
Рублнинг ёзги қулаши Россияга қўшни давлатлар иқтисодиётига ҳам таъсир қилди. Мисол учун, 2016 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга чиққан танга август ойи ўрталарида, рублдан кейин кескин пасайишни бошлади. Ва ҳатто 15 август куни Россия банки асосий ставкани кескин оширганидан кейин рубл ўз қулашини бироз секинлаштирганда ҳам, танга яна бир неча кун қадрсизланишда давом этди. Қозоғистон Миллий банки миллий валютанинг қадрсизланишини «рублнинг заифлашишига реакция» дея изоҳлади. «Медуза» нашри рубл курси ҳақиқатан ҳам МДҲ мамлакатлари валюталарини ўз билан бирга жарга тортиши ва бу нима учун меҳнат мигрантларининг Россиядан чиқиб кетишига олиб келиши мумкинлигини ўрганган.
Умуман олганда, қандай омиллар МДҲ мамлакатлари валюта курсларига таъсир қилади?
МДҲ мамлакатлари иқтисодиётлари анча ўхшаш, аммо барибир бир-биридан фарқ қилади. «Бу худди шоколад қутисига ўхшайди: барча таъмлар ҳар хил, аммо уларни нимадир бирлаштиради», дейди йирик молиявий компания иқтисодчиси.
- «Айрим давлатларда, масалан, Озарбойжон ва Туркманистонда миллий валюта курси тартибга солинади. Бу озарбойжон манати ёки туркман манатининг алмашинув курслари Марказий банклар томонидан қаттиқ белгилаб қўйилгани ва амалда деярли ўзгармаслигини англатади», дейди Freedom Finance Global таҳлилчилари нашрга берган шарҳида.
- Бошқа мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистонда давлат валюта курсини қисман тартибга солади.
- Арманистон ва Қозоғистонда валюта курси Россиядаги каби эркин қўйилади (ўзгарувчан). Яъни миллий валюталар қиймати биринчи навбатда валюта бозоридаги талаб ва таклиф билан белгиланади. Курсга бозор омиллари таъсир кўрсатади: масалан, танга курси нефт нархи ўзгаришига боғлиқ.
Рублнинг қўшни мамлакатлар валюталари билан қандай боғлиқлиги бор?
Россия минтақадаги энг йирик иқтисодиётлардан бири ҳамда Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари ва МДҲнинг кўплаб давлатлари учун асосий савдо шериги ҳисобланади. Бундан ташқари, рубл ЕОИИ давлатлари ўртасидаги савдода доминант валюта. ЕОИИ доирасидаги халқаро ҳисоб-китобларнинг аксарияти рус валютасида амалга оширилди: рублнинг экспорт ва импортдаги улуши 70 фоиздан юқори. Бу, хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва бошқа мамлакатлар компаниялари Россия билан савдо қилиш учун рубл сотиб олишини англатади.
Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Арманистондан кўплаб мигрантлар Россияга ишлаш учун келади. Улар рублда маош олади ва тез-тез уйига пул жўнатиб туради. Бу ҳам МДҲ мамлакатлари иқтисодиёти рублга боғлиқлигини кучайтиради. «Масалан, Тожикистонда меҳнат мигрантлари даромадидан келадиган молиявий оқим ялпи ички маҳсулотнинг учдан бир қисмини ташкил қилади», дейди йирик молиявий компания иқтисодчиси.
Рублни МДҲ давлатларига нафақат меҳнат муҳожирлари, балки Россиядан кетган Россия Федерацияси фуқаролари ҳам олиб келади. Бу, айниқса, Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан кейин анча кўпайди ва валюта курсларига сезиларли таъсир кўрсатди: миллий валюталар мустаҳкамлана бошлади, чунки қочиб келган руслар рублни сотди, бозорда таклифларни кўпайтирди ва маҳаллий валютани сотиб олди. Натижада, 2022 йилда МДҲнинг уч давлати валютаси бирданига АҚШ долларига нисбатан энг мустаҳкам 10 та валюта қаторига кирди, булар Арманистон драми, Гуржистон лариси ва Тожикистон сомонийси.
Арманистон ва Гуржистонда нақд пул оқими давом этди, шунинг учун драм ва лари 2023 йилда ҳам мустаҳкамлигича қолди. Аммо Тожикистонда вазият аксинча бўлди. Сомоний 2023 йилда пасайишни бошлади: йил бошидан буён АҚШ долларининг тожик валютасига нисбатан курси 8 фоизга ўсиб, 10,2 сомонийдан 11 сомонийга етди. Бу кўп жиҳатдан сомонийнинг рублга кучли қарамлиги билан изоҳланади. Натижада тожик валютаси ҳам рус валютасидан кейин арзонлади.
Бу боғлиқлик ҳақиқатан ҳам МДҲ давлатларининг валюта курсларини белгилайдиган даражада кучлими?
«Рубл, шубҳасиз, уларга таъсир қилади, лекин тўғридан тўғри ва барча валюталарга эмас. Россия билан қаттиқ боғланган кичик иқтисодиётга эга давлатлар рублга кўпроқ қарам. Бошқа мамлакатлар учун рублнинг тебраниши шунчаки, валюта курсига билвосита таъсир қилувчи омиллардан бири бўлиб қолади», дея тушунтиради Freedom Finance Global таҳлилчилари.
