00:30 / 13.01.2024
131

Ҳаага суди Исроилнинг фаластинликларга қарши геноциди бўйича даъвони кўриб чиқишни бошлади

Ҳаага суди Исроилнинг фаластинликларга қарши геноциди бўйича даъвони кўриб чиқишни бошлади
Ali Jadallah / Anadolu / Getty Images

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Ғазо секторида фаластинликларга қарши геноцидда айбланган Исроилга қарши даъвони кўриб чиқишни бошлади. Иш бўйича якуний қарор қабул қилингунича йиллар кетиши мумкин, аммо шу билан биргаликда суд вақтинча чора сифатида Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Агар шундай бўлса, Исроил эса бунга риоя қилмаса, бунинг оқибатлари обрўси тўкилиши ва сиёсий босимдан тортиб учинчи давлатларнинг санкциялари ҳамда БМТ резолюциясигача бўлиши мумкин. Ҳуқуқшунослар буни мисли кўрилмаган иш деб аташмоқда — яҳудийлар давлати тарихда илк бор холокост даврида яҳудийлар ёппасига қириб ташланганидан кейин қабул қилинган конвенция доирасида суд қилинмоқда.

ЖАРнинг Исроилга қарши даъвоси 2023 йил декабр ойи охирида берилганди. 84-саҳифалик ҳужжатда айтилишича, Исроилнинг Ғазо секторидаги «ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги геноцид характерига эга, чунки бу Ғазодаги фаластинликларнинг катта қисмини миллий, ирқий ва этник гуруҳ сифатида йўқ қилиш мақсадида амалга оширилмоқда».

Исроил айбловларни рад этмоқда ва ҲАМАСга қарши урушни халқаро ҳуқуқ доирасида олиб бораётганини таъкидламоқда. Исроил ҳукуматининг баёнотида мамлакат ҳарбийларининг ҳаракатлари фақат ҲАМАС террорчи ташкилоти ҳамда у билан ҳамкорлик қилувчи  бошқа гуруҳларга қарши қаратилган.

Мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ЖАР ҳукуматининг даъвосига жавобан Исроил ҲАМАС билан урушда ўзини «бемисл даражада одобли тутаётгани»ни билдирган. «Йўқ, ЖАР, геноцид қилаётган биз эмас, бу ҲАМАСдир. Ва улар қўлидан келса бизнинг барчамизни ўлдирган бўларди. ЦАҲАЛ эса, аксинча, имкон қадар одоб-ахлоқ доирасида ҳаракат қилмоқда», — деган Исроил бош вазири вазирлар кабинетининг 31 декабр кунги йиғилишида.

Исроил президенти Ицҳак Ҳерцог эса Жанубий Африка республикасининг даъволаридан кўра «шафқатсиз ва  тутуруқсиз» нарса йўқлигини таъкидлаган. У ҲАМАС очиқчасига яҳудий халқининг ягона давлати бўлмиш Исроилни йўқ қилишга чақиришини эслатиб ўтган.

Қўшма Штатларда ҳам ЖАРнинг Исроилга қарши айбловларига қўшилишмаяпти. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби 3 январ куни уларни «асосланмаган, самарасиз ва мутлақо асосларга эга бўлмаган» деб атаганди. Кейинроқ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам тахминан шу сўзларни такрорлади.

Фото: 11 январ кунги суд мажлисидан лавҳалар.

Суд мажлисининг биринчи кунида ЖАР Ғазодаги амалиётни тўхтатишни талаб қилди. Исроил ҲАМАСнинг жиноятларини эслатди

Ишни кўриб чиқиш учун Халқаро жиноий суднинг 15 судядан иборат ҳайъати 17 кишига оширилди. Икки давлат ҳам қўшимча судяларини тайинлади: Исроил — мамлакат Олий судининг собиқ раиси, болалигида нацистлар томонидан босиб олинган Литвадан қочган, айни вақтда 87 ёшда бўлган Аарон Баракни, ЖАР эса Конституцион суди раисининг собиқ ўринбосари Дикганга Мосенекени.

11 январ куни Ҳаагада эшитувларнинг биринчи куни бўлиб ўтди, унда ЖАР вакиллари ўз аргументларини тақдим этди. Республика вакили талаб қилинаётган вақтинчалик чоралар сифатида қуйидагиларни санаб ўтди: Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиётини тўхтатиш, фаластинликларни ўз уйларидан кўчириб юборишни бас қилиш ва уларнинг озиқ-овқат, ичимлик сув, соғлиқни сақлаш ҳамда асосий инфратузилмалардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, шунингдек геноциднинг олдини олиш учун «барча оқилона чораларни кўриш».

«Жанубий Африка Исроил давлатининг геноцид ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги муқаррар равишда 1948 йилдан бери Фаластин халқига қарши содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг бир қисми эканлигини тан олади», деди Жанубий Африка делегацияси ҳамраиси Вусимузи Мадонсела.

Исроил ташқи ишлар вазирлиги спикери Лиор Хайят бунга жавобан ЖАР вакиллари ҲАМАС террорчилари тинч аҳоли вакилларини шунчаки исроиллик бўлгани учунгина ўлдиргани фактини эътиборсиз қолдириш орқали ҳақиқатни бутунлай бузиб кўрсатганини айтган. «Бугун биз қатор ёлғон ва асоссиз даъволар билан шиширилган, тарихдаги энг катта иккиюзламачиликлардан бирининг гувоҳига айланди», — дея ёзган Хайят.

Иккинчи эшитув 12 январга белгиланган. Исроил судда ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаракатланаётгани, ҳарбий амалиёт нишони фаластинликлар эмас, балки ҲАМАС жангарилари экани ва бу ҳаракатлар халқаро ҳуқуққа мос келишини исботламоқчи.

