Жаҳон банки маълумотларига кўра, мол гўштининг қиймати сўнгги олтмиш беш йил ичида илк бор шунчалик баланд даражага етди. Ҳозирда ишлаб чиқарувчи нархи ҳар килограмми учун 6,9 долларни ташкил этмоқда.
Мутахассислар бу ҳолатга бир нечта асосий омиллар сабаб бўлганини таъкидламоқда:
- Дунё бўйлаб инфляция даражасининг ошиши,
- Қорамол етиштиришнинг узоқ муддатли жараёни,
- АҚШ ва Хитойда гўшт истеъмоли кескин ортиши,
- Сут маҳсулотлари бозоридаги қимматлаш,
- Иқлим ўзгариши туфайли қурғоқчилик ва яйлов майдонларининг қисқариши, шунингдек озуқанинг қимматлаши.
Ҳисоботда қайд этилишича, АҚШ — дунёдаги йирик мол гўшти ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, бугунги кунда экологик муаммолар сабабли қорамол сони 1951 йилдан буёғи энг паст кўрсаткичга тушган.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг кўплаб давлатларида ҳам гўшт нархларининг кўтарилиши кузатилмоқда. Хитой бозорида эса нафақат мол, балки чўчқа ва бошқа турдаги гўшт маҳсулотлари ҳам сезиларли равишда қимматлаган.
Австралия, Бразилия ва Аргентина каби етакчи экспортчи мамлакатлар ҳам мол гўшти нархининг ўсиши ва ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши билан юзма-юз келмоқда.
Мутахассислар фикрича, агар иқлим ва иқтисодий босимлар шундай давом этса, мол гўшти нархи яқин йилларда янада кўтарилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!