
Буюк Британияда Донкастер–Лондон йўналишида ҳаракатланаётган поездда пичоқлаш ҳодисаси содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, 11 киши жароҳат олган, улардан икки нафари оғир аҳволда. Воқеа шанба куни кечқурун Ҳунтингдон станцияси яқинида юз берган.
Полиция хабарига кўра, ҳужум пайтида поездда катта ваҳима бошланган. Йўловчиларнинг айримлари ҳужумчидан яшириниш учун буфет вагони ва ҳожатхонага кириб олган. Гувоҳлар айтишича, ҳужумчи бир нечта одамга пичоқ билан жароҳат етказган, айримлар эса уни тўхтатишга уринган.
Поезд Ҳунтингдон станциясида тўхтатилгач, полиция ва тез ёрдам ҳодиса жойига етиб келган. Ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва улар яқин атрофдаги касалхоналарга етказилган. Поезд ичида қон излари ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатган йўловчилар ҳам бўлган.
Британия транспорт полицияси икки шахс қўлга олинганини тасдиқлади. Ҳозирча ҳужум сабаблари номаълум, тергов ишлари бошланган. Расмийлар бу воқеани жиддий хавфсизлик ҳодисаси сифатида баҳоламоқда.