date

Иқлим ўзгариши ҳалокатларни кучайтирмоқда

Иқлим ўзгариши ҳалокатларни кучайтирмоқда
Покистонда ҳар йили сув тошқинлари такрорланмоқда. Бу йилги ёмғирлар мамлакатнинг деярли барча ҳудудларини, жумладан, Панжоб пойтахти Лаҳорни ҳам зарарлади. БМТ маълумотига кўра, уч ой ичида мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 6,9 миллиондан зиёд аҳоли эса табиий офатдан жабр кўрган. Минглаб уйлар вайрон бўлган, миллион гектардан ортиқ экин майдонлари сув остида қолган.

Мутахассислар бу ҳолатни глобал иқлим ўзгариши билан боғлашмоқда. Покистон дунёда иссиқхона газлари чиқиндиларининг атиги 1 фоизини ишлаб чиқса-да, иқлим ўзгаришининг энг оғир оқибатларини бошидан кечирмоқда. Шимолий тоғларда жойлашган музликлар тез эриб, кучли сел ва тўсатдан тошқинларни келтириб чиқармоқда. Бу эса бутун қишлоқларни сув остида қолдириб, йўллар ва инфратузилмани вайрон қилмоқда.

Жанубий ҳудудларда ҳам вазият оғир. Панжоб вилоятида учта дарё — Сутлеж, Рави ва Ченаб — бир вақтда тошиб, 4,500 га яқин қишлоқ сув остида қолди. Минглаб одамлар уйсиз қолди, юз минглаб бола ва аёллар очиқ ҳавода яшашга мажбур бўлди. Қишлоқ жойларда тиббий ёрдам етишмаслиги туфайли ҳомиладор аёллар ва болалар энг кўп азият чекмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳар йили монсун мавсуми янада кучаймоқда. Ҳукумат ва халқаро ташкилотлар огоҳлантириш тизимларини яхшилашга уринмоқда, бироқ аҳолининг кўпчилиги ҳануз хавфли ҳудудларда яшамоқда. Улар сув қайтганидан сўнг ҳам ўз уйларига қайтишга мажбур, чунки борадиган бошқа жойлари йўқ.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Иқлим ўзгариши ҳалокатларни кучайтирмоқда