date

Қозоғистонда автомобил олиб кириш қоидалари кескин ўзгарди

Қозоғистонда автомобил олиб кириш қоидалари кескин ўзгарди

Қўшни Қозоғистонда жорий йилнинг 20 октябридан бошлаб транспорт воситаларини олиб кириш тартибига жиддий ўзгаришлар киритилади. Бу ҳақда маҳаллий “Tengrinews” нашри хабар берди. Янги қарорга кўра, эндиликда фуқаролар аввал фойдаланилган айрим турдаги техника ва автобусларни мамлакатга импорт қила олмайди.

Расмий маълумотларга кўра, чекловлар Евросиё иқтисодий комиссиясининг 2025 йил 23 майда қабул қилинган қарори асосида амалга оширилмоқда. Ҳужжат орқали Қозоғистонга автомототранспорт воситаларини олиб киришни тартибга солувчи 74 та низомга тузатиш киритилган. Бу ўзгаришлар асосан экологик хавфсизлик, техник стандарт ва транспорт тизимини янгилаш мақсадида жорий этилмоқда, деб таъкидланади расмий изоҳда.

Саноат қўмитаси раиси ўринбосари Муҳаммад Андаковнинг сўзларига кўра, энди фақат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар махсус сертификатга эга бўлган ҳолдагина транспорт воситаларини олиб кириш ҳуқуқига эга бўлади.

“Жисмоний шахслар мамлакатга енгил автомобиллардан ташқари махсус техникани ёки автобусни олиб киролмайди. Бундай импортни фақат хавфсизлик ва экологик стандартларга жавоб берувчи ҳужжатга эга тадбиркорлар амалга ошира олади”, — деган Андаков.

Унинг таъкидлашича, ушбу чеклов енгил автомобиллар савдосига таъсир қилмайди. Яъни фуқаролар шахсий автомашинани хориждан олиб келиши мумкин, аммо автобус ва махсус техника учун талаблар кескин кучайтирилган.

Бу қарор, айниқса, Россия ва Арманистондан арзон машина сотиб олиб келувчи қозоғистонликлар орасида турли фикрларга сабаб бўлди. Чунки сўнгги йилларда кўпчилик нарх фарқини ҳисобга олиб, айнан шу давлатлардан иккинчи қўл машиналар харид қиларди. Аммо уларнинг бир қисми кейинчалик Қозоғистонда расмий рўйхатдан ўта олмаган — техник талаблар ва экологик меъёрлар фарқи сабабли.

Мутахассислар таъкидламоқда, янги тартиб мамлакатдаги йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва муҳит ифлосланишини камайтиришга қаратилган. “Бу чеклов қисқа муддатли норозилик келтириши мумкин, аммо узоқ муддатда Қозоғистон йўлларида фақат хавфсиз ва экологик тоза транспорт воситалари ҳаракатланишини таъминлайди”, — дейди иқтисодчи-экспертлар.

Шу билан бирга, экспертлар айтишича, янги талаблар маҳаллий автомобиль бозорида нархларнинг ошиб боришига ҳам олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо расмийлар буни “инновацион автотизимга ўтиш босқичи” деб баҳоламоқда.

Шундай қилиб, Қозоғистон ҳукумати қабул қилган ушбу қарор нафақат импорт тартибини қайта шакллантиради, балки бутун минтақада экологик ва техник стандартларни қайта кўриб чиқиш учун янги йўналиш очади.


Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда автомобил олиб кириш қоидалари кескин ўзгарди