз билади. Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Данилов айтганидек, ҳужумимиз қандай бўлишидан дунёда фақат беш киши хабардор. Аммо улар эҳтиёт чорасини кўришга қарор қилишган. Менимча, улар ҳужумимизни кутиб қўрқиб кетишди.

Умуман олганда, бу қўшинларимизни тўхтата олмайди, сув сатҳи тезда пасаяди. Прогнозларга кўра, сув оқими 20-40 соат ичида тўхтайди, у ердаги сувлар оқиб кетади. Каховка ГЭС баландлигидаги фарқлар тахминан 16 метрни ташкил этади, сув тошқини бўлади. Қайси аҳоли пунктларини сув босиши мумкинлиги аллақачон айтилган. Аммо глобал сув тошқини бўлмайди. Сув бир неча кундан кейин қайтади. Бу ҳарбий устунлик бериши даргумон – эҳтимол бир неча кунга бериши мумкин. Экологик оқибатлар эса жуда оғир бўлади.

Бундан ташқари, Запорижжя атом электр станциясини совитиш учун Каховка сув омборидан сув олинар эди. Энди бу муаммони қандай ҳал қилиш кераклиги ҳақида савол туғилади. Табиийки, сув қайтади, Каховка сув омборидаги сув сатҳи пасаяди ва Запорижжя АЭС у ердан сув олиши мумкинми, бу ҳали ҳам очиқ савол. Буни аниқлаш учун бизга мутахассислар керак. Аммо бундай хавф мавжуд.

— Украина бош вазири Денис Шмихал 80 та аҳоли пунктини сув босиши хавфи борлигини айтди. Вайронагарчилик кўламига қараб, унинг портлатилганига ишончингиз тўлиқ комилми? Бу ташқаридан қандайдир зарбалар эмасми?

— Йўқ, албатта, у 100 фоиз портлатилган, чунки тўғондаги вайронагарчиликни кўриш мумкин. Назарий жиҳатдан, ҳамма нарса бўлиши мумкин, лекин у ичкаридан портлатилган, бу 100 фоиз. Президент Зеленский бир йил олдин россияликлар буни амалга оширишни режалаштираётганини айтган эди. Чап қирғоқ сув остида қолди – бу ҳақиқатан ҳам Днипро дарёсини кечиб ўтишни мураккаблаштириши мумкин. Агар буни руслар эмас, балки, масалан, биз амалга оширдик деб тахмин қилсак, унда ўзимизнинг оёғимизга болта урган бўламиз. Руслар шундай қила олади, биз бундай аҳмоқона ишларни қилмаймиз.

— Келинг, ўлчамларни яна бир бор кўриб чиқайлик. Менимча, сув тўғоннинг бир неча ўн метр пастидан ўтади. Уни фақат миналаштириш мумкинми? Ўлчамлар шу қадар каттаки, ҳаводан зарба бериш орқали ГЭС тўғонини вайрон қилиш имконсизми?

— Ҳа. Биринчидан, бу тўғон, жуда жиддий истеҳком. Уни йўқ қилиш учун жуда кучли бомбалар, битта ракета эмас, балки бир неча ракеталар билан зарба бериш керак. Йўқ, у рус босқинчилари томонидан миналангани ва портлатилгани аниқ. Қрим кўпригига берилган зарбаларни кўрдингиз, бу объектга ҳужум қилиш қандай бўлишини биласиз. ГЭС эса умуман бошқача кўринмоқда. Бу, албатта, бизнинг ракеталаримиз эмас – улар аниқ миналанган.

— Яна бир бор таъкидлаш керак: станция рус ҳарбийлари томонидан назорат қилинганми?

— Албатта. Улар уни тўлиқ назорат қилишди. Қолаверса, станция хавфсизлигини таъминлаши керак бўлган ходимларимизни у ерга киритишмади. Улар у ерда жуда кўп ишларни қилишди, шунинг учун масъулият юз фоиз ўша одамларда.

Бу муайян экологик муаммоларга сабаб бўлади, сув тошқини билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Ўйлайманки, қурбонлар бўлмайди, ҳалокатли тошқин бўлмайди. Ўйлайманки, одамлар эвакуация қилишга вақт топади. Сув сатҳи тезда кўтарилмайди. У қирғоқ чизиғидан ўтиб кетиши мумкин: ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 12 километрга. Яъни ҳамма жойларни сув босмайди. Назоратимиз остидаги ўнг қирғоқдан одамлар эвакуация қилиняпти. Чап қирғоқдан одамлар ўз-ўзидан эвакуация қилишга даъват этилади.

Аммо шуни эсда тутайликки, сув бир неча кун ичида – прогнозларга кўра, 20-40 соат ичида қайтади. Барча сув оқиб кетади ва Қора денгизга қуйилади. Ва ҳамма нарса нормал ҳолатга қайтади.

— Бу Украина армиясининг ҳужум қилиш қобилиятига таъсир қиладими, бу ҳақдаги фикрингиз қандай?

— Қаерга ҳужум қилишни режалаштирганимизни ҳеч ким аниқ билмайди. Аммо агар Херсон областидан олдинга силжишни, Днипро дарёсини кечиб ўтишни режалаштирган бўлсак, табиийки, сув сатҳи баланд экан, бу [ҳужумни] кечиктиради. Сув сатҳи баланд бўлса, ҳеч ким олдинга силжимайди. Бир неча кундан кейин сув қайтади ва Қора денгизга қуйилади, кейин Херсон яқинида ҳам ҳужумкор операцияларни бошлаш мумкин бўлади. Аммо, яна айтаман, бизнинг Бош штаб айнан руслар сув бостирган жойга ҳужум қилишни режалаштирганми ёки йўқми, ҳеч ким билмайди.

— Бу ҳолатда Днипрони кечиб ўтишнинг қандай усуллари бор?

— Понтон кўприклари бор. Биз ҳамкорлардан техникаларни, жумладан, йиғма кўприклар ва понтон кўприкларини олдик. Яъни амалда дарёни кечиб ўтиш мумкин. Агар шундай эҳтиёж туғилса ва шундай қарор қабул қилинган бўлса, биз техника билан таъминланганмиз.

«Бу сценарийни куздаёқ назарда тутган эдик»

Иван Бохун номидаги 1-алоҳида махсус кучлар бригадаси офицери Тарас Березовец «Настоящее время» эфирида Украина қарши ҳужумга тайёрми ёки тўғон портлаши уни секинлаштирадими ёки йўқлигини айтди.

— Каховка ГЭС портлатилиши Россиянинг ишими? Бу ҳаракатлар Украина қарши ҳужуми билан боғлиқми?

— Каховка ГЭС рус босқинчилари томонидан портлатилганига ҳеч кимда шубҳа йўқ. Бу жуда мураккаб гидротехник иншоот бўлиб, уни йўқ қилиш учун бир неча тонна портловчи модда керак эди. Украина авиацияси бунга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ҳар қандай баёнотлар рад этилади, чунки Украина авиацияси бу йўналишда ишламаган.

Табиийки, душман Украина ҳужумини тўхтатиш умидида ушбу тўғонни вайрон қилди. Бироқ, улар ўзига ёмонлик қилишди, чунки ҳозир душман назорати остида бўлган Днипронинг чап соҳили балчиққа айланди. Биринчи навбатда Херсон областининг чап соҳилдаги қисмини сув босмоқда, шунингдек, сув сатҳининг пасайиши туфайли бу Қримга ҳам таъсир қилади.

Аммо асосий мақсад – ҳа, ҳужумни тўхтатиш, Днипронинг чап қирғоғидаги ботқоқликни кўпайтириш ва улар умид қилганидек, мудофаа ҳаракатларида чалғитишга уриниш. Бироқ, бу сценарийни ўтган йилнинг кузида назарда тутган эдик. Ўтган йилнинг октябр ойида президент Зеленский душман тўғонни вайрон қилишга тайёрлигини ва унинг оқибатларини айтган эди.

— Сиз Днипронинг чап қирғоғи ҳақида гапирдингиз – бу ҳозир рус ҳарбийлари томонидан босиб олинган ҳудуд. Ва сув уларнинг ўтган йил давомида қурган истеҳкомларини ҳам сув босиши мумкин, тўғри эмасми?

— Энг аввало, Днипронинг чап қирғоғидаги мина майдонлари сув остида қолади. Мен душман ҳаракатлари мантиғини тушунмаяпман, чунки сув сатҳи кўтарилиши миналанган майдонларни сув босишига олиб келади ва бу билан чап соҳилга десант ташлаш операциясини осонлаштиради. Шунинг учун, ростини айтсам, шу жиҳати менга тўлиқ тушунарли эмас.

— Украина қарши ҳужумга тайёрми? Ёки Украина буни аллақачон бошлаганми?

— Албатта, Украина ҳужумга тайёр. Бунинг учун Украина қуролли кучлари Бош штаби қўмондонлиги ва бўлинмалари томонидан барча зарур шарт-шароит яратилган. Бироқ, аввалроқ Украина мудофаа вазирлиги раҳбарлари огоҳлантирганидек, [Россия ҳарбийларининг Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми 4 июнда бошлангани ҳақидаги версияси] Украина мудофаа вазирлиги баёноти билан расман рад этилди. Биз ҳеч ҳужум бошланганини эълон қилмаймиз. Бош штабнинг расмий ҳисоботларида ҳаммасини кўрасиз.

— Ҳозир Бахмут яқинида нималар бўлаётганини тасвирлаб бера оласизми?

— Бахмут яқинида мудофаа кучлари «Вагнер» чиқиб кетганидан кейин рус армиясининг позицияларига босим қилмоқда. Ёлланма жангчилар бошлиғи Евгений Пригожин тасдиқлаганидек, рус армиясининг мунтазам қисмлари чекинишни бошлади. Украина қуролли кучлари Бахмут ва Словянскни боғлайдиган магистрал бўйлаб ҳужум қилмоқда. Жанубдаги позицияга ҳам босим қилинмоқда. Ўтган кун давомида Украина мудофаа кучлари бу йўналишда 600 метргача олдинга силжиш имконига эга бўлди.

Душман позицияларига Запорижжя, Орехово-Зуево йўналиши бўйлаб ҳужум қилинмоқда, бу ерда силжиш янада каттароқ. Душманга кўплаб снарядлар отиляпти, истеҳкомлари вайрон қилинмоқда. Иккала йўналишда ҳам Украина қуролли кучлари қисмларининг олдинга силжишини кўряпмиз.

— «Вагнер» қисмлари олиб чиқилгач, нима ўзгарди? Нега бу чекинишдан кейин Украинанинг қарши ҳужумга ўтиши учун имкон пайдо бўлди?

— Биринчидан, Россия бу ҳудудда ҳаво-десант қўшинларидан фойдалана бошлади, улар мудофаа учун мўлжалланмаган, балки ҳужум учун мўлжалланган. Шу сабабли ҳам Украина ҳужумига имкон пайдо бўлди. Уларни окопларга ташлаш – Россия ҳарбий раҳбариятининг яна бир аҳмоқлиги.

Иккинчидан, «Вагнер» жуда кўп қурбонлар ҳисобига Бахмутда позицияларни ушлаб турди. Ҳар куни улар бир неча юз кишини йўқотди. Россия мунтазам армияси буни қатъиян истамайди. Шунинг учун улар Украина қуролли кучлари босими остида чекинмоқда.

— «Вагнер» у ерда Россия мудофаа вазирлиги учун баъзи мудофаа истеҳкомларини тайёрладими?

— «Вагнер» у ерда тегишли мудофаа истеҳкомларини, мина майдонларини тайёрлаганини айтган. Бироқ, биз бу маълумотни мустақил манбалар билан тасдиқлай олмаймиз. Қандай бўлмасин, «Вагнер» ҳам мудофаа операцияларига унчалик тайёр бўлмаган қисмлар эканини тушуниш керак, шунинг учун улар тайёрлаган истеҳкомларнинг сифати, шубҳасиз, Украина мудофаа кучларининг босимини ушлаб туриш учун етарлича юқори эмас.

— Май ойида Украина ҳарбийлари маълум миқдордаги Россия артиллерия иншоотларини йўқ қилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор эди. Буни тасдиқлай оласизми?

— Май ойи бу борада рекордчи бўлди деб айта олмайман, чунки баъзи рус қуролларини йўқ қилиш кўрсаткичлари деярли ўзгармайди. Аммо шуни тасдиқлашим мумкинки, душманнинг шимолий ва шарқий йўналишларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини, радар тизимларини, «Зоопарк» типидаги тизимларини, артиллериясини йўқ қилиш устувор вазифа бўлиб қолаверди.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Каховка ГЭС вайрон қилиниши Украина армиясининг қарши ҳужумига тўсқинлик қиладими?
ePN