АҚШнинг Колорадо университети олимлари Аляскадаги абадий музликлардан тахминан 40 минг йил давомида музлаб ётган қадимги микроорганизмларни “уйғотишга” муваффақ бўлди. Бу ҳақда Wionews хабар берди.
Тадқиқотчилар музлаган тупроқ ва муз намуналарини иситганда, “ўлик” деб ҳисобланган микроблар аста-секин тирилиш белгиларини кўрсатган. “Бу намуналар мутлақо ўлик эмас”, — деди тадқиқот раҳбари доктор Тристан Каро.
Намуналар Алясканинг Фербенкс шаҳри яқинидаги “музлик қабристони” деб аталувчи туннелдан олинган. Бир неча ой +3 дан +12 даражагача бўлган ҳароратда сақланганда, микроблар биоплёнка — йўқотиш қийин бўлган шилимшиқ қатлам ҳосил қилган.
Олимларнинг фикрича, бу микроорганизмлар одамлар учун хавфли эмас, аммо иқлим ўзгаришини кучайтирувчи метан ва карбонат ангидрид чиқариши мумкин.
Инфекция мутахассиси Бригитта Эвенгорд эса музликларда хавфли вируслар — куйдирги ва чечак вируслари ҳам бўлиши эҳтимолини айтди. “Абадий музликлар Пандора қутисига ўхшайди”, — деди у Greenpeace нашрига.
Олимлар глобал исиш туфайли музликларнинг эрий бориши “қадимги вирусларнинг қайта фаоллашиши” хавфини кучайтираётганини таъкидлашмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!