date
views 249

ҲАМАС раҳбари ўринбосари ал-Арурийнинг ўлими ташкилот фаолиятига қандай таъсир кўрсатади?

ҲАМАС раҳбари ўринбосари ал-Арурийнинг ўлими ташкилот фаолиятига қандай таъсир кўрсатади?
Фото: Getty Images
Пайшанба куни Байрутда ҲАМАС раҳбари ўринбосари Солиҳ ал-Арурий дафн этилди, у сешанба куни Ливан пойтахти чеккасида рўй берган кучли портлаш қурбонига айланганди. Гуруҳнинг яна олти аъзоси у билан бирга ҳалок бўлган. Амалда Ливанни назорат қилувчи «Ҳизбуллоҳ» портлаш учун Исроилни айблади ва жавоб ҳаракатлари билан таҳдид қилди.

Ал-Арурийнинг ҳалокатидан кейин дунё яна Яқин Шарқда йирик минтақавий уруш хавфи ҳақида гапира бошлади.

Исроил ҲАМАС тузилмасидаги муҳим шахслардан бирининг йўқ қилинишига алоқадорлигини тасдиқламади ҳам, инкор ҳам этмади, аммо Ливан ҳукуматидагилар бунинг ортида Исроил махсус хизматлари турганига шубҳа қилмаяпти.

Қатор ҳарбий экспертларга кўра, бундай кўламдаги фигурани фақат профессионаллар тузоққа тушириши мумкин ва ал-Арурийнинг ўлдирилиши ортида ким турганидан қатъи назар, ҲАМАС катта зарар кўрди.

Жиддий йўқотиш

ҲАМАС Солиҳ ал-Арурий қиёфасида асосий ҳарбий стратегларидан бирини йўқотди.

У Ғазо сектори ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларидаги ҲАМАС тузилмалари ўртасида пул оқимлари ва қурол-яроғларни тақсимлашда фаол иштирок этган.

Унинг раҳбарлиги остида гуруҳ Исроилга қарши кураш олиб боришни кўзлаган Эрон ва эронпараст тузилмалар тармоғига янада яқинлашди.

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, ал-Арурий амалда ҲАМАСнинг Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»даги вакили ҳисобланган.

«У энг юқори даражада сиёсий алоқаларни ўрнатишни биларди ва шу билан бирга дала қўмондони сифатида ҳам катта обрў қозонганди», - дейди Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг минтақавий хавфсизлик бўйича эксперти Эмили Ҳокайм.

Унинг фикрича, ал-Арурийнинг ўлими ҲАМАСни Ғазо сектори ичкарисида ҳам, хорижда ҳам кучсизлантириши муқаррар.

Британия Қироллик халқаро муносабатлар институти Чатем Ҳаус раҳбари Бронвен Мэддокс 16 йил муқаддам ал-Арурий унга ҲАМАС стратегиясини қандай тушунтирганини эсга олган.

«Бизнинг вазифамиз — фаластинликларнинг радикал кайфиятини қўллаб-қувватлаш — деган ал-Арурий. — Уларнинг кўпчилиги тинч яшашга имкон берадиган тинчлик келишуви тузилишига рози. Биз эса шундай қилишимиз керакки, улар ғазаб отига минсин».

ҲАМАС Исроилни йўқ қилишдек мақсадидан чекиниши эҳтимоли бўйича саволга жавобан ал-Арурий ташкилот алал-оқибат ғалаба қозонишини айтган. «Биз кейинги 1000 йиллик учун режалар қилиб қўйганмиз», — деган у.

ҲАМАСдагилар Ғазодаги сўнгги уруш туфайли пароканда бўлган гуруҳнинг ҳарбий салоҳиятини қайта тиклашда ал-Арурий муҳим рол ўйнаши керак бўлганини яширмайди.

Хусусан, ҳаракат аъзолари эндиликда ракеталарни ўз кучи билан ишлаб чиқариш имкониятидан маҳрум бўлган ва ўз вакиллари орқали хорижий ҳамкорлардан ёрдам сўрашга мажбур бўлмоқда.

Аммо Байрутдаги портлашдан сўнг ҲАМАС Ливан ҳудудида олдинги каби эркин ҳаракатлана олмайди. Ва унинг бошқа мамлакатлардаги юқори мартабали вакиллари ҳам катта хавф остида қолганини англаб турибди.

Вақтинча қийинчиликми?

Шу билан бирга, кўплаб таҳлилчиларнинг қайд этишича, ҲАМАС бундай муаммога биринчи бор дуч келаётгани йўқ. Аввал ҳам бир неча бор унинг юқори мартабали етакчилари ва муҳим стратеглари суиқасд қурбонига айланган, лекин бу гуруҳга вақт ўтиб ўз кучларини оширишга тўсқинлик қилмаган.

2007 йилдан буён Ғазо секторини бошқараётган ҲАМАС ўз таъсирини нисбатан мўътадил кайфиятда бўлган ФАТҲ назоратидаги Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилига ҳам ёймоқда.

ҲАМАСнинг ҳарбийлашган қаноти кўп йиллардан буён Исроил ҳудудларини ракеталар билан ўққа тутиб келади ва бунинг учун доим восита ва ресурсларга эга бўлган. Сиёсий қанот эса бутун Яқин Шарқ бўйлаб ўз ячейкалари тармоғини ташкил этишга эришган.

Ташкилотнинг пропаганда бўлими Яқин Шарқ можароси бўйича ўз нуқтайи назарини кўплаб халқаро сиёсатчилар ва журналистларга сингдиришга муваффақ бўлган, дея қайд этади таҳлилчилар.

Улардан айримларининг фикрича, раҳбарият аъзолари орасидаги тез-тез рўй берадиган ўлим ҳолатлари гуруҳни янада мослашувчан қилиб қўйган.

Тунис Университети вакили бўлган эксперт Имад Алсуснинг фикрича, ҲАМАС ичидаги етакчилар кўпинча шахсий харизмаси ёки эътиқоди каби фазилатларига қараб эмас (бу етакчиларнинг ўрнини босиш қийин бўлган бўларди), балки ташкилотга аъзолик муддати ва хизматларига қараб танланади.

«ҲАМАСда ҳар доим маълум бир иерархия мавжуд ва алмаштириш муаммосиз кечади. У ерда ҳокимиятга келиш шахсият билан белгиланмайди», - деб ҳисоблайди Алсус.

Экспертлар Солиҳ ал-Арурийнинг ўлими ҲАМАС учун бугунги кундаги кучлар мувозанатини ўзгартириши, аммо гуруҳнинг узоқ муддатдаги истиқболдаги ҳаётийлигига таъсир кўрсатмаслиги борасида якдил фикрда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ҲАМАС раҳбари ўринбосари ал-Арурийнинг ўлими ташкилот фаолиятига қандай таъсир кўрсатади?