date

Криштиану Роналду эҳтирос ва меҳр билан яшамоқда

Криштиану Роналду эҳтирос ва меҳр билан яшамоқда

Саудия Арабистонида ўтказилган Про-лига 7-туридан ўрин олган баҳсда “Ан Наср” жамоаси “Ал Файҳа” устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур ўйинда португалиялик юлдуз ва жамоа сардори Криштиану Роналду яна бир бор ўз "класс"ини намоён этди — у жамоаси учун дубл қайд этди, деб хабар берди UOL.

40 ёшни қарши олган футболчи учрашувдан сўнг мухлислар билан бўлишган фикрларида футболга бўлган меҳри ва узоқ йиллик иштиёқини таъкидлади. “Бу мен учун ҳам, жамоам учун ҳам ғалабали кеча бўлди. Мен икки бор дарвозани ишғол этдим, аммо энг муҳими – жамоавий ютуқ. Мен ҳар доим айтаман: спортда узоқ умрга фақат эҳтирос ва меҳр билан эришилади”, — деди Роналду.

Унинг сўзларига кўра, футбол фақат касб эмас, балки ҳаёт тарзига айланган. “Гол урсам ҳам, урмасам ҳам бу менинг ҳаётимнинг бир қисми. 22 йилдан бери шу йўлдаман, шу муҳитда яшаяпман. Шунинг учун оёқларим юргунча, кучим етиб турганича майдонда бўламан”, — дея қўшимча қилди юлдуз.

Ушбу сўзлар Роналдунинг фақат рекордлар эмас, балки футболга бўлган туйғуси ва садоқати билан ҳам дунёдаги миллионлаб мухлислар қалбини забт этганини яна бир бор исботлади. Унинг ҳаракатлари ёш авлод учун ҳам намуна бўлиб қолмоқда — интизом, меҳнат ва севги орқали улкан натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Жамоа ҳам сардорининг тажрибаси ва етакчилиги орқали янада жипс ҳаракат қилмоқда. “Ан Наср”нинг бу мавсумдаги мақсади — чемпионлик учун сўнгги дамгача курашиш. Роналдунинг ҳар бир ўйиндаги иштироки эса жамоага ишонч ва руҳий куч бағишламоқда.

Маълумотларга кўра, Криштиану Роналду жорий мавсумда Про-лигада 7 та ўйинда иштирок этиб, 8 та гол урган. У нафақат тўпурарлар орасида етакчилардан бири, балки ёши катта бўлишига қарамасдан, ҳар бир учрашувда юқори ҳаракат ва кучли мотивация намоён этмоқда.

Мухлислар эса португалиялик юлдузнинг ҳар бир голидан кейинги ҳис-туйғуларини кўришни яхши кўради. У ҳар сафар майдондаги ҳар бир лаҳзани сўнгги мартагидай ҳис қилади.

Криштиану Роналдунинг “футбол — ҳаётим” деган сўзлари бугун жаҳон футболи тарихидаги энг самимий иқрорлардан бири бўлиб янгради. Бу гаплардан кейин шубҳа йўқ — Роналду учун футбол нафақат касб, балки юракдан чиққан муҳаббатдир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Криштиану Роналду эҳтирос ва меҳр билан яшамоқда