22:36 / 10.07.2023
210

НАТОнинг Вилнюсдаги саммитидан нималар кутиш мумкин?

НАТОнинг Вилнюсдаги саммитидан нималар кутиш мумкин?

Фото: AFP

НАТОга аъзо мамлакатлар етакчилари ва вакиллари алянснинг ҳар йилги саммитида иштирок этиш учун Литвага келишмоқда, бу сафаргиси Киев учун ҳал қилувчи, Москва учун эса ҳаддан ташқари ёқимсиз бўлиши мумкин, чунки саммит кун тартибидаги асосий масала – Украинанинг НАТОга аъзолиги масаласидир.

Душанба куни тушдан кейин Вилнюсга алянсдаги катта тўртлик етакчилари келиши кутилмоқда - Жо Байден, Эммануэл Макрон, Олаф Шолц ва Риши Сунак.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳозирча саммитдаги иштирокини тасдиқламаган. У бир неча бор саммитга фақат НАТО етакчилари учрашуви чоғида Украинага алянсга қўшилиш таклифи берилиши шарти билан бориши мумкинлигини айтганди, аммо унга ҳеч ким бундай кафолат бермади.

Аввалроқ Жо Байден НАТОнинг айрим аъзолари урушнинг авж палласида Украинани ўз сафларига қабул қилиш имконсиз деб ҳисоблаётганини, аммо бу уни кейинроқ қўшилишга таклиф этиш имкониятини соқит қилмаслигини айтганди.

Россиянинг Украинага босқини давом этаётганига 500 кундан ошди. Шу йил май ойидаги маълумотларга кўра, уруш бошидан буён ғарблик иттифоқчилар – АҚШ, ЕИ ва НАТО – Киевга инсонпарварлик, ҳарбий ва молиявий ёрдам сифатида 165 млрд доллар ажратган.

Аммо, дам олиш кунлари НАТО бош котиби Йенс Столтенберг таъкидлаганидек, Вилнюсдаги саммитда Россияга янада аниқроқ сигнал юборилади.

BBC’нинг Европа бўлими муҳаррири Катя Адлер саммит арафасида алянснинг шахси сир қолишини сўраган юқори мартабали вакиллари билан бу қандай сигнал бўлиши мумкинлиги борасида гаплашди. НАТО ўзини кейинги ҳарбий ва бошқа ёрдамларда чеклайдими ёки янада қатъийроқ қадамлар кутиш мумкинми?

Манбаларнинг сўзларига кўра, саммит давомида асосан бешта мавзу кўтарилади.

1. Стратегик матонат

Россия аниқ билиши керак: Ғарб ҳолдан тоймайди ва Украинага қизиқишини йўқотмайди. Киевга ёрдам оқими қисқаришини кутиш ўринсиз.

«Биз [Киевга] борган сари муҳим ҳарбий ёрдамларни етказиб беряпмиз ва Москва бу давом этишини тушуниши керак», деган дипломатлардан бири.

BBC мухбирининг сўзларига кўра, уни суҳбатдошлари Украинанинг қаршим ҳужуми кутилганидан секинроқ кечаётганини хотиржамлик билан қабул қилгани ҳайрон қолдирган.

Афтидан, НАТОдагилар шу кунларда «бу Ҳолливуд эмас, уруш экани ва барчасининг ўз мавриди келиши»ни айтган Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверлининг фикрига қўшилади.

2. Мудофаа комплекси

Узоқ чўзилаётган ҳарбий ҳаракатлар фонида, Вилнюсда муҳокама қилинажак асосий мавзулардан бири Европа ҳарбий саноати суръатларини ошириш бўлади, бу эса Украинани барча зарур нарсалар билан таъминлаш Европа Иттифоқи давлатларининг мудофаа имкониятларини керакли даражада сақлаб қолиш имконини беради.

Шунингдек, НАТО раҳбариятидагиларнинг айтишича, Украина оладиган қуроллар ва етказиб бериш суръатлари бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришга эҳтиёж бор.

Ҳозирги вақтда НАТОнинг ҳар бир мамлакати ўз ёрдамини ўзи белгилаган муддатларда юбормоқда ва Украина турли моделлардаги зирҳли техникалар, танклар ва бошқа қуроллар билан ишлашига тўғри келмоқда, бу эса у қадар самарали бўлмайди.

3. Киев учун хавфсизлик кафолати

Украина ҳозирча НАТО аъзоси эмаслигини инобатга олган ҳолда, Буюк Британия, АҚШ, Франция ва Германия ҳозирнинг ўзида Киевга хавфсизлик кафолати тақдим этадиган «хоҳловчилар коалицияси»ни шакллантиради.

Режа тафсилотлари саммит дастури доирасида муҳокама қилинади. Унинг муаллифлари бошқа мамлакатларни коалицияга қўшилишга таклиф этади.

4. Украина-НАТО кенгаши

НАТО саммитининг иккинчи кунида яқинда тузилган НАТО-Украина Кенгаши чақирилади, бу Киев ва алянс ўртасида янада яқиндан ҳамкорлик қилиш учун платформа сифатида ишлаб чиқилган ва у орқали Украина НАТО ресурсларидан кенгроқ фойдаланиш имконига эга бўлади.

Агар президент Зеленский барибир саммитга келмасликка қарор қилса, бу пункт бўйича жуда ноқулай вазият юзага келиши мумкин, дея ёзади саммитни ёритиш учун Вилнюсда бўлиб турган Катя Адлер.

5. Украина учун тезлаштирилган тартиб

Манбаларнинг сўзларига кўра, НАТО катта эҳтимол билан Киевни алянсга аъзо бўлиш тартибининг одатда ҳар бир номзод ўтиши мажбурий бўлган босқичларидан биридан халос этиши мумкин. Гап «Аъзолик йўлидаги ҳаракатлар режаси» деб номланган ҳужжат тузиладиган ва келишиладиган босқич ҳақида бормоқда.

НАТОдаги бирдамлик

Саммит хавфсизлигини таъминлаш учун НАТО аъзолари Литва ҳаво кенгликларини ёпишган
ANADOLU AGENCY

BBC мухбирининг сўзларига кўра, саммит арафасида НАТО доираларида Украина масаласида тўла бирдамлик ҳукм сурмоқда. Вилнюсда музокаралар столига ўтирадиган ҳар бир киши Украинани қисқа муддат, ўрта муддат ва узоқ истиқболда қўллаб-қувватлаш зарурлигини яхши тушунади.

Расмий равишда НАТО Россия билан музокаралар столига ўтириш ёки ўтирмаслик масаласини фақат Киев ҳал қилиши ва бунинг учун вақтни мустақил белгилаши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Аммо дипломатлар парда ортида, агар бу урушда енгиб бўлмаслиги аён бўлиб қолса, алянс украинлар ҳаёти ва ғарбнинг миллиардлаб маблағларини сақлаб қолиш учун Украинани бу ечимга ундаш кераклигини тан олишмоқда.

Шу билан бирга, Кати Адлернинг суҳбатдошлари қайд этишича, бу масала айни вақтда кун тартибида эмас.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » НАТОнинг Вилнюсдаги саммитидан нималар кутиш мумкин?
ePN