Иш, катта эҳтимол билан, йилларга чўзилади. Аммо суд ҳозир ҳам урушни тўхтатишни талаб қилиши мумкин

CNN билан суҳбатлашган экспертлар геноцид — давлатга қарши қўйилиши мумкин бўлган энг жиддий халқаро ҳуқуқий айблов эканини таъкидлашган. Улар ЖАРнинг даъвоси бўйича ишни прецеденти йўқ деб атаб, бу яҳудийлар давлати БМТнинг холокост вақтида яҳудийлар оммавий қирғин қилиниши каби ҳолатлар келгусида такрорланишининг олдини олиш мақсадида 1948 йилда қабул қилинган Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция бўйича илк бор судланишини қайд этишган.

Экспертлар Исроил судга келишдан бош тортиши имконсиз  бўлгани, чунки бу давлат ҳам геноцид тўғрисидаги конвенцияни имзолаганини эслатишган. «Бундан ташқари, геноцид — жиддий айблов ва давлатлар одатда ўзининг ҳақлигини исботлашни истайди», — деган телеканалга берган изоҳида Тел-Авив университети халқаро ҳуқуқ профессори Элиав Либлих.

У даъво нега айнан ЖАР томонидан илгари сурилгани ҳақида фикр юритар экан, бу ушбу мамлакатнинг АҚШнинг халқаро аренадаги устунлигига қарши курашиш сиёсатининг бир қисми эканини тахмин қилган. Эксперт ЖАРнинг Халқаро жиноий суд билан муносабатлари яхши эмаслигини қўшимча қилган — аввалроқ ушбу мамлакат Ҳаага суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берганини танқид қилган, 2015 йилда эса ўз ҳудудида бўлган Судан президенти Умар ал-Баширни ҳибсга олишни истамаганди.

Экспертлар фикрича, ушбу иш натижаси юридик жиҳатдан ўрганилмаган ҳудудда. Халқаро жиноий суд шу вақтга қадар бирор марта қайсидир давлатни геноцидда айбламаган. CNN нашри ёзишича, геноцидни исботлаш учун йиллар талаб этилиши мумкин (бу ҳолда суд қарори якуний бўлади ва унинг устидан апелляция бериб бўлмайди). Аммо суд ЖАР сўраётганидек вақтинча чораларни қабул қилиш ҳуқуқига эга — хусусан, Ғазода ҳарбий ҳаракатларни тақиқлаш ҳақидаги — ва бу, анча эртароқ рўй бериши мумкин.

Ҳаагада Босния ва Ҳерцеговинанинг Сербия ва Черногорияга қарши ишда геноцид тўғрисидаги конвенция доирасида икки даъвони ютиб чиққан америкалик ҳуқуқшунос Фрэнсис Бойлнинг фикрича, ЖАР вақтинчалик чора қабул қилинишига эришиш учун барча имкониятларга эга. Унинг ҳисоблашича, биринчи тингловлардан кейинги ҳафта давомидаёқ Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларга тақиқ қўйилиши мумкин.

Исроил суд талабига бўйсунмаслиги ҳам мумкин. Ва бу унинг учун жиддий оқибатларга олиб келиши даргумон

Ғазодаги амалиётни тўхтатиш талаб қилинса, Исроил қандай йўл тутиши — номаълум. Тел-Авив университети профессори Элиав Либлих CNN билан суҳбатда мамлакат бундай ҳолатда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишига шубҳа билдирган ва судяларнинг легитимлигини танқид қилишини тахмин қилган — айниқса, уларнинг айримлари Исроилни тан олмайдиган мамлакатлардан бўлгани ҳисобга олинса.

Шу билан бирга, агар суд Ғазода ҳарбий амалиётларни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилса, бу назарий жиҳатдан нафақат Исроил, балки унинг иттифоқчилари учун маълум оқибатларга эга бўлади. Фрэнсис Бойлнинг ҳисоблашича, агар суд Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилса, назарий жиҳатдан, Жо Байденнинг маъмурияти геноцид тўғрисидаги конвенциянинг ҳамкорлик учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаларидан бири бўйича қораланиши мумкин.

Исроил суд қарорини эътиборсиз қолдирган тақдирда ҳам, БМТ конвенциясини имзолаган бошқа давлатлар унга риоя этишга мажбурлигича қолади — ва шу тариқа, Исроилга ҳар қандай ёрдам қоидабузарлик сифатида қаралади, дея қайд этади британиялик ҳуқуқшунос ҳамда халқаро суд бўйича эксперт Дэниел Маҳовер.

Шу билан бирга, Халқаро жиноий суд ўз талаблари бажарилишини кафолатлай олмайди, дея ёзади CNN. Нашр 2022 йил мартида Халқаро жиноий суд вақтинчалик чора сифатида Россиядан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилганини эслатган. Амалда эса Россия ва Украина ўртасидаги уруш учинчи йилдирки давом этмоқда.

Шундай қилиб, амалдаги оқибатлар давлат нуфузига зарар етиши ва сиёсий босимдан тортиб учинчи давлатларнинг санкциялари ва бошқа чоралари — ёки БМТ резолюциясигача бўлиши мумкин. The Guardian нашри Исроил суд шундай қарор чиқарган тақдирда уни игнор қилиши мумкинлиги, аммо бу унга халқаро босимни оширишини қайд этган. Associated Press агентлиги қўшимча қилишича, Исроил суд қарорини бажаришдан бош тортган тақдирда БМТ санкцияларига дучор бўлиши мумкин — аммо АҚШ уларга вето қўйиши ҳам мумкин.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё