Саудия Арабистонида Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан РФ иштирокисиз музокаралар бўлиб ўтди. Унда 40 та давлатдан келган дипломатлар қатнашди. Саудия таклиф этган тинчлик режаси Киев хоҳишига зид келди.
“Геосиёсат”нинг бугунги сонида Жиддадаги музокаралар ҳақида сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов сўз юритади.
— Тинчлик режаси бўйича бунга қадар ҳам бу каби форматда музокаралар ташкил қилинган, масалан, аввалгиси Копенгаген шаҳрида бўлганди. Лекин ҳозирча самара бўлмаяпти. Бундай музокаралар урушда бурилишга сабаб бўла олиши мумкинми?
Фарҳод Толипов: Кескин ўзгаришга сабаб бўлмаса ҳам, у ёки бу шаклда таъсир қилади барибир. Бу таъсир балки бугун-эрта эмас, кейинроқ кўринар балки. Стратегик мулоқот тушунчаси бор, яъни уруш жараёнида урушаётган томонлар ва уларнинг атрофидагилар бир-бирига хабар юборгандек бўлиб, баёнотлар ва бошқа кўринишдаги сигналлар беради. Бунда келажакда бўлиши мумкин бўлган потенциаллар кўрсатилади.
Жиддадаги саммитни ҳам стратегик мулоқот деб атаган бўлардим. Бу ерда 40 дан ортиқ давлатлар қатнашди. Россия томони саммитнинг якуний ҳужжатларини қабул қилмаслигини айтди. Бунга сабаб қилиб Россиянинг ўзини таклиф этишмаганини келтирди. Саммитга Зеленский бир нечта таклифлар билан келди, бу билан у ўз позицияси борлигини кўрсатди. Россия ёлғизланяпти, азалий ҳамкорлари ҳам ўзини тортяпти, шунинг учун урушни тезроқ тугатиш керак, деган сигнал бўлди саммитда.
Камолиддин Раббимов: Шу пайтгача ҳам урушни тўхтатиш учун бир нечта лойиҳалар бор эди, дейлик, Украина, Хитой ёки Россия лойиҳаси, ЕИнинг лойиҳаси ҳам бор эди. Борган сари мана шу лойиҳалар бирлашиб, асосий тамойиллар универсаллашяпти. Ўтган йили 14 та тамойилдан иборат Хитойнинг лойиҳаси бор эди, лекин жуда зиддиятли эди.
Энди дунёда 2 та асосий лойиҳа шаклланяпти. Россия лойиҳаси: «Биз энди Украина юриш қилмаймиз, лекин эгаллаб олган жойларимизни ҳам қайтармаймиз, аҳолимизга кўрсатишимиз учун бирор бир натижа керак», деган мазмунда. Украинанинг лойиҳаси эса албатта унинг ҳудудий яхлитлиги тан олиниб, суверенитети мустаҳкамланиши. Бу тамойилни барча давлатлар, жумладан, Хитой ҳам тан оляпти.
Саудия Арабистонидаги музокаралардан кейин, ҳали давлат раҳбарлари иштирокида ҳам саммит бўлади. Хитойнинг бу саммитда иштирок этиши Россия билан бироз масофа сақлаётганини кўрсатди. Тўғри, Россия билан алоқалари яхши бўлаверади, лекин вазиятга нисбатан салбий сигнал берди Россияга.
— Саудия Арабистонида бўлиб ўтган тинчлик мулоқотига Россия таклиф қилинмади. Урушнинг сабабчиси бўлган давлатсиз тинчлик келишувига эришиш қанчалик мантиқли? Россия ТИВ сўзловчиси Мария Захарова Жиддадаги саммитни «Ғарб томонидан Россияга қарши тузилаётган коалиция» деб атади.
Фарҳод Толипов: Россия амалдорлари ва пропагандачилари томонидан доим ҳар хил фикрлар айтилган. Мария Захарованинг саммит орқали ғарб коалицияси тузиляпти, деган гапи ҳам шундай, ҳайрон бўлмаслик керак. У ердаги давлатларнинг ярми ғарбдан эмас, қолаверса, Хитой ҳам бор. Хитой эса Россияга қарши Ғарб коалициясига ҳеч қачон қўшилмаса керак. Россияда уларга нимаики ёқмаса, бунинг ортида ғарб турибди деган тафаккур бор. Шундан бошқа фантазия топа олишмаяпти. Бундай баёнотларга эътибор бериш шартмас.
Россия томони ҳам англаяптики, бундай саммит-учрашувлар орқали охир-оқибатда Россияга қарши якдил тамойиллар шаклланяпти, рационал жараёнлар кетаётгани иррационал томонга кўрсатиляпти. Россия ўзининг ёлғизланиб бораётганини ҳис қилмаслиги мумкин эмас. Жиддадаги саммитнинг вазифаларидан бири ҳам Россиянинг ёлғизланаётганини кўрсатиш. Яқин бўлган Хитой ҳам норози кайфиятда. Россиянинг дўстлари фақат Африкада қолаётганга ўхшаяпти (яқинда Россия–Африка саммити бўлиб ўтганди).
Эътиборлиси, Жиддадаги саммитнинг бир қатор иштирокчилари – БМТдаги Россияга қарши резолюцияларда бетараф бўлиб турган давлатлар.
Камолиддин Раббимов: Саммитда энг катта фойда кўрган давлат – Саудия Арабистонининг ўзи. Европанинг таниқли ОАВлари ёритишича, Саудия Арабистони ўзини катта дипломатик қудратга эга давлат сифатида намоён қиляпти. Ҳақиқатан ҳам, Саудия Хитой билан ижобий муносабатда, Американинг анъанавий иттифоқчиси, ОПЕК+ доирасида эса Россия билан ҳам жуда яхши алоқаларни йўлга қўйган. Айни Саудия ва Россия нефт нархини белгилашда асосий рол ўйнайди.
2002 йилдан 2014 йилгача дунё бозорида бир баррел нефт нархи 100-120 доллар бўлди. Шунинг ортидан Путин мисли кўрилмаган даромад олди. Айни шу сабабдан Грузия ва бошқа давлатларга уруш очди. Саудия Арабистонининг айнан шу нефт ричаги орқали Кремлга таъсир қилиш салоҳияти катта.
Муҳаммад бин Салмон ҳокимиятга келгач, Саудия геосиёсий масалаларда мустақил бўлишга ҳаракат қиляпти. Эрдўғанга ўхшаб Ғарбга яқин, лекин кези келганда мустақил ўйин қила оляпти. Яъни бугунги расмий Ар-Риёдга Вашингтоннинг айтгани айтган, дегани деган эмас. Бу нуқтайи назардан, Москва ҳам англайдики, Саудия билан муносабатлар ёмонлашуви Россияга катта зарар етказа олади. Айниқса нефт нархлари орқали. Россия ҳам бугунги Саудия АҚШ билан унчалик яқин эмаслигини кўриб турибди, шу омил ҳам уларни ўйлашга мажбур қилади.
Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!