«РИА Новости» маълумотларига кўра, дунёда бир хонали квартира ижараси бўйича энг юқори нархлар қайд этилган шаҳарлар рейтинги эълон қилинди. Рўйхатнинг юқори поғонасидан Буюк Британия пойтахти Лондон жой олди.
Сентябрь ойида Лондонда бир хонали квартира ижараси ўртача 2800 долларни ташкил этган. Агар марказий ҳудудларга эътибор қаратсак, бу кўрсаткич 3100 долларгача етади. Сингапурда ҳам ижара нархи деярли бир хил — Лондондан фақат бир неча доллар арзон. Бу эса Осиёнинг молиявий марказида ҳам уй-жой ижараси мутлақо осон эмаслигини кўрсатади.
АҚШ пойтахти Вашингтонда ўртача ижара нархи 2300 доллар атрофида. Европанинг машҳур шаҳарларидан Амстердамда бу кўрсаткич 2250 доллар бўлса, Дублин ижара бозорида 2200 долларлик нарх кузатилмоқда. Исландия пойтахти Рейкявикда эса бир хонали квартира ойига ўртача 2160 долларга тушади.
Топ-10ликка кирган бошқа шаҳарлар орасида Люксембург ва Гонконг (2000 доллар), Берн (1800 доллар) ҳамда Копенгаген (1750 доллар) бор. Бу шаҳарларда яшаш ва ижарага олиш қиймати юқори бўлиб, кўпчилик учун молиявий жиҳатдан жиддий синов бўлиб қолмоқда.
Бироқ рейтингнинг энг қуйи қисмида бутунлай бошқача манзара кузатилади. Энг арзон ижара нархи Бангладеш пойтахти Дакада қайд этилган — бу ерда бир хонали уй ойига атиги 93 долларга тушади. Шунингдек, Покистон пойтахти Исломободда ўртача нарх 158 доллар, Замбиянинг Лусакаси ва Миср пойтахти Қоҳирада 175 доллар, Жазоирда 184 доллар ҳамда Ҳиндистон пойтахти Ню Деҳлида эса 185 доллардан ошиб кетмайди.
Бу рақамлар глобал ижара бозоридаги кескин фарқларни яққол кўрсатиб турибди. Бир шаҳарда квартира ойига минглаб доллар турса, бошқа бир пойтахтда уни деярли юз долларга топиш мумкин. Экспертлар фикрича, бу фарқ иқтисодий ривожланиш даражаси, аҳоли даромади ва талаб-етарлилик балансидан келиб чиқади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!