date
views 562

ҲАМАС — Москвада. Фаластин делегацияси нега Россияга келди?

ҲАМАС — Москвада. Фаластин делегацияси нега Россияга келди?
Фото: T.ME/HAMASPS

ҲАМАС делегацияси 26 октябр куни Москва шаҳрига ташриф буюрди. Бундан қандай мақсад кўзлангани тўлиқ аниқ эмас. Россия ТИВ Ғазо секторидаги хорижликларни, жумладан россияликларни гаровдан озод этишни талаб қилган, ҲАМАС Владимир Путинга дипломатия учун миннатдорчилик билдирган, аммо гаровдагилар ҳақида тўхталмаган. Исроил Москвани танқид қилиб, ҲАМАСни таклиф этишни «номуносиб қадам» деб атаган.

Ташриф олдиндан анонс қилинмаганди ва кўпчилик учун кутилмаган бўлди. ҲАМАС делегацияси ташрифи ҳақида биринчи бўлиб «РИА Новости» манбаси хабар берди. Кўп ўтмай буни Россия ТИВ расмийси Мария Захарова тасдиқлади ва қуйидаги ибора билан чекланди: «Фаластиннинг тегишли ҳаракати вакиллари Москвада ташриф билан бўлиб турибди».

Кун охирида ТИВ ҲАМАС Москвада нима қилаётгани ҳақида ўз изоҳини тақдим этди. Расмий формулировкага кўра, Ғазо секторида асирликда бўлиб турган «хорижликларни зудлик билан озод этиш бўйича Россия линиясини давом эттиришда контактлар амалга оширилган». Бундан ташқари, россияликлар ва бошқа мамлакат фуқароларини анклавдан эвакуация қилиш масаласи муҳокама этилган.

Делегацияга ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Абу Марзуқ бошчилик қилган, у билан музокараларда Россия томонидан ташқи ишлар вазири ўринбосари ҳамда РФ президенти махсус вакили Михаил Богданов қатнашган. Лекин Россия ТИВ хабарида Богданов фамилияси тилга олинмаган — ҲАМАС пресс-релизидаги учрашувдан олинган суратда эса уни кўриш мумкин.

ҲАМАС талқинига кўра, Абу Марзуқ Москвада «Ғазога қарши тажовуз»ни муҳокама этиб, фаластинликлар «сионист оккупациясига барча мавжуд воситалар билан қаршилик кўрсатиш»га ҳақли эканини таъкидлаган. «Ҳаракат делегацияси Россия президенти Владимир Путиннинг позицияси ва фаол рус дипломатияси саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди», — дейилган пресс-релизда.

ҲАМАС баёнотида гаровдагилар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Аммо ўт очишни тўхтатиш, назорат-ўтказиш пунктларини очиш ва инсонпарварлик ёрдамлари етказиб беришга чақириқлар янграган. Шунингдек, ХАМАС Фаластин халқи ҳуқуқларини тилга олган, Россия ТИВ эса — пойтахти Шарқий Қуддусда бўлувчи, 1967 йилги чегаралардаги Фаластин давлатини яратиш зарурлигини таъкидлаган.

Исроил Москвани БМТ Хавфсизлик кенгашининг 7 октябрдаги ҳужуми учун ҲАМАС қораланган резолюцияга вето қўйганидан бир кун ўтиб ҲАМАС делегациясини қабул қилгани учун танқид қилган.

«Исроил ҲАМАСнинг юқори мартабали мулозимлари Москвага таклиф этилишини терроризмни қўллаб-қувватловчи ва ҲАМАС террорчиларининг ваҳшийликларини қонунийлаштирадиган номуносиб қадам сифатида кўради», — дея Исроил ТИВ расмий вакили Лиор Ҳаятнинг сўзларини келтирган Haaretz газетаси. Нашр Исроилнинг Россияга нисбатан очиқ танқиди кам кузатиладиган ҳолат эканини қайд этган.

Исроилга ҳужум оқибатида Россиянинг камида 20 фуқароси ҳалок бўлгани маълум. Шунингдек, Россиянинг Исроилдаги элчиси Анатолий Викторов Ғазо секторида ушлаб турилганлар орасида Исроил фуқаролигига ҳам эга бўлган уч нафар россиялик борлигини маълум қилган.

«Тегишли контактлар ўрнатилмоқда», — деган Викторов гаровдагиларни озод этиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни назарда тутган ҳолда.

Богданов ҲАМАС делегациясининг Москвага ташрифидан олдинроқ ҳаракатнинг Қатардаги вакиллари билан контакт ўрнатганини айтганди. «ҲАМАС сиёсий раҳбарияти билан [гаровдагилар тақдири] муҳокама этилди», — деганди дипломат журналистларга.

Исроилнинг Ғазо сектори бўйлаб зарбалари тўлқинига сабаб бўлган ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумига қадар ҳам ҳамасчилар делегациясининг Москвага келиши ноодатий ҳолат эмасди.

Ғарбнинг кўплаб мамлакатларидан фарқли ўлароқ, Россия ҲАМАСни террорчи ташкилот сифатида тан олмаган. Шу билан бирга, Россияда «Толибон»га террорчи ва тақиқланган ташкилот мақоми берилган, аммо бу толиблар тез-тез Москвага келишига тўсқинлик қилмайди.

ҲАМАС вакилларининг сўнгги ташрифи 2023 йил мартида рўй берганди, ўшанда ҳам делегацияни вазир ўринбосари Богданов қарши олганди. «Россия томони БМТ ва унинг Хавфсизлик кенгашининг тегишли резолюциялари асосида Фаластин муаммосини адолатли ҳал этиш тарафдори бўлган ўзгармас позициясини тасдиқлади», — дейилганди Россия ТИВнинг олдинги учрашув якунлари бўйича баёнотида.

Табиийки, ҲАМАС ҳам Украина билан урушда Россия томонида турганди. ОАВ маълумотига кўра, бу сафар ҳам Москвага келган Абу Марзуқ аввалроқ шундай деганди: «Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий амалиёти АҚШнинг дунёдаги ҳукмронлигига барҳам бериш ва дунёни кўп қутбли қилишни мақсад қилган. Бу барча мазлум халқларга, биринчи навбатда Фаластин халқига фойда келтиради».

Захарова брифингда маълум қилишича, айни вақтда ҲАМАСдан ташқари Эрон ТИВ раҳбари ўринбосари Али Багери Кани ҳам Москвада бўлиб турибди ва у РФ ТИВ раҳбари ўринбосари Михаил Галузин билан учрашув ўтказган.

Исроил Эронни «ҲАМАС жангариларини тайёрлаш, уларни молиялаштириш ва ўқитиш»да айблайди. Америка ҳукумати эса, ОАВнинг ёзишича, Теҳрон Исроилга 7 октябр кунги ҳужум режалаштирилишида бевосита алоқадор бўлмаган деб ҳисоблайди.

Путин ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини тўғридан тўғри қоралашдан тийилиб келмоқда. Шу билан бирга, у исроилликларнинг ҳам, Ғазодаги фаластинликларнинг ҳам ўлимидан афсусда эканини билдирган.

«Бу можарони имкон қадар тезроқ тугатиш керак. Нима бўлганда ҳам, масалани қандайдир контактлар ва музокаралар бошлаш имкониятига қадар қисқартириш керак», — деган ўтган йил февралида Украинага босқин бошлаган ва ҳамон буни давом эттираётган Путин.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ҲАМАС делегацияси билан учрашишни режалаштирмаганини айтган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ҲАМАС — Москвада. Фаластин делегацияси нега Россияга келди?