Глобал маълумотларнинг таҳлили инсон саломатлиги учун хавфли бўлган майда қаттиқ заррачалар таъсири камайганини кўрсатди. Бу ҳақда Сент-Луисдаги Вашингтон университети олимлари маълум қилди.
Ҳажми 2,5 микрометр ёки ундан кичик бўлгани учун PM2.5 деб аталадиган майда заррачалар таъсири бутун дунё бўйлаб миллионлаб бевақт ўлим, умр кўриш давомийлигининг қисқариши ва ижтимоий харажатларга олиб келмоқда. Бунга кўпинча қазилма ва қаттиқ биоёқилғи ёниши сабаб бўляпти.
Олимлар бир қатор давлатлар томонидан PM2.5 чиқиндиларини қисқартириш бўйича қабул қилинган стратегиялар самара берганини таъкидламоқда. Тадқиқотчилар 1998 йилдан 2019 йилгача бўлган даврдаги маълумотларни таҳлил қилди ва 2011 йилда бурилиш нуқтаси содир бўлганини, шундан сўнг ижобий динамика кузатила бошлаганини аниқлади.
2011 йилгача PM2.5 таъсирининг сезиларли ўсиши ҳамма жойда, асосан Осиё, Африка ва Жанубий Америкада кузатилди. Аммо 2011 ва 2019 йиллар оралиғида дунёнинг бошқа минтақаларида, жумладан, Европа, Осиё-Тинч океани, Жануби-Шарқий Осиё, Россия, Африка ва айниқса, Хитойда сезиларли пасайиш кузатилди.
«2013 йилдан бошлаб, Хитой ҳаво сифати назоратини кучайтиргани сабабли глобал миқёсда ўзгаришлар содир бўлди», деди тадқиқот бош муаллифи Чи Ли.
Қайд қилинишича, минтақавий маълумотларга кўра, 2011 йилдан 2019 йилгача глобал хавф пасайиши салмоғининг 90 фоизи Хитойга тўғри келади. Буни Хитой томонидан PM2.5 концентрациясини пасайтиришга қаратилган тезкор чора-тадбирлар билан изоҳлаш мумкин.
Тадқиқотчилар, шунингдек, PM2.5 билан боғлиқ глобал ўлимнинг камайишини аниқладилар. Олимларнинг фикрига кўра, бу 2,65 миллион ўлимни кечиктиришга ёрдам берди.
Олимлар фикрига кўра, ҳозирги вақтда сунъий йўлдошлар ва ердаги ўлчовлар орқали глобал ПМ2.5 мониторинги имкониятларини сақлаб қолиш ва ривожлантиришни давом эттириш зарур. Чиқиндиларни камайтиришдаги муваффақият барча саъй-ҳаракатларнинг самарасини кўрсатиб, келгусидаги ишларни рағбатлантиради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!