date
views 354

Россия, Хитой ва АҚШ ядровий полигонларини кенгайтирмоқда (фото)

АҚШ, Хитой ва Россия ядровий синов майдонларини фаол равишда кенгайтирмоқда. Бу ҳақда CNN телеканали ихтиёридаги сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига асосланиб хабар берди.

Журналистлар ва экспертлар “Новая Земля”даги Россия полигонидан, Лоп-Нурдаги Хитой полигонидан ва Невададаги Америка полигонидан олинган суратларни таҳлил қилди.

Экспертлар тасвирлардаги ўзгаришлар учала давлат ҳам ядровий синовларни қайта бошлаши мумкинлигини кўрсатаётганини айтди. CNN’нинг эслатишича, ерости синовлари 1996 йилги халқаро шартнома билан тақиқланган ва шундан бери ҳеч бир давлат буни ўтказмаган. Бироқ Хитой ва АҚШ шартномани имзолаган бўлса-да, уни ҳеч қачон ратификация қилмаган. Россия шартномани ратификация қилган, бироқ президент Владимир Путин 2023 йил февралида агар АҚШ бундай синовларни ўтказса, Москва худди шундай жавоб беришини айтган.

“Новая Земля” (Россия)

“Новая Земля”даги полигон 1955 йилдан 1990 йилгача ядровий синовлар учун фойдаланилган, шу вақт ичида у ерда 200 дан ортиқ бомба ёрдамида 130 дан ортиқ синов ўтказилган.

Россиянинг Новая Земля ядровий полигонидаги қурилиш, 2023 йил 22 июнь
Фото: CNN

CNN томонидан ўрганилган сунъий йўлдош тасвирлари ушбу жойда 2021 йилдан 2023 йилгача кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилгани, кемалар мунтазам равишда портга етиб келгани ва контейнерлар туширилганини кўрсатади. Қишда йўллар тозаланган, тоғларда эса туннеллар қазилган — энди полигон йил давомида очиқ. Экспертлар Россия энди ядровий синовларни қайта бошлашга тайёр деб ҳисоблайди, Кремль тегишли сўровга жавоб бермаган.

Лоп-Нур 

Хитойнинг ядровий синов майдони мамлакат ғарбидаги Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг аҳоли кам яшайдиган ҳудудида жойлашган. Сунъий йўлдошдан олинган суратларга қараганда, сўнгги йилларда у ерда янги ерости туннели қазилиб, йўллар қурилган. Бундан ташқари, ёрдамчи зонада қурилиш ишлари олиб борилмоқда — 2021—2022 йилларда у ерда портловчи моддаларни сақлаш учун мўллжалланган омборхона қурилганди.

Мутахассислар фикрича, синов майдончаси қурилиши якуний босқичда. Шу билан бирга, Пекин синовлар ўтказиш ниятини рад этади — Хитой Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат 1996 йилдан бери ядровий синовларни тўхтатиш келишувига асосан ўз мажбуриятларини бажариб келаётганини билдирган.

Лоп-Нур ядровий полигонидаги янги қурилиш 
Фото: CNN

Невада

АҚШдаги сўнгги ерости синовлари 1992 йилда ўтказилган. Шу билан бирга, Вашингтон ядро қуролидан фақат “ўта оғир шароитларда” фойдаланиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини айтса-да, АҚШ расман биринчи навбатда ядровий зарба бериш имкониятини мақбул деб билади.

Тасвирлар Невададаги объект 2018 ва 2023 йиллар орасида сезиларли даражада кенгайтирилганини кўрсатади. CNN’га берган изоҳида, расмийлар синов полигони “инфратузилмани қайта ташкил этиш”дан ўтаётганини айтган, бу янги асбоб-ускуналар ва илмий технологияларни сотиб олишни, шунингдек, ядро арсеналининг ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган туннелларни кенгайтиришни ўз ичига олади.

Невада миллий хавфсизлиги объекти / 2018 йилдан 2023 йилгача.
Фото: CNN

CNN хулосасига кўра, агар ҳеч бир давлат биринчи синовни ўтказишни режалаштирмаса ҳам, синов полигонларининг кенгайиши томонлар ўртасидаги ишончсизлик шароитида ядровий пойгани келтириб чиқариши мумкин.

“Хавфли томони шундаки, агар уч давлат ҳам иккинчи бўлиб синов ўтказишни режалаштирган бўлса-да, улардан бири ҳамма шундай қилар экан, биринчи бошлаган яхшироқ деган қарорга келиши мумкин”, — деди Монтерейдаги Миддлбери Халқаро тадқиқотлар институт профессори Жефри Льюис.

Синовларни қайта тиклаш мамлакатларга сўнгги ўн йилликларда лаборатория ишларидаги паст рентабелликдаги ядровий қуролларнинг таъсирини тушунишда муваффақиятга эришиш имконини бериши мумкин.

Бироқ CNN мутахассислари тўлиқ миқёсдаги ядро синовлари ҳозирча даргумон деган фикрга қўшилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия, Хитой ва АҚШ ядровий полигонларини кенгайтирмоқда (фото)