«Меҳнат мигрантлари даромадларининг катта оқими туфайли Тожикистон миллий валютасининг алмашув курсини рубл таъсирига энг кўп қарам деб аташ мумкин», дея таъкидлайди йирик молиявий компания иқтисодчиси.
Рубл Арманистон ва Гуржистон иқтисодларига ҳам таъсир кўрсатади, аммо ушбу мамлакатларнинг валюта курсларига таъсир қилувчи бошқа муҳим омиллар ҳам бор. Масалан, арман драми учун муҳим омил — бу оғир пайтларда (инқироз, пандемия ёки уруш пайтида) арман диаспорасидан Арманистонга пул оқими кучайишидир. Шунинг учун драм постсовет ҳудудидаги деярли энг барқарор валютадир: сўнгги беш йил ичида у рублга нисбатан 50 фоизга мустаҳкамланди.
Гуржистон учун эса кўп сонли сайёҳларнинг доимий оқими муҳим аҳамиятга эга. Бу ва бошқа омиллар ҳозирча рублнинг заифлашувини мувозанатлаштирмоқда.
Қозоғистонда вазият анча мураккаб. Қозоғистон ҳам Россия каби йирик нефт экспортчиси ҳисобланади. Шунинг учун Қозоғистон тангасининг курси рубл каби нефт нархи ўзгаришига жуда боғланган. «Рубл курси ва нефт нархи — тангага таъсир кўрсатувчи икки асосий омил», деган Қозоғистон Миллий банки раиси ўринбосари Алия Молдабекова 2019 йилда.
«Бироқ, Қозоғистон Россияга ундан сотиб олганидан кўра кўпроқ маҳсулот экспорт қилади. Шунинг учун, айрим вазиятларда танга рублдан тескари импулс олади», дейди йирик молиявий компания иқтисодчиси.
«Масалан, 2022 йилда рублнинг кучли қимматлашиши танга қадрсизланишига олиб келди ва Қозоғистонда нархлар ўсиши тезлашишига сабаб бўлди. Рублнинг танга билан алоқаси биринчи қарашда туюладигандек аниқ эмас», дея тушунтиради эксперт.
«ЕОИИ мамлакатлари валюталаридан Беларус рубли Россия рублига энг кўп қарам», дейди Россия банки иқтисодчиси.
«Россия Беларуснинг энг йирик савдо шериги ва республиканинг кўплаб фуқаролари Россияга ишлаш учун келади, шунинг учун ҳақиқатан ҳам қарамлик бор», дея бу фикрга қўшилади йирик молиявий компания иқтисодчиси.
«Бироқ, бу ҳолатда, миллий валюталар курслари ўртасида қатъий боғлиқлик йўқ, чунки Россия рубли курси Россия Федерацияси Марказий банки томонидан тартибга солинмайди, Беларус рубли курсига эса кўпинча Беларус Миллий банкининг аралашуви таъсир қилади», дейди Freedom Finance Global таҳлилчилари.
Россиянинг Украинага босқинидан кейин МДҲ мамлакатлари иқтисодиётлари ва рубл ўртасидаги алоқа мустаҳкамландими ёки заифлашди?
Мустаҳкамланди. Гап шундаки, уруш бошланганидан кейин Россия Ғарб ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотлари импортидан узилди аммо, аслида, кўплаб товарлар Россия Федерациясига параллел импорт орқали ва кўпинча айнан МДҲ давлатлари орқали кириб келишда давом этмоқда.
Қозоғистон, Арманистон, Гуржистон ва бошқалар Россия Федерациясига санкцияга тушган товарларни етказиб берувчи асосий ҳабларга айланди. Масалан, Россия ва Арманистон ўртасидаги товар айланмаси йилига қарийб икки бараварга кўпайиб, 5 миллиард долларни, Россия билан Қозоғистон ўртасида 10 фоизга ошиб, 26 миллиард долларни, Россия ва Гуржистон ўртасида 60 фоизга ошиб, 2,3 миллиард долларни ташкил этди.
Бу миллий валюталарнинг рублга боғлиқлигининг яна бир омилини — маржага қарамликни яратди. Яъни Ғарб товарларини қайта сотувчилар оладиган рублдаги даромадга боғлиқлик. Агар бу даромад бутун миллий иқтисодиёт унинг таъсирини ўзида ҳис қиладиган даражада катта бўлса, даромаднинг кейинги пасайиши маҳаллий валютага босимни ошириши мумкин ва у рублдан кейин пастга қулайди.
Заиф рубл Россиядан мигрантларнинг кетиб қолиши билан қандай боғлиқликка эга?
Рублнинг қулаши мигрантларнинг Россияга ишлаш учун келиш истагига ҳам бевосита таъсир қилади. Бу рубл курсининг нафақат доллар ва еврога, балки МДҲ давлатлари валюталарига нисбатан ҳам қадрсизланиши сабаб содир бўлади.
Масалан, 2023 йил бошидан бери рубл курси қирғиз сўмига нисбатан 22 фоизга, ўзбек сўмига нисбатан 18 фоизга, тожик сомонийсига нисбатан 15 фоизга, арман драми ва қозоқ тангасига нисбатан 25 фоизга пасайган.
Оқибатда рублда маош олувчи мигрантлар ўз даромадларининг бир қисмини йўқотди ва Россияда ишлаш улар учун аллақачон унчалик жозибали кўринмай қолди.
«Валюта курси қулаши туфайли мигрантларнинг учдан бир қисми Россия Федерациясини тарк этиши мумкин», дея прогноз қилган Москвадаги ўзбек диаспораси вакили Баҳром Исмоилов.
«Рубл заифлашиши айниқса, қурувчи мигрантлар учун Россия бозори жозибадорлигини камайтиради», деган Қурувчилар миллий ассоциацияси (Нострой) раҳбари Антон Глушков. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча ишчилар ўз жойларида қолмоқда, аммо вазият икки-уч ойдан сўнг ўзгариши мумкин.
Москва давлат университети ва «Россия мигрантлари федерацияси» жамоат ташкилоти ўтказган тадқиқотга кўра, 2021 йилда Россия Федерациясидаги мигрантларнинг ўртача маоши 47,1 минг рублни ташкил қилган. Қурилиш ва таъмирлашда ишлайдиган мигрантлар энг кўп даромад топган — 54 минг рубл.
2022 йил охирида Россия Федерациясидаги меҳнат муҳожирлари сони 2021 йилдагига нисбатан 33 фоизга ошган (аниқ рақамларда ўсиш 847 минг кишини ташкил этган).
Бундай кучли ўсиш икки омил билан боғлиқ.
- Биринчидан, пандемиядан сўнг Россиядаги мигрантлар сони деярли тўрт бараварга камайди ва фаоллик фақатгина 2021 йилдан тиклана бошлади.
- Иккинчидан, мустаҳкам рубл ҳам таъсир ўтказди. 2022 йил экспортнинг катта ҳажми ва импортнинг қисқариши туфайли рубл жиддий мустаҳкамланди: ёзда Москва биржасида доллар курси 50 рублгача тушди, фақат йил охирига келиб, Америка валютаси яна 70 рублга яқинлашди.
«Россияда ишлаётган мигрантлар ҳақиқатан ҳам рубл қадрсизланиши туфайли мамлакатдан чиқиб кетиши мумкин», дейди Россия банкларидан бирининг иқтисодчиси. Унинг сўзларига кўра, бу Россия Федерациясидаги шусиз ҳам оғир бўлган меҳнат ресурслари муаммосини янада кучайтиради.
«Рубл қадрсизланиши мигрантларнинг Россия Федерациясига келишини тўхтатувчи ягона ва ҳатто энг муҳим омил эмас. Россия Украина билан уруш ҳолатида ва кўплаб мигрантлар, улар ҳам фронтга чақирилиш мумкинлигига ҳақли равишда ишонади», дейди йирик молиявий компания иқтисодчиси. Албатта, бошқа давлат фуқаросини урушга сафарбар қилиш анча қийин, аммо хавф бор ва мигрантлар буни ҳисобга олади.
Мигрантлар сони қисқариши Россия Федерацияси учун ёмонми?
Агар қисқа муддатга бўлса, ҳа. Ишчи кучи танқислиги иқтисодиёт учун муаммога айланмоқда ва мигрантлар кетиши вазиятни янада ёмонлаштиради.
Россияда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони урушга қарши инсонларнинг мамлакатидан қочиб кетиши ва юз минглаб ёшларнинг фронтга чақирилиши фонида қисқаришда давом этмоқда. 2022 йили 35 ёшгача бўлган ишчилар сони 1,3 миллион кишига камайди. Бу меҳнат бозори кузатувлари тарихидаги энг катта пасайишдир (агар 2020 йилги пандемия даври ҳисобга олинмаса).
2023 йил июн ойида ишсизлик яна бир бор рекорд даражада камайиб, 3,1 фоизга тушди. Гайдар институти маълумотларига кўра, апрел ойида Россия компанияларнинг 35 фоизи кадрлар етишмовчилиги муаммосини бошдан кечирган, июл ойида эса бу миқдор 42 фоизга етган.
Мигрантларнинг катта оқимига қарамай, 2022 йилда уларнинг сони пандемиядан олдинги давр, 2019 йилга нисбатан 15,3 фоизга камлигича қолди. Даромадлар пасайиши туфайли юзага келиши мумкин бўлган қайтиб кетиш вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.
Йирик молиявий фирма иқтисодчиси айтишича, мигрантларда танлаш имконияти бор, улар анча тез ривожланаётган Туркия, шунингдек, Жанубий Кореяга кетиши мумкин. Мутахассис фикрича, Россия мигрантлар учун рақобатлашишига ва уларнинг маошини оширишига тўғри келади. Шу билан бирга, мигрантлар ҳарбий хавфлардан ҳимояланадими ёки йўқми, бу ҳам аниқ эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!