Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев «Остона клуби»нинг еттинчи йиғилишида дунё ядровий фалокатга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ эканини айтди.
«Бундай регрессия мени хавотирга солмоқда, чунки мамлакатимиз ядровий қуролсизланиш ишига катта ҳисса қўшган. Глобал миқёсда сиёсий иродасиз бу соҳада сезиларли ютуқларга эришиш деярли мумкин эмас. Айнан шунинг учун ҳам 2019 йил ноябр ойида «Остона клуби»нинг бешинчи йиғилишида мен ядровий хавфсизлик ва ядровий қуролдан холи дунё учун Глобал Лидерлар Альянси тузишни таклиф қилган эдим», деди Назарбоев.
Унинг фикрича, глобал можародан қочишнинг ягона йўли – мулоқот ўрнатиш. Сўнгги тарихий тажриба шуни кўрсатадики, муроса излаш ўта оғир вазиятларда ҳам ечим топиш имконини беради, деб ҳисоблайди Назарбоев.
Мисол тариқасида у Россия ва Туркия ўртасидаги «самолёт инқирози»ни (Россиянинг Су-24 самолёти 2015 йил ноябрида турк ракетаси билан уриб туширилди, президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳодиса учун узр сўради, шундан сўнг Москва ва Анқара икки томонлама муносабатларни ҳал қилишга келишиб олди), шунингдек, Сурия бўйича музокаралар жараёнини («Остона платформаси», 2023 йилда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги барча мақсадларга эришилганини эълон қилди) келтирди.
Шунингдек, у 2019 йилнинг март ойида Қозоғистон раҳбари лавозимидан ўз ихтиёри билан истеъфога чиққанини ва ҳозир ҳеч қандай лавозимда ишламаслигини эслатди.
«Аммо мен бутун умрини ватанига хизмат қилишга бағишлаган, воқеалар марказида бўлган инсон сифатида фарзандларимиз, набираларимиз яшаётган дунёнинг аҳволи ва келажаги ҳақида доимо фикр юритаман. Умуман олганда, ишончим комилки, агар биз глобал можародан қочишни истасак, жаҳон сиёсатида мулоқот ўрнатишнинг муқобили йўқ», деди собиқ президент.
«Остона клуби» кенг халқаро миқёсда мунозара майдончаси бўлиб, унда сиёсий етакчилар ва экспертлар Евроосиё минтақасини ривожлантиришнинг асосий масалаларини муҳокама қиладилар. Унинг биринчи йиғилиши 2015 йилда бўлиб ўтган.
СССР парчаланганидан сўнг, Қозоғистон ядро қуроллари сони бўйича дунёда 4-ўринга чиқиб олди. Бироқ АҚШ президенти Билл Клинтон ва Нурсултон Назарбоев ўртасида имзоланган келишув натижасида ихтиёрий равишда ядро қуролидан воз кечди. 1994 йилда Қозоғистон ўз ядро қуролларини 1992 йилда имзоланган Лиссабон протоколига мувофиқ Россияга топширди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг