07:37 / 30.11.2023
575

Украинанинг тақдири нима бўлади? Киевдаги тушкун кайфият сабаблари

Украинанинг тақдири нима бўлади? Киевдаги тушкун кайфият сабаблари

7 октябрда Исроил-Фаластин урушининг янгиланиши оқибатида дунё ҳамжамиятининг эътибори Украинадан Яқин Шарққа кўчди.

Аслида, Украинада бўлаётган уруш – дунё геосиёсий тартиботини ўзгартиришга қаратилган энг йирик ходисадир. Исроил-Фаластин урушининг эса 75 йиллик тарихи бор, у цивилизацион характерга эга, сурункали можаро.

Лекин айнан Украина уруши орқали Россия дунё тартиботини, глобал статус-квони ўзгартириш ниятида. Постсовет ҳудуди учун эса, бу давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети масаласи ҳамдир. Чунки агар Украинада Россия тезда ва осон ғалаба қозонганида эди, унинг империячилик кайфиятлари янада ошарди.

Гарчи Украинадаги уруш ўтган 2022 йилинг февралида бошланган бўлса-да, шу пайтга қадар, ташаббус гоҳ у томонда, гоҳ бу томонда бўлди. Бугун, Киевда анча тушкун кайфият. Бунинг бир қанча сабаблар бор.

Биринчидан, Исроил-Фаластин можаросининг янгиланиши коллектив ғарбнинг диққат-эътиборини Украинадан олиб, Яқин Шарққа қаратди. Унга қадар ҳам, ғарб давлатларининг Украинага бераётган молиявий, ҳарбий-технологик ёрдами кескин пасайиб бораётган эди. Яқин Шарқдаги можаро ғарбдаги “Украина урушидан толиқиш” ҳолатини расмийлаштириб берди.

Эътибор қилинса, 2023 йилнинг биринчи ойларида коллектив ғарбдан Украинага берилаётган молиявий ёрдам баъзи ойларда 5 миллиардга етди, лекин бир миллиарддан тушмаган эди. Кейинги ойларда эса ғарб давлатларининг ойлик ёрдами 350-250 миллион доллар даражасига тушиб қолди.

Иккинчидан, АҚШнинг ўзида келаси йил – президентлик сайловлари йили. Социологик сўровномаларга кўра, америкаликлар Украинани қўллашдан анча толиққан. Республикачиларнинг Оқ уйга қайтиш эҳтимоли ошиб бормоқда. Трамп – яна асосий номзод. Яқинда бўлиб ўтган Конгрессга сайловларда республикачилар ташаббусга эришиб, Вакиллар палатаси раислигига эришди. Трампчилар Украинага ишонишмайди, уни молиялашда катта шартлар қўйишади. Шу пайтга қадар, республикачилар икки марта Украинага берилиши керак бўлган молиявий ёрдамларни тўхтатиб қўйишди.

Учинчидан, Европада ултра-ўнглар, экстремал миллатчилар ҳокимиятга келишда давом этмоқда. Мисол учун, Нидерландияда Герд Вилдерснинг партияси жиддий ғалабага эришди. Нидерландия Украинага F-16 русумли қирувчи самолётларни етказиб беришга ваъда берган эди. Энди бу ваъда бажарилиши шубҳа остида. Чунки бу қарорни парламент тасдиқлаши шарт. Герт Вилдерс ва унинг партияси эса Украинага бу қирувчи самолётларнинг берилишига қарши.

Тўртинчи ва асосий омил – бу Украинанинг Россияга қарши қарши ҳужум операцияси барбод бўлганида. Қарши ҳужум шу йилнинг баҳорида бошланиши керак эди, лекин ёзнинг ўрталарига борибгина бошланди. Асосий сабаб – коллектив ғарб давлатлари Украина сўраган қурол-аслаҳаларни жуда кеч етказиб берди. Қиш чиқиши ва кунлар илиши билан Россия босиб олинган ҳудудларда ҳандақлар қазиш, миналаштириш ишларини жуда пухта амалга оширди. Шунинг учун Украина қарши ҳужум орқали сезиларли муваффақиятга эриша олмади.

АҚШ экспертлари бу муваффақиятсизликда Украинани айблайди. Украина сиёсатчилари эса, АҚШ ва ғарб давлатларини айблайди. Жумладан, Зеленский атрофидаги сиёсатчиларнинг хорижий ОАВдаги интервюларида “ғарб Украинанинг тезда ғалаба қозонишини истамайди” деган қараш ошиб борди.

Ҳақиқатда ҳам, АҚШнинг Украинага ёрдами “вазминлик”, “босқичма-босқичлик” тамойиллари асосига қурилган. Чунки агар ғарб давлатлари, энг аввало АҚШ Украинага тез, кўп ва сифатли қуроллар берадиган бўлса, бу Россиянинг тезда енгилишига, натижада Россия томонидан глобал эскалацияга, кутилмаган глобал провокацияларга сабаб бўлиши мумкин деган қараш ўсиб бормоқда.

Украинанинг қарши ҳужум операцияси муваффақиятга учрамагани, АҚШ ва ғарб давлатларининг эътибори Яқин Шарққа қаратилгани боис, бугун Москвада яна кўтаринки кайфият. Путин “Биз Украина билан музокараларга тайёрмиз, лекин музокараларда янги ҳудудий реаллик инобатга олиниши шарт” дейди. Яъни Путин, босиб олинган 20 фоизга яқин Украина ҳудудини олиб қолмоқчи.

Ғарб экспертларида ҳам, Украина урушининг мақсад-вазифалари борасидаги тасаввурлар ўзгармоқда. Уларга кўра, уруш орқали йўқотилган украин ҳудудларини қайтариб олиш – имконсиз, тарихий ғалабага эришиши учун эса Украина давлат сифатида сақланиб қолиши керак. Нафақат сақланиб қолиши, балки ривожланиш кўрсатиши, йўқотилган ҳудудларсиз бўлса-да, Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиши керак. Украинани қўллаб-қувватловчи экспертлар “пост-Путин даврини кутиш керак, ана шундагина йўқотилган ҳудудларни сиёсий келишувлар орқали қайтариб олиш мумкин бўлар, бугун бу имконсиз”, дейишади.

Украина уруши Марказий Осиё тақдири учун ҳам жуда муҳим. Пост-совет ҳудудидаги энг йирик ва тажовузкор бўлган давлатнинг ўз атрофидаги нисбатан кичик ва заиф давлатларга ҳужум қилиши – хавотирли ҳолат. Лекин айнан Россия-Украина уруши сабаб, Москванинг постсовет давлатларига таъсири сўнди, унинг обрўйи кескин пасайди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё