
Норвегияликлар маданиятида “friluftsliv” деган тушунча бор. 1850 йилларда норвегиялик драматург Ҳенрик Ибсен томонидан қўлланган бу атама “free-loofts-liv”, яъни очиқ ҳавода яшаш деган маънони берган. Атама ҳозир қандай маънони англатади?
Фрилуфтслив нима дегани?
1859 йилда Ҳенри Ибасен фрилуфтслив атамасини “On the Heights” драмасида руҳий ва жисмоний фаровонлик учун узоқ жойларда вақт ўтказишни тасвирлаш учун ишлатган.
Бугунги кунда швед, норвегиялик ва данияликлар фрилуфтслив деганда ўрмонда тушлик қилишдан тортиб, велосипедда (ёки қор тушганда чанғида) кўл бўйида дўстлар билан учрашиш кабиларни тушунади.
Ёки оддийгина тоғдаги кулбада дам олиш ҳам фрилуфтслив машғулот сифатида қаралади. Яъни у айнан бир фаолият тури эмас.
Ўрмонда сайр қилиш, тоғларда чанғида учиш ҳам унинг бир қисми бўлиши мумкин.
Скандинавия мамлакатлари нега табиатни кўпроқ севади?
Бу уларнинг жойлашуви билан ҳам боғлиқ. Скандинавия давлатларида тарихан ва ҳозиргача ҳам кўп ер кам аҳоли бўлган. Яъни улардан табиатга яқин бўлиш имконияти доим бўлган. Ва бу ҳозиргача ҳам сақланиб қолган.
Норвегия ҳудудининг 40 фоизи ўрмонлар ва аҳолиси ҳам яшил майдонларга яқин яшашади. 15 та йирик шаҳарлари ўрмон билан ўралган. Ҳудудларда урбанизациялашув содир бўлса ҳам одамлар табиатда кўпроқ вақт ўтказишни хоҳлайди.
Бунга албатта охирги 100 йилликда турли кенгаш ва кўнгиллилар гуруҳларининг одамларга табиатда вақт ўтказиш нима учун муҳимлигини тушунтириб боришгани ҳам сабаб бўлган.
Боғчадан бошланадиган маданият
Норвегияликларнинг жуда катта қисми очиқ ҳавода вақт ўтказишни яхши кўради . 2023 йилнинг июн ойида ўтказилган сўровномага кўра, одамларнинг 83 фоизи фрилуфтсливга қизиқади. 77 фоизи ҳафтада бир кун, 25 фоизи эса тез-тез табиат қўйнига чиқади. 2021 йилдан бери тўпланган маълумотга кўра, 25 фоиз норвегиялик тунни кўчада ўтказади.
Болаларга табиатга муҳаббат боғчадан ўргатилади. Боғчаларда қишда ҳам кўчада аравачаларида ухлашади. Кўп болалар боғчаларида кичкинтойлар вақтларининг 80 фоизини ташқарида ўтказса, мактабда йил давомида болалар табиат қўйнига чиқиб, гулхан ёқадиган махсус кунлар бор.
Фрилуфтслив жисмоний ва ақлий саломатлик учун ҳам фойдали. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, яшил майдонларда бўлиш ташвишларни камайтиришга ва идрокни яхшилашга ёрдам беради. 2020 йилги сўровда норвегияликларнинг 90 фоизи табиатда вақт ўтказганларида ўзларини камроқ стресс ва кўпроқ яхши кайфиятда ҳис қилишини айтган. Табиатда вақт ўтказиш, хоҳ ўрмонда сайр қилиш бўлсин, хоҳ бир неча кунлик оддий лагер бўладими, норвегларга кундалик ташвишлардан бироз узоқлашишга имкон беради.
Табиатда вақт ўтказиш тарғиботи
Норвегияда фрилуфтслив билан шуғулланадиган махсус ташкилот бўлиб, у Norsk Friluftsliv деб номаланади. Бу ташкилотнинг табиат қўйнида яшаш, вақт ўтказиш билан шуғулланадиган 5000 дан ортиқ клублари бор. Уларга қарийб 1 миллионга яқин киши аъзо бўлган. Norsk Friluftsliv’ни Норвегиядаги 18 та кўнгилли ташкилотлар тузган. Уни Норвегия очиқ ҳаво ташкилотлари уюшмаси деб ҳам аташ мумкин. Ташкилотга истаган киши аъзо бўлади.
Norsk Friluftsliv табиат бағрида моторли транспорт воситаларидан фойдаланишни қўллаб-қувватламайди. Ташкилот анъанавий Норвегия амалиётига мувофиқ табиатдан қандай фойдаланиш кераклиги ва очиқ ҳавода тадбирлар ўтказишни тарғиб қилади.
Қонун ва сиёсат табиатда бўлишга ёрдамлашади
Норвегия қонунлари ва сиёсати фрилуфтсливни ҳимоя қилади ва тарғиб этади. 1957 йилги очиқ ҳавода дам олиш тўғрисидаги қонун норвегияликларнинг ер кимга тегишли бўлишидан қатъи назар, табиатда бўлиш ҳуқуқини мустаҳкамлади. Улар истаган жойларида сайр қилиш, гул ва қўзиқорин териш, бир кечага қолиш ҳуқуқига эгалар. Бунинг эвазига сайёҳлар табиатга чиқинди ташламасликлари шарт.
Норвегияда анъанавий иш вақти соат 8:00 дан 16:00 гача этиб белгиланган. Бу эса одамларга ишдан вақтли чиқиб, табиат билан кўпроқ вақт ўтказишга ёрдам беради. Кўпгина иш берувчиларнинг фрилуфтслив сиёсатлари бор. Яъни улар одамларни ташқарига чиқишга ундаш учун ишчиларга мослашувчан соатлар тақдим қилишади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!