
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Германия канцлери Олаф Шолц билан учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Тўқаев, хусусан, мамлакат Россияга қарши қўйилган санкцияларга риоя қилишини таъкидлади.
«Қозоғистон, табиийки, Россияга қарши қўйилган санкция режимига амал қилади. Бу борада тегишли ташкилотлар билан алоқада бўлиб турибмиз. Шу боис, Германия томонида Қозоғистон санкция режимини айланиб ўтишда иштирок этаётгани борасида гумон бўлмаслиги керак», деди Тўқаев.
Қозоғистон етакчиси Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича ҳам ўз таклифини билдириб, биринчи навбатда томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши ва бир-бирини айблашни бас қилиб, реал ҳаракатлар бошлаши кераклигини таъкидлади.
«Ҳа, Қозоғистон ва Россия қуруқликда ўзаро дунёдаги энг узун чегарага эга. Россия билан ҳамкорлик қиламиз, савдо алоқаларимиз бор. 2013 йилда тузилган иттифоқчилик бўйича келишувимиз ҳам мавжуд. Украинадаги вазиятга тўхталадиган бўлсам, аввал ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, БМТ низомига мувофиқ тинчлик бўйича музокараларга киришиш лозим.
Жаноб канцлерга ҳам [Украинадаги] вазият аслида жуда мураккаб эканини айтдим. Россия ҳам, Украина ҳам музокараларга тайёрлигини айтмоқда, лекин бу учун зарур платформа топилмаяпти. Менимча, доно дипломатияга навбат келди деб ўйлайман. Томонлар бир-бирини айблашни бас қилиши ва музокаралар учун ҳар икки томонни қаноатлантирадиган асос топиш устида ишлаши керак», деди Қозоғистон президенти.
Тўқаев Германияга етказиб бериладиган қозоқ нефти ҳажми оширилишига тайёрлигини ҳам айтди. Унинг сўзларига кўра, йил бошидан буён Қозоғистон Германияга «Дўстлик» нефтўтказгичи орқали 500 минг тонна нефт етказиб берган ва бу кўрсаткичларни оширишга тайёр.
«Германиялик дўстларимизнинг сўровларига кўра нефт етказиб бериш ҳажмини оширишга ва унга доимий характер беришга тайёрлигимизни айтдим», деди Тўқаев.
Июн ойида Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев мамлакат Германияга ҳар ой 100 минг тонна нефт етказиб беришга тайёрлигини маълум қилганди